Самарқандда кўришгунча, хайр!

Фарғона шаҳридаги “Истиқлол” стадионида 28 май куни “Универсиада – 2016” республика спорт ўйинларининг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида барча соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида аҳоли, айниқса, ёшларнинг бахтли ва фаровон ҳаёт кечириши, эзгу орзу-истакларини рўёбга чиқаришига кенг имкониятлар яратиш мақсади мужассам. “Универсиада – 2016” спорт ўйинлари давомида бу мақсадларнинг ижобати яна бир карра намоён бўлди.

Майдонга Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри терма жамоалари кириб келди. “Универсиада – 2016” спорт ўйинлари иштирокчилари тимсолида бугун катта ҳаётга қадам қўяётган, Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшаётган ёшларимиз гавдаланади. Мусобақада халқаро спорт ареналарида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилиб, юқори натижаларга эришаётган тажрибали спортчилар билан бирга янги истеъдод соҳиблари кашф этилди.

Ҳаяжонли дақиқалар – “Универсиада – 2016” спорт ўйинлари ғолибларини тақдирлаш маросими бошланди.

Мусобақада энг кўп медаль жамғариб, биринчи ўринни эгаллаган Тошкент шаҳри жамоаси юксак мукофот – Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Универсиада – 2016” спорт ўйинлари иштирокчиларига табригининг асл нусхаси ва Президент совғаси – “Дамас” автомобили билан тақдирланди.

Умумжамоа ҳисобида иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаган Фарғона ва Самарқанд вилоятлари жамоаларига Ўзбекистон Республикаси Президенти совғаси – “Дамас” автомобиллари топширилди.

Муросасиз курашларда алоҳида маҳорат кўрсатган, тенгқурлари орасида юқори натижаларга эришган бир гуруҳ талаба-спортчилар махсус совринларга сазовор бўлди.

– Ғалаба сурурини ҳис қилиб, интилишларимиз натижасини кўриб турганимдан ғоят бахтиёрман, – дейди “Универсиада – 2016” спорт ўйинлари ғолиби, пойтахтлик Зокир Мансуров. – Бу нуфузли спорт анжумани давлатимиз раҳбари томонидан соғлом ва баркамол инсонлар бўлиб камолга етишимиз, иқтидор ва салоҳиятимизни юзага чиқаришимиз учун кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликнинг амалий ифодасидир. Мақсадим халқаро спорт ареналарида ҳам юқори ўринларни эгаллаб, Ватанимиз обрўси янада юксалишига ҳисса қўшишдир.

Сарвиноз САИДХЎЖАЕВА,

Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси, теннис бўйича Ўзбекистон чемпиони, халқаро турнирлар совриндори:

– “Универсиада – 2016” спорт мусобақалари биз, ёшлар қалбини нечоғли тўлқинлантирганини сўз билан ифодалаб бериш қийин. Президентимизнинг мусобақа иштирокчиларига йўллаган табригида ёшларга қарата “азиз фарзандларим” дея меҳр билан айтилган сўзларидан ҳар биримиз жуда қаттиқ таъсирландик. Юракдан айтилган сўз юракларга бориб етади. Табрикдаги “олижаноб фазилатлар бугун спорт майдонларида, эртага ҳаёт майдонларида ҳар бирингизга ҳамиша ёр бўлсин!” деган сўзларни эшитганимда қувончдан кўзларим ёшланди. Бундай меҳр ва ишончдан шундай суюндимки, гўё парвоз қилишга қанот пайдо бўлди.

“Универсиада – 2016” спорт ўйинларининг тантанали очилиш маросимида менга машъала ёқишдек бахт насиб этганидан бошим кўкка етди. Минглаб томошабинлар қаршисида ҳаяжонланган бўлсам-да, кўнглимдан юксак фахр туйғулари ўтди. Юртбошимизнинг ёшларга кўрсатаётган ғамхўрлиги бизга янада масъулият юкламоқда. Келажакда халқаро мусобақаларда ўзимни кўрсатиб, бу ишончни оқлашга ҳаракат қиламан.

Универсиада мусобақалари 15 спорт тури – баскетбол, бокс, волейбол, гандбол, дзюдо, енгил ва оғир атлетика, стол тенниси, сузиш, таэквондо (WTF), теннис, футбол, шахмат, эркин ва юнон-рум кураши бўйича ташкил этилди.

Яна ўқинг:  Хушхабар, рақамлар (2015-19)

Еттинчи бор ўтказилган Универсиада том маънода спорт, ёшлик ва гўзаллик байрамига айланди.

– Барча мусобақалар унутилмас таассуротларга бой бўлди, – дейди Фарғона давлат университети талабаси Нозима Қамчибекова. – Вилоятимиз жамоасининг ғалабасига ҳисса қўшганимдан хурсандман. Президентимизнинг “Универсиада – 2016” спорт ўйинлари иштирокчиларига йўллаган табригидаги ҳар қайси йигит-қиз ўз устида тинимсиз ишлаши, иродасини чиниқтириши, бу йўлдаги қийинчиликлар олдида бўш келмай, ғалабага эришиш учун ўзини аямасдан, ҳал қилувчи дақиқаларда бутун борлиғини сафарбар этишга тайёр бўлиши даркор, деган сўзлари бизни янада улкан марралар сари руҳлантирди.

– Мусобақа доирасида кўплаб маданий-маърифий тадбирлар, таниқли спортчилар, ёзувчи ва шоирлар, санъат намояндалари билан учрашувлар, Фарғона шаҳрининг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар, турли шоу-концертлар ташкил этилди, – дейди Универсиада иштирокчиси, андижонлик Рустам Тешабоев. – Бу бизнинг маданий ҳордиқ чиқаришимиз ва кўплаб дўстлар орттиришимизда муҳим аҳамият касб этди.

…Стадион узра мусиқа садолари янгради. “Универсиада – 2016” спорт ўйинларининг байроғи туширилди. Уни фарғоналик ёшлар навбатдаги Универсиадага мезбонлик қиладиган Самарқанд вилояти спортчиларига топширди.

“Универсиада – 2016” спорт мусобақаларининг тантанали ёпилиш маросими спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари ва санъаткорларнинг катта концерти билан якунланди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш. Мирзиёев иштирок этди.

 

Байрам АЙТМУРОДОВ,

Маъсуджон СУЛАЙМОНОВ,

ЎзА махсус мухбирлари

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: