Саховат – кўнгил гавҳари

Мурувват ва саховат сингари юксак инсоний туйғулар қадим-қадимдан халқимизга хос азалий қадриятлардан саналади. Ҳар қайси давр ёзма манбаларига қараманг барчасида аждодларимиз бир-бирларига мурувват кўрсатиш кемтик кўнгилларни кўтариш ва ўзаро меҳр-оқибат туйғуларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратганларининг гувоҳи бўламиз.

амлакатимиз мустақилликка эришган дастлабки кунлардан бошлаб ёшларимизни ҳам маънан ҳам жисмонан баркамол ва соғлом вояга етказиш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратиб келинмоқда. Юртбошимизнинг “Барча эзгу ниятларимизнинг марказида фарзандларимизни ҳам жисмоний, ҳам маънавий соғлом ва баркамол қилиб ўстириш, уларнинг бахту саодати, фаровон келажагини қуриш, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмайдиган авлодни тарбиялаш орзуси туради”, деган фикри асос бўлиб, юртимизда кўплаб ана шу соҳага йўналтирилган хайрия ташкилотлари иш бошлади.

1993 йилнинг 23 апрелида ташкил этилган “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси мана бир неча йилдирки, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, боқувчисини йўқотган ва кам таъминланган оилаларга ҳамда “Меҳрибонлик уйлари” ва “Мурувват уйлари” тарбияланувчиларига хайрия ёрдамлари кўрсатиш, истеъдодли ёшларни излаб топиш ва уларни қўллаб-қувватлаш борасида самарали фаолият олиб бораётган хайрия ташкилотларидан биридир.

Жамғарма 2010 йил давомида 18 миллион 164 минг АҚШ доллари ҳамда 360 миллион 698 минг сўмдан зиёдроқ қийматга эга мурувват юкларини тарқатган бўлса, 2011 йилга келиб бу кўрсаткич 22 миллион 676 минг АҚШ доллари ҳамда 297 миллион 993 минг сўмдан зиёдроқни ташкил қилди. Бундан таш­қари 2012 йил ҳисобидан эса жамғарма томонидан 30 миллион 229 минг АҚШ долларига ва 142 миллион 174 минг сўмга яқин мурувват ва хайрия ёрдамлари тарқатилди.

Шу билан бирга “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармасининг Тошкент шаҳар, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят филиаллари ва туман таянч пунктлари томонидан ҳар йили 1000 нафарга яқин ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларга зарур бўлган протез-ортопедик маҳсулотлар, реабилитация-техник воситалари билан таъминлаш ҳамда моддий жиҳатдан кўмак бериш масалалари бўйича комплекс тадбирларнинг амалга оширилиши ва улар ҳолидан манзилли хабар олиниши ҳам яхши анъанага айланган.

Шу билан бир қаторда жам­ғарманинг тиббий-ижтимоий патронаж бригадалари томонидан ҳар йили камида 2 минг нафар ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларга хизмат кўрсатиш, уларни тиббий кўрикдан ўтказиш ҳамда дори-дармон ва санитария-гигиена воситалари тарқатиш ҳамда кийим-кечак билан таъминлаш ҳам изчил йўлга қўйилган.

Яна ўқинг:  Меҳр – муносиб ҳадя

АҚШнинг “Амери Керз” хал­қаро ташкилоти билан йўлга қўйилган ҳамкорлик юзасидан мурувват юкларининг етказиб берилиши йилдан-йилга ортиб бормоқда. 2012 йил апрель ойида “Соғлом авлод учун” жамғармасига “Амери Керз” томонидан 164 минг АҚШ доллари қийматидаги мурувват юклари етказиб берилди. Ушбу мурувват юклари бутун республика миқёсидаги мактаб-интернатлари ҳамда “Меҳрибонлик уйлари”га тарқатилди.

Бундан ташқари Германиянинг “Фриденздорф Интернейшнл” ташкилоти билан ҳамкорлик доирасида юз-жағ қисмида туғма нуқсони бўлган 191 нафар бемор болалар операция қилинди.

Ижтимоий ҳимоя масаласида ҳормай-толмай самарали фаолият юритаётган “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси жамоасининг келгуси ишларида муваффақиятлар тилаган ҳолда ташкилотнинг 20 йиллик қутлуғ санаси муборак бўлсин, деймиз.

Фарҳод ТОЛИПОВ,

“Соғлом авлод” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: