ТАЪЛИМ ЖАРАЁНИ ИННОВАЦИОН ТЕХНОЛОГИЯЛАР АСОСИДА

Янги ўқув йили арафасида яна бир юксак эътирофни ўқиб ҳурсанд бўлдик. Франциянинг “Insead” халқаро бизнес мактаби ва Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (ЖИМТ) томонидан тайёрланиб, 2012 йил 3 июлда эълон қилинган “2012 йилдаги инновацияларнинг глобал индекси” деб номланган таҳлилий маърузада таълим соҳасидаги инновациялар кўрсатгичи бўйича Ўзбекистон иккинчи ўринни эгаллади.

Жаҳоннинг 141 та мамлакатини қамраб олган тадқиқотнинг рейтинглар рўйхатида 75,70 балл билан Ирландия биринчи ўриндан жой олган. Мамлакатимиз эса 75,38 балл билан кейинги ўринни банд этган. Дания, Янги Зеландия, Исландия, Бельгия сингари дунёнинг ривожланган мамлакатлари ушбу рейтингнинг кейинги сафларида туришибди.

Шу муносабат билан пойтахтимиздаги 205- ҳамда 223-мактабларда педагогик инновациялар борасида олиб борилаётган ишлар ҳамда янги ўқув йили режалари билан танишдик.

ЎҚИТУВЧИ ИБРАТ БЎЛСИН

Насиба Ҳайитметова, Тошкент шаҳридаги 205-мактаб директори:

— Мактабимизда 41 нафар педагог 600 нафардан зиёд ўғил-қизларга билим бериб келишмоқда. Мустақиллик йилларида илм-маърифатга, интеллектуал тараққиётга интилиш, ёшларимизни айнан шу руҳда тарбиялаш масаласи устувор вазифалардан бирига айланган. Шу боис бизнинг мактабимизда ҳам йилдан-йилга ўқувчиларнинг янада пухта билим олишларини таъминлаш мақсадида замонавий илғор педагогик технологиялар асосида дарс ўтилишига алоҳида шарт-шароитлар яратилмоқда. Ўтган ўқув йилида информатика хонаси тўлиқ таъмирдан чиқарилди ва замонавий компьютерлар билан жиҳозланди. Компьютер синфларида масофавий ўқитиш йўлга қўйилди. 2-9-синф ўқувчиларига мўлжалланган биология, физика, она тили, кимё фанлари бўйича ўзбек ва рус синфлари учун 40 та электрон дарсликлар компьютерга жойлаштирилди. Масалан, “Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари бўйлаб виртуал саёҳат” 3D лавҳаларидан тарих дарсларида интерфаол усулдан фойдаланилади. Физика ўқитувчиси Ольга Рукавищенкова, “Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари” фани ўқитувчиси Маҳбуба Абдухолиқова, биология фани ўқитувчиси Дилором Содиқоваларнинг мультимедия асосида ўтаётган дарслари ўқувчиларнинг шу фанларга бўлган қизиқишларини янада оширмоқда.

Шунингдек, болаларни жисмонан соғлом, маънан баркамол бўлиб вояга етишларини таъминлаш мақсадида спортнинг турли йўналишлари учун зарур шароитлар яратилган. Мактабнинг спорт зали қайта таъмирланиб, керакли спорт анжомлари билан жиҳозланди.

Бугунги педагогдан ҳар қачонгидан-да пухта билим, замонавий технологиядан хабардорлик ва албатта ўқувчиларга бугун нимани ўргатаман, деган саволга жавоб берадиган дарс режаси талаб этилади. Мен педагог-кадрларнинг кундалик дарс режаларини назорат қилишдан эринмайман. Ҳар бир ўқитувчини “Дарс муқаддас” йўлланмаси билан танишиб чиқишини талаб қиламан. Чунки, тикувчи тиккан кўйлагининг хатосини тўғрилай олади, аммо ўқитувчи хатога йўл қўйса, билими саёз кадрлар кўпаяди. Демак, миллат кўзгуси — фарзандлар келажаги бизнинг қўлимизда эканини бир дақиқа бўлса-да эсдан чиқармаслигимиз лозим. Ўтган ўқув йилида мактабимизни 70 нафар ўғил-қиз тамомлаган бўлса, шуларнинг 24 нафари академик лицейларга, 46 нафари касб-ҳунар коллежларига тўлиқ жойлашдилар. Бу ҳам ишимизнинг самарасидир.

Яна ўқинг:  ГЎЗАЛЛИК “ДАРСХОНАСИ”

Наргиза Нигматова, бошланғич синф ўқитувчиси: — Бу йилги ўқувчиларимиз анча зеҳнли. Ёзги таътил даврида ҳам ота-оналарнинг илтимоси билан болаларни мактабга тайёрладик. “Билимлар куни”да биз ўқувчилар билан Мустақиллик йилларида Президентимиз раҳнамолигида юртимизда қурилган янги иншоотлар, болаларнинг билим олишлари, ўз иқтидорини намоён этишлари учун яратилган шароитлар ҳақида суҳбатлашдик. Президент совғасини қўлига олган ўқувчиларнинг кўзларидаги бахтиёрликни сўз билан таърифлаш қийин. Ўқувчиларимиз орасида Нурбону Идрисова, Мафтуна Абдумавлоновалар гимнастика билан шуғулланишар экан. Балки келажакда улардан чемпионлар етишиб чиқар.

Раиса Армасова, инглиз тили ўқитувчиси, Саломат Бобоназарова, математика фани ўқитувчиси:

— Бу йилги ўқув йилида ўз ишимизга янада масъулият билан ёндошмоқдамиз. Боиси мамлакатимиз юксалиш босқичида экан, ҳар бир касб эгасига йилдан-йилга талаб юксалиб бораверади. Биз педагогларда эса келажак авлод тарбияси ва баркамоллиги учун жавобгарлик масъулияти янада ошади.

Келажак бизникидир

9-синф ўқувчиси Азиза Бегжанова келажакда Тошкент Вестминстр университетига ўқишга кириш нияти борлигини айтганида ҳозирги кўпчилик ёшларнинг ўқишга қизиқиши юксаклигидан қалбимиз хушнуд бўлди.

— Ёзги таътил даврида оиламиз билан ўтказган мазмунли ҳордиқдан сўнг инглиз тили ҳамда математика фанларидан қўшимча таълим олдим. Мактабимизда кўпчилик фанларни янги инновацион технологиялар асосида ўтилиши биз учун ниҳоятда қизиқарли. Чунки ўтилаётган мавзуга бағишланган фильмлар намойиши бизда катта таъссурот қолдириш билан бирга фанга бўлган қизиқишимизни ҳам орттиради,— дейди у.

Донохон Жобборова бадиий китобларни ўқишни яхши кўрар экан. — Чунки ҳаёт, одамийлик ҳақидаги билимларни китоблардан ўрганамиз. Таътил даврида Л.Толстойнинг “Уруш ва тинчлик” асарини ўқиб чиқдим ва ҳозирги тинчлик давримизни қадрига етишимиз, биз учун яратилган барча шароитлардан оқилона фойдаланиб, фақат аъло баҳоларга ўқишимиз кераклигини, келажакда ҳаётда ўз ўрнимизни топишимизда буларнинг барчаси асқотишини яна бир бор қалбимдан ҳис қилдим, — дейди у.

Жавлон Холмуҳаммедов келажакда алоқачи бўлишни ният қилибди.

— Бунинг учун барча фанлардан айниқса математикадан чуқур билимга эга бўлиш талаб қилинади. Йигит киши юрт, оила таянчи. Биринчи навбатда соғлом киши ҳар бир ишга қодир бўлади. Шуни яхши англагани учун у ўз саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида спортнинг сузиш тури билан шуғулланар экан. Жавлон бу йилги ўқув йилида ўтган йилги хатоларини такрорламаслиги, кўпроқ вақтини билим олишга бағишлашини айтди.

Яна ўқинг:  Инсон ҳаётига таҳдид соладиган хасталик

Бизга Ҳавас Қилганлар кЎп,

— дейди 223-умумтаълим мактаб директори Минникамол Алтынбекова.

— Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан “Таълим тўғрисида”ги Қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастури қабул қилинди. Ушбу хужжатларда кўзда тутилган мақсад ва вазифаларни биз ўз ишимизга изчиллик билан тадбиқ этиб, келажагимиз бўлган ёшларнинг чуқур билим эгаллашлари йўлида ўз ҳиссамизни қўшиб келмоқдамиз. Мактабимизда ўқувчиларга беш йилдан бери инглиз тилидан чуқурлаштирилган билим берилади. Бу йилги ўқув йилида илк қалдирғочларимизни учирма қиламиз.

Мактабимиз 2007 йилда капитал таъмирдан чиқарилди. Шу йили информатика фани хонаси замонавий техникалар билан жиҳозланди. Ўқувчиларимиз бундан унумли фойдаланиб, интернет орқали керакли қўшимча маъмумотларни оладиган бўлишди. Кўпчилик педагоглар ўз фанини янги инновацион технологиялар ёрдамида ўтишмоқда. Натижада ўқувчиларнинг ўзлаштириш самарадорлиги ошмоқда.

Янги ўқув йилида мактаб васийлик кенгаши аъзолари бўлган ота-оналар қишги мавсумга тайёргарлик ишларида яъни томни ва спорт залини таъмирлашга ёрдам беришди. Бу йилги ўқув йилида педагог-кадрларимиз номидан ўқувчиларимизни ҳар қачонгидан-да чуқур билим олишлари учун янада масъулият билан меҳнат қилишга шаймиз деб айта оламан.

Аззатжон Каримова, инглиз тили ўқитувчиси: — Педагог сифатида мен ўқувчиларимизни келажакда Олий билим даргоҳларида таълим олиб юртимиз тараққиётига муносиб хиссаларини қўша оладиган мутахассислар бўлиб вояга етишлари учун бор билим ва тажрибаларимни аямайман. Барча мактаблар қатори бизнинг билим масканимизда ҳам илғор педагогик технологиялар проектор ёрдамида слайд орқали ёки ўзимиз тайёрлаган кўргазмали қуроллар ёрдамида дарс ўтишни йўлга қўйганмиз. Ўтган ўқув йилида “Binar” (иккита фанни уйғунлаштирган ҳолда) усулида кимё фани ўқитувчиси билан ҳамкорликда мазкур дарсни инглиз тилида ўтдик. Бу йил ҳам шу тажрибамизни бошқа фанларни ўтишда давом эттириш ниятидамиз. Фаоллиги ва қизиқиши кундан-кунга ошиб бораётган ўқувчиларимизнинг барча саволларига жавоб бериш учун доимо изланишдамиз. Ўқувчиларимиздан Муҳайё Қаюмова 2012 йилда туман мактаблараро ўтказилган “Ораста қизлар” кўрик-танловида 1-ўринни, Улуғбек Жуманиёзов “Келажак овози”, “Янги авлод” кўрик-танловларининг шаҳар босқичида 3-ўринни, Муҳаммадсодиқ Абдураҳмонов “Билимлар беллашуви”нинг Республика босқичида 3-ўринни эгаллади. Улар ўзларининг иқтидори билан мактабимиз фахри ҳисобланадилар.

Дилафрўз Нишонова, 9-А синф ўқувчиси, —Таътил даврида севимли ўзбек адибларимиздан Х.Тўхтабоевнинг “Мунгли кўзлар”, “Беш болали йигитча”, Ўткир Хошимовнинг “Танланган асарлар”, Америка ёзувчиси Стефани Маернинг “Зулмат остонасидаги муҳаббат” асарларини қизиқиш билан ўқиб чиқдим. Одамийлик, яхшилик каби инсоний фазилатларни ўргандим.

Яна ўқинг:  Ёш спортчилар синовларда тобланди

Озода Боймуродова — она:

— Бу йил иккинчи фарзандим Моҳира қизим 1-синфга ўқишга чиқди. Мазкур инглиз тилига чуқурлаштирилган мактабда қизим яхши билим олишига ишонаман. Репетитор ўқишга тайёрлаётиб қизимнинг зукколигини айтганида кўзларимда ёш қалқиди. Биз ота-оналар ўқитувчилар билан ҳамкорликда иш олиб борсак фарзандларимизнинг келажакда соғлом фикрлайдиган, маънавиятли ёшлар бўлиб етишишини таъминлаган бўламиз. Буни ҳар бир ота-она юракдан ҳис этишини ҳоҳлардим.

Ҳа, мактабларда болаларнинг шўх-шодон овози янграмоқда. Билимга чанқоқ бу беғубор қалбларнинг келажагига жавобгарлик ҳиссини қалбига туйган устозлар уларга парвона. Болажонларнинг китоб ўқишга, янги технологияларга бўлган қизиқишининг ортаётгани устозлар меҳнати натижасидир. Ҳар иккала мактаб фаолияти билан танишар эканман, педагоглар билан янги — инновацион технологиялар тажрибасини янада кенгайтириш хусусида фикрлашдик. Чунки бугунги кунда ҳар биримиз учун интеллектуал билим кундалик ҳаёт мазмунига айланар экан, Юртбошимиз айтганларидек, келажак авлодга озод ва обод Ватан қолдиришимиз муқаррар бўлади. Билим масканларида ўтган онларим бугунги кунга шукроналик, келажакка ишонч, ўқитувчидек шарафли касб эгаларига ҳавас ва ҳурмат каби эзгу ҳисларни қалбимга жо этди. Ўша муқаддас остонага яна ва яна қайтгим келди.

Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА,

муаллиф олган суратлар.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: