Санитария назорати – саломатлик омили

Мамлакатимизда ижтимоий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар аввало инсон саломатлигини асраш, ёш авлодни соғлом вояга етказиш ҳамда аҳолини юқумли касалликлардан муҳофаза қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Таъкидлаш жоиз, бугунги кунда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашда Тошкент шаҳар Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази (ДСЭНМ) ва унинг 11 та туман марказлари, дезинфекция бўлими ва унинг туман бўлимлари томонидан сезиларли ишлар амалга оширилмоқда.

Марказ тиббий-профилактика муассасаси ҳисобланиб, “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Републикаси қонуни ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар, давлат дастурлари, хизматнинг ривожланиш концепцияси асосида мажмуавий санитария-гигиеник, профилактик ва эпидемияга қарши тадбирларини амалга оширади.

Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш, шаҳар ҳудудига четдан карантин ва ўта ҳавфли юқумли касалликларнинг кириб келишининг олдини олиш, объектлар, технологик жараёнлар, транспорт воситаларини ташқи зарарли омиллардан сақлашда огоҳлантирувчи санитария назоратини ўрнатиш, тиббий маданиятни ошириш, ишлаб чиқариш ва ижтимоий фаолият ҳисобланган санитария-профилактика тадбирларини амалга ошириш марказ ходимларининг асосий вазифаси ҳисобланади.

Бундан ташқари марказнинг асосий функциялари ҳам мавжуд. Булар давлат санитария назорати ва санитар-профилактик, дезинфекция тадбирларни ўтказиш, санитар-бактериология, санитар-кимёвий, вирусологик, паразитологик, радиологик усуллардан фойдаланиб, токсико-гигиеник экспертиза ўтказиш, шунингдек, фавқулодда эпидемияга қарши кураш комиссияси, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси, санитария-эпидемиология, лаборатория кенгашларида муҳокама ҳужжатларини тайёрлаш, қабул қилинган қарорлар ижросини назорат қилишдир.

Қолаверса, давлат санитария назоратини амалга ошириш бўйича ўзидаги ва хориж тажрибаларини умумлаштириб, уни амалиётга татбиқ этиш, санитария-эпидемиология назорати марказлари лабораторияларида метрология, стандартизация талаблари бўйича санитар-эпидемияга қарши талаблар шакли ва услубларини такомиллаштириш, лаборатория комплексларини аттестациядан ўтказиш ва аккредитацияга тайёрлаш, хориждан келтирилаётган ва четга чиқариладиган маҳсулотларни текширувдан ўтказиб, хулоса бериш ҳам айни шу муассаса зиммасидаги вазифалардандир.

Хусусан, халқ хўжалиги объектларида аҳоли саломатлигига таъсир этувчи техноген зарарли омилларни бартараф этишда санитар-профилактик ва эпидемияга қарши тадбирларни амалга оширилишини назорат қилиш, шаҳардаги тиббиёт муссасаларини вакциналар, бактериал препаратлар ҳамда ДСЭНМ лабораторияларини диагностикумлар, озуқа муҳитлари билан таъминланишини мувофиқлаштириш ва аҳолининг мурожаат ва шикоятларини кўриб чиқиш ҳам муассасанинг мажбуриятларидан ҳисобланади.

– Бугунги кунда шаҳар, Республика ва қўшни давлатлардаги эпидемиологик ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда ДСЭНМда ўткир юқумли ичак инфекциялари, грипп ва бошқа ўткир респиратор инфекциялар, эпидемик паротит, қизамиқ, қизилча, вирусли гепатит, қорин тифи, паратифлар, куйдирги ва бошқа инфекцияларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилган. Ўтказилган чора-тадбирларимиз натижасида жорий йилда бир қатор юқумли касалликларнинг камайишига эришилди. Карантин ва бошқа ўта хавфли инфекцияларнинг четдан кириб келиши ва табиий ўчоқларидан тарқалишга йўл қўйилмади. Юқумли касалликлар билан оғриган беморлар тўлиқ шифохонага ётқизилиб, уларнинг даволаниши таъминланди, – дейди марказ раҳбари Бекзод Адилов. – Таъкидлаш жоизки, 2015 йилда профилактик эмлаш календарига киритилган пневмококк вакцинаси билан ҳар бир бола 2-3 ва 12 ойлигида эмланмоқда.

12 хил юқумли касалликка қарши эмлашлар давлат томонидан бепул амалга оширилмоқда.

Сўнгги йилларда 94-98 фоиз болаларни эмлаш билан қамраб олиниши натижасида бугунги кунда эмлашдан кейин шол, қизилча, қоқшол, қизамиқ, бўғма каби баъзи юқумли касалликларнинг қайд этилишининг олди олиниб, эмлашдан кейинги асоратларнинг бартараф этилишига эришилди. Шунингдек, “А” вирусли гепатитга қарши эмлаш ишлари индемик ҳудудда жойлашганимиз ҳамда касалликнинг мавсумий кўтарилишини ҳисобга олган ҳолда аҳоли ўртасида кенг тарғибот ишлари олиб борилиб, бугунги кунда эмлаш ота-оналарнинг ҳисобидан амалга оширилмоқда.

Яна ўқинг:  Ширин кулча

Аҳоли ўртасида ўтказилаётган чора-тадбирлар натижасида сўнгги 10 йилда шифохона ичи йирингли-септик инфекцияларининг кўтарилиши қайд этилмади. Янги туғилган чақалоқлар ўртасида йирингли-септик инфекциялар бирмунча камайди. Лабораторияларни замонавий асбоб-анжомлар билан таъминлаш яхшиланди.

Айни пайтда шаҳар ДСЭНМ синов лабораториялари 178 миллион сўмдан зиёд маблағ ҳисобига тубдан таъмирланди. Республика ДСЭНМга 20 турдаги ўлчовлар учун буюртма тайёрланиб, топширилди.

Бугунги кунда шаҳар аҳолисининг 99,97 фоизи водопровод суви билан таъминланган. Шаҳар ҳудудидаги 7 та коммунал водопроводлар ягона айланма тармоққа уланган бўлиб, у шаҳар аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлайди. Ичимлик сувининг яроқлилиги ҳар ойда Санитария-эпидемология маркази томонидан назоратга олиниб, сув намуналари таҳлили бактериологик, кимёвий, паразитологик, заҳарли кимёвий, радиологик кўрсаткичларга текширилиб турилади. Ичимлик сувининг сифати ва хавфсизлигини назорат қилишда санитария хизмати ва “Сувсоз” ДУКга қарашли идоравий лабораторияларнинг назорати ва текширувлари амалга оширилиб келинмоқда. Таҳлил натижаларига кўра аҳолига етказиб берилаётган ичимлик суви O‘z DSt 950-2011 “Ичимлик суви” “Ўздавлатстандарт” талабларига тўлиқ жавоб беради.

Оқава сувларни чиқариб ташлаш шаҳар канализация тармоғи ва коллекторлари орқали амалга оширилади. Улар 3 та мавжуд оқова сув тозалаш иншоотларига бориб тушади. Оқава сувларни узатиб бериш учун 27 та насос станциялари, тозалаш учун 3 та оқава тўйинтириш иншоотлари оқава сувни тозалаб, зарарсизлантириб, санитария меъёрлари даражасига етказган ҳолда Салар, Бўзсув ва Чирчиқ дарёларига ташлайди.

Марказнинг овқатланиш гигиенаси бўлинмаси мутахассислари Маҳмуд Шодиев ва Севара Маҳмудова аҳолининг санитария маданиятини ошириш, овқатланиш гигиенасининг долзарб масалалари мавзуларида тумандаги соҳа мутахассисларининг билим савияларини оширишда семинарлар ўтказиш, услубий йўриқномалар тайёрлаш ва жойлардаги мутахассисларга услубий ёрдам кўрсатиш бўйича фаол иш олиб бормоқда.

Шунингдек, “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”, “Oзиқ-oвқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”, “Йод танқислиги билан боғлиқ касалликлар профилактикаси”, “Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслигининг олдини олиш тўғрисида”ги қонунлари ва бошқа қонуности ҳужжатлар асосида аҳоли ўртасида ўткир юқумли ичак ва алиментар касалликлар ҳамда овқатдан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Жумладан, деҳқон бозорларидаги ветиринария санитария экспертиза лабораториялари мутахассислари билан ҳамкорликда бозорларга сотишга келтирилган қишлоқ хўжалик ва чорвачилик маҳсулотларидан намуналар олиниб, тегишли таҳлиллардан ўтказиб борилиши йўлга қўйилган. Шунингдек, эпидемиологик жиҳатдан аҳамиятга молик объектларда, шаҳардаги сутни қайта ишлаш саноат корхоналарида ҳар ойда лаборатория усуллари асосида мониторинг ўтказиб борилади. Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги ва йод танқислигининг олдини олишда, ҳар чоракда 1-навли микронутриентлар билан бойитилган ун ишлаб чиқариш тегирмонлари ва йодланган ош тузи ишлаб чиқариш корхоналарида мониторинглар олиб борилмоқда. Жорий йилда 131 тонна истеъмолга яроқсиз деб топилган озиқ-овқат маҳсулотлари ва хомашёнинг савдога чиқарилишининг олди олинди.

Яна ўқинг:  Оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионати ўзбекистонда ўтказилади

Мақсад аҳолининг санитария маданиятини ошириш, ўткир юқумли ичак ва алиментар касалликларнинг, овқатдан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олишдир.

Марям АҲМЕДОВА

Реклама ҳуқуқлари асосида

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: