“СОҒЛОМ АВЛОД УЧУН” ЖАМҒАРМАСИ ТАШКИЛ ЭТИЛГАНИНИНГ 20 ЙИЛЛИГИГА БАҒИШЛАНГАН “СОҒЛОМ АВЛОД – МИЛЛАТ КЕЛАЖАГИ” МАВЗУСИДАГИ ХАЛҚАРО ИЛМИЙ-АМАЛИЙ КОНФЕРЕНЦИЯ ИШТИРОКЧИЛАРИГА

Қадрли дўстлар!

Ҳурматли конференция иштирокчилари!

Авваламбор, сиз, азизларни – “Соғлом авлод учун” хайрия жамғармаси ташкил этилганининг 20 йиллигига бағишлаб ўтказилаётган халқаро анжуман қатнашчиларини, Жамғарманинг барча ходимлари ва фаолларини бугунги қутлуғ сана билан чин қалбимдан муборакбод этаман.

Мустақил Ўзбекистон тарихида ҳукуматга қарашли бўлмаган биринчи жамғарма сифатида ташкил топган, ноёб ва бетакрор хусусиятлари билан ажралиб турадиган ушбу ижтимоий тузилма ўтган давр мобайнида, ўта муҳим ва масъулиятли вазифаларни амалга оширишда кўпгина ютуқ ва марраларга эришди.

Айниқса, юртимизда оналик ва болаликни ҳимоя қилишдек эзгу мақсадга қаратилган, дунё ҳамжамияти томонидан тан олинган “Соғлом она – соғлом бола” дастурини ҳаётга жорий этишда Жамғарманинг беқиёс ўрни ва моҳиятини ўлчаш ва баҳолаш қийин.

Азал-азалдан ўзининг болажонлиги, оилага меҳри ва садоқати билан танилган эл-юртимизнинг, халқимизнинг қалбида доим сақланиб келаётган бундай олижаноб интилишлар мустақиллик йилларида Ўзбекистонда том маънодаги умуммиллий ҳаракатга айланди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Мамлакатимизда ўтган йиллар давомида миллат генофондини яхшилаш, оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида Тошкент шаҳри ва барча вилоятлар марказларида замонавий перинатал ва скрининг марказлари бунёд этилгани, биргина 2012 йилда тиббиёт муассасаларини қуриш ва реконструкция қилиш, диагностика ва даволаш ускуналари билан жиҳозлаш учун 263 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланганининг ўзи, ўйлайманки, бу йўналишдаги ишларимизнинг кўлами ва миқёсидан далолат беради.

Юртимизда шаклланган репродуктив саломатликни таъминлаш бўйича миллий модель Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан Шарқий Европа, Болтиқбўйи ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари учун энг яхши минтақавий дастур сифатида тавсия этилгани, ҳеч шубҳасиз, халқаро миқёсдаги юксак эътирофдир.

Бундай улкан ютуқларни қўлга киритишда кўплаб давлат ва жамоат ташкилотлари билан биргаликда “Соғлом авлод учун” жамғармаси ҳам муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Буни Жам­ғарма томонидан 1996 йилдан буён мамлакатимизнинг чекка ва олис туманларида яшаётган 3 миллиондан зиёд юртдошларимизга малакали тиббий-ижтимоий патронаж ёрдами кўрсатилгани мисолида яққол кўриш мумкин.

Мазкур Жамғарма билан деярли бир вақтда таъсис этилган, мустақил Ватанимизнинг биринчи ордени бўлган “Соғлом авлод учун” ордени билан шу кунга қадар жами 850 дан ортиқ юртдошимиз, жумладан, чет эл фуқаролари тақдирлангани ва уларнинг сафи тобора кенгайиб бораётгани чуқур рамзий маънога эга.

Яна ўқинг:  МИНИАТЮРАЧИ РАССОМЛАР КЎРГАЗМАСИ

Бу чиройли нишон кўксини безаб турган инсонларни кўрганда, менинг назаримда, мамлакатимизнинг бош майдони бўлмиш Мустақиллик майдонида ўрнатилган “Бахтиёр она” ҳайкали сиймосида айнан ана шу ордендаги она ва бола тасвири мужассам бўлгандек туюлади.

Мана шу қувончли айёмда “Соғлом авлод учун” ордени соҳибларини ва бугун давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланган ватандошларимизни чин қалбдан табриклашни ўзим учун катта шараф, деб биламан.

Фурсатдан фойдаланиб, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилишдек масъулиятли вазифани ўз зиммасига олган сизлар каби фидойи инсонларга, Жамғарманинг барча ходимлари ва фаолларига, аввало, унинг жойлардаги бўлимларида, маҳаллаларимизда сидқидилдан хизмат қилаётган жонкуяр опа-сингилларимизга ҳурмат-эҳтиром ва миннатдорлик билдиришни ўзимнинг бурчим, деб ҳисоблайман.

Шулар қаторида мана шундай эзгу мақсад йўлида Жам­ғарма билан доимий ва самарали ҳамкорлик қилиб келаётган юртимиздаги ва чет эллардаги ҳомий ташкилотларга, халқаро инс­титутларга самимий ташаккур изҳор этаман.

Қадрли дўстлар!

Барчангизни “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жам­ғармасининг 20 йиллиги билан яна бир бор табриклаб, сизларга сиҳат-саломатлик, оилаларингизга тинчлик-хотиржамлик, олижаноб фаолиятингизда янги-янги ютуқлар тилайман.

Ислом КАРИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: