Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг VIII съезди

2016 йил 19 октябрь куни Тошкент шаҳрида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг VIII съезди бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан сайланган 300 га яқин делегат қатнашди.

Съезд иштирокчилари 2016 йил 4 декабрда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим воқеа эканлиги, унда ЎзЛиДеПнинг фаол иштирок этиши лозимлигини қайд этди.

Анжуман қатнашчилари таъкидлаганидек, мустақиллик йилларида мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида туб ўзгаришлар амалга оширилди. Миллий давлатчилигимизнинг мустаҳкам асослари яратилди. Демократик ҳуқуқий давлат, кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш, бозор иқтисодиёти тамойилларига ўтиш, аҳоли ҳаёт даражасини юксалтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Қонун устуворлиги, кўппартиявийлик, демократик сайловлар мамлакатимиз сиёсий-ижтимоий ҳаётининг ажралмас таркибий қисмига айланди.

Съезд иштирокчилари томонидан юртимизда ҳар томонлама ўзини оқлаган ислоҳотларнинг давомийлигини, Ватанимиздаги тинчлик ва осойишталик, халқимиз фаровонлигини таъминлаш йўлида фаол иш олиб бориш вакиллик органларида энг кўп депутатлик ўринларига эга бўлган етакчи сиёсий куч сифатида ЎзЛиДеП учун бундан буён ҳам асосий мақсад бўлиб қолиши таъкидланди.

Мамлакатимиз тараққиётининг хозирги босқичида ЎзЛиДеПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сифатида мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, ўтган йиллар давомида юртимизда амалга оширилган ривожланиш йўлини янги, юксак босқичга кўтаришга қодир, ислоҳотларнинг туб моҳиятини аниқ биладиган, уларни амалга ошириш жараёнларининг фаол иштирокчиси бўлган, халқ тақдирини ўз тақдири билан чамбарчас боғлаб, доимо эл-юрт ташвиши билан яшайдиган, ташаббускор ва ташкилотчи шахс номзодини илгари суриш зарурлиги алоҳида қайд этилди.

Ана шу ҳолатларни ҳамда съезд делегатларининг чиқишларида ўз аксини топган сайловчилар ва кўп сонли партия электорати вакиллари фикрларини инобатга олган ҳолда, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг съезди бўлажак сайловда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кенг миқёсли ислоҳотларни амалга ошириш, мустақил давлатчилик асосларини барпо этиш ва мустаҳкамлашда, бозор тамойилларига асосланган мутлақо янги иқтисодий тизимни шакллантиришда Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовга узоқ йиллар елкадош бўлиб ишлаган, ўзининг бутун меҳнат фаолиятини Ватанимиз равнақига бағишлаб келаётган инсон, ўзининг амалий фаолияти билан юртдошларимиз орасида ҳақли равишда катта ҳурмат ва обрў-эътибор қозонган, партия Сиёсий Кенгашининг аъзоси Шавкат Миромонович Мирзиёев номзодини кўрсатиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Яна ўқинг:  Ўзбекистонда илк масофавий таълим олийгоҳи пайдо бўлади

Тадбирда ЎзЛиДеП томонидан кўрсатилаётган номзод шу йилнинг 4 декабрида бўлиб ўтадиган сайловда халқимиз томонидан қўллаб-қувватланишига ишонч билдирилди.

Съездда Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига номзод Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастурининг асосий йўналишлари ҳақида маъруза қилди.

Съезд қарорига кўра ЎзЛиДеП қонунда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига партия номзодини рўйхатга олишни сўраб Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига мурожаат этади.

Съездда кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Съезд якунида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун брифинг ташкил этилди.

 

ЎзА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: