Соғлом турмуш тарзи – саломатлик гарови

Мустақиллигимизнинг дастлабки йиллариданоқ юртимизда Президентимиз раҳнамолигида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш давлат сиёсатининг устивор вазифаларидан бири этиб белгиланди.

Миллат генофондини яхшилаш, оилада тиббий маданиятни юксалтириш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ҳамда узоқ умр кўриш даражасини ошириш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, соғлом авлоднинг дунёга келиши, унинг тарбияси учун қулай шарт-шароитлар яратишга доир чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалиётга изчил татбиқ этиб келинмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг “2014–2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлигини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарори ёш авлоднинг маънан ва жисмонан камолотини таъминлашда, аҳоли саломатлигини янада мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Жорий йилнинг айнан “Соғлом она ва бола йили” деб номланишининг таг замирида ҳам айнан шу саъй-ҳаракатларнинг қанчалик кенг қулоч ёзганининг гувоҳи бўламиз.

Паркент тумани “Кумушкон” қишлоқ фуқаролар йиғинида тиббий акциянинг ўтказилишида юқорида таъкидланган мақсадлар муштараклигини кўриш мумкин. “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ташаббуси билан ташкил этилган мазкур акцияда фонднинг Тошкент вилояти ҳудудий филиали кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадаси шифокорлари аҳолига тиббий хизмат кўрсатди.

Тадбирда Президентимиз раҳнамолигида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

– Акцияда ёлғиз кексалар ва ногиронлар, кам таъминланган оила аъзолари тиббий текширувига алоҳида эътибор қаратилди, – дейди “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Тошкент вилояти ҳудудий филиали директори Муҳаббат Йўлдошева. – Беморларга зарур ҳолатларда санитария-гигиена воситалари, дори-дармонлар берилмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди вилоят ҳудудий филиали кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадаси томонидан 130 дан ортиқ маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 200 га яқин оиланинг ижтимоий шароити, улардаги психологик муҳит ва болалар соғлиғи ўрганилган. Бригада шифокорлари 38 та қишлоқ врачлик пункти ва 2 та кўптармоқли марказий поликлиникада бўлиб, аҳолини тиббий кўрикдан ўтказган.

Ташкилотчиларнинг нуронийлар, жисмоний имконияти чекланганлар, ижтимоий муҳофазага муҳтожлар ҳолидан хабар олиши, мурувват ёрдамлари кўрсатиши акция қамровининг кенгайишига хизмат қилмоқда.

Соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган бу каби тадбирлар ёш авлоднинг соғлом ва баркамол бўлиб ўсиши, аҳоли ўртасида тиббий маданиятнинг шаклланиши, турмуш тарзининг юксалишига хизмат қилади.

Яна ўқинг:  Жажжи юлдузларнинг ажиб анжумани

Акция доирасида олимлар, ёзувчилар, санъаткорлар, спортчилар иштирокида “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” деган бош ғояни ўзида жамлаган маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Ватан, истиқлол, тинчлик ва эзгуликни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар янгради.

 

Гулчеҳра ШОМАЛИКОВА,

Паркент агросаноат коллежи ўқитувчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: