Тез тиббий ёрдам хизмати такомиллаштирилади

Аҳоли саломатлигини ишончли муҳофаза қилиш, тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар самарасини ошириш давлатимизнинг доимий эътибор марказида бўлиб келмоқда. Аммо, шуни таъкидлаш керакки, соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, тез тиббий ёрдам кўрсатиш соҳасида қўйилган вазифаларни тўлиқ бажаришга тўсқинлик қилаётган бир қатор тизимли муаммолар ва камчиликлар сақланиб қолаётганлиги қайд этиш жоиз.

Масалан, Республикада тез тиббий ёрдам хизматини бошқаришнинг автоматлаштирилган тизимини яратиш юзасидан қабул қилинган бир нечта қарорларнинг натижалари бугунги кунга қадар сезилмаяпти. Тез тиббий ёрдам чақирувларини қабул қилиш ва уларга хизмат кўрсатиш эскича, қўл механизмлари ёрдамида бажарилмоқда. Тез тиббий ёрдам кўрсатиш вақтида беморларнинг касалхонага етиб боргунга қадар вафот этиши кўпайиб бормоқда. Мурожаатларни саралашнинг амалдаги тартиби мавжуд куч ва воситаларни энг муҳим чақирувларга хизмат кўрсатиш учун йўналтириш имконини бермайди. Натижада ёлғон чақирувлар сони ошмоқда ёки сурункали касалликлари авж олган, бироқ, ҳаёти хавф остида бўлмаган беморларга хизмат кўрсатилмоқда. Ажратилаётган бюджет маблағлари эса сифатли тез тиббий ёрдам кўрсатиш ва унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш имконини бермаяпти.

Президентимиз томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикасида тез тиббий ёрдам хизматини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори юқоридаги муаммоларнинг ўз ечимини топишида хизмат қилади. Хусусан, шошилинч ёрдамга муҳтож ҳар бир кишига юқори сифатли тиббий хизматларни ўз вақтида кўрсатиш тез тиббий ёрдам хизматининг устувор вазифаси деб ҳисобланади. Тез тиббий ёрдам хизматини ривожлантиришга амалий кўмаклашиш ва унинг моддий-техника базасини яхшилаш учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Тез тиббий ёрдамни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади.

Жамғарма томонидан қуйидаги ишлар амалга оширилади: Тез тиббий ёрдам хизматининг махсус автотранспортини харид қилиш ва транспорт паркини ўз вақтида янгилаш, шунингдек, уларни замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозлаш, эҳтиёт қисмлар ва сарфланадиган материалларни харид қилади. Тез тиббий ёрдам хизматининг ходимларини ўқитиш, малакасини ошириш ва амалиёт ўташини, шу жумладан, хорижий давлатларнинг илмий-тадқиқот, таълим ва бошқа муассасаларида амалиёт ўташини ташкиллаштиради.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича махсус автотранспорт воситалари ва уларнинг эҳтиёт қисмлари, тиббиёт ускуналари ва сарфланадиган материаллар, компьютер техникаси, алоқа воситалари, техник ўқитиш воситалари, адабиётлар ва тез тиббий ёрдам хизматига зарур бошқа моддий-техника ресурслар учун 2022 йил 1 январгача бўлган муддатда божхона тўловларидан озод этилади (божхона йиғимлари бундан мустасно).

Яна ўқинг:  Дислексия касаллик эмас, аммо бу ҳолатга жиддий эътибор бериш лозим

Шунингдек, вазирликнинг Шошилинч тиббий ёрдам ўқув маркази Республика шошилинч тиббий ёрдам ўқув-машғулот маркази сифатида қайта ташкил этилади. Марказ тиббиёт ходимлари етиб келгунига қадар ёрдам кўрсатиш соҳасида кадрларни ўқитиш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича базавий методик муассаса ҳисобланади. Тез тиббий ёрдам хизмати фаолиятининг самарадорлиги мунтазам баҳолаб борилади ва Вазирликнинг веб-сайтида эълон қилинади. Умид қиламизки, мазкур қарор тизимда катта ислоҳотлар амалга оширилишини таъмиинлайди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: