Республика олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида

Республика олий таълим муассасаларида ўқув жараёнларини такомиллаштириш, ёшларга замонавий талаблар асосида таълим бериш бугунги куннинг асосий масалаларидан биридир. Бу борада олий таълим муассасаларига кириш тест синовларини адолатли, холис ва шаффоф ўтказиш орқали пухта билимли ёшларнинг ўқишга қабул қилинишини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.

Лекин бугунги кунда тест синовлари орқали олий таълим муассасалари бакалавриатига талабаларни қабул қилишда бир қатор камчиликлар мавжуд. Жумладан, кейинги йилларда тест синовларини ўтказиш тартиб-қоидалари, тест синовлари натижаларини эълон қилиш ва уни такомиллаштириш борасидаги олиб борилаётган ишлар бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб бера олмаяпти. Бу ҳол манфаатдор жамоатчиликнинг, айниқса, ота-оналарнинг тест синовларини ўтказиш жараёнларига ҳақли равишдаги эътирозларини келтириб чиқармоқда ва ҳар йили уларнинг ушбу масала юзасидан қарийб 4 мингдан зиёд асосли мурожаатлари келиб тушмоқда.

Таъкидлаш жоизки, кириш тест синовлари топшириқлари ва уни ўтказиш талаблари қобилиятли ёшларни олий таълимга қабул қилиш мезонларига тўла жавоб бермайди. Айниқса, ижодкорлик ва индивидуал маҳоратни талаб этадиган маданият, санъат, дизайн, тасвирий ва амалий санъат, санъатшунослик, мусиқий таълим, спорт ва жисмоний тарбия соҳасидаги таълим йўналишларига иқтидорли ёшлар ўрнига, ушбу соҳаларда етарли иқтидорга эга бўлмаган ёшлар тест синовлари орқали ўқишга қабул қилинмоқда.

Республика олий таълим муассасаларига кириш учун тест синовларини ўтказишнинг моддий-техник таъминоти билан боғлиқ масалаларни ҳам бутунлай қайтадан кўриб чиқиш тақозо этилмоқда. Зеро, бугунги кунда тест синовлари натижалари 2000 йилда харид қилинган 4 та оптик сканер орқали чиқарилиши, тест материалларини чоп этишга мўлжалланган офис техникаси (принтер ва компьютерлар) маънавий ва жисмоний жиҳатдан эскириб кетганлиги оқибатида тест синовлари натижалари қарийб 15-20 кунга чўзилиб эълон қилиниши бугунги кун талабларига жавоб бермайди.

Мамлакатимизда кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳа тармоқларини юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш учун олий таълим муассасаларининг бакалавриатига қабул қилиш бўйича ўтказиладиган кириш тест синовларини такомиллаштириш, унинг адолатли, холис ва шаффоф ўтказилишини ташкил этиш мақсадида:

  1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази (кейинги ўринларда Давлат тест маркази деб аталади)нинг олий таълим муассасалари бакалавриатига ўқишга қабул қилиш (кейинги ўринларда олий таълим муассасасига қабул қилиш деб аталади) бўйича кириш тест синовларини ўтказиш тизимини такомиллаштириш юзасидан қуйидагиларни назарда тутувчи таклифлари маъқуллансин:
Яна ўқинг:  МОБИЛЬ КЛИНИКАЛАР ТОПШИРИЛДИ

2018/2019 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасасига қабул қилиш бўйича кириш тест синовларини 1 августдан 15 августгача бўлган даврда ўтказиш;

кириш тест синовлари натижаларини тест ўтказилган куннинг эртасига Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилиш;

абитуриентдан алоҳида иқтидор талаб этиладиган маданият, санъат, дизайн, тасвирий ва амалий санъат, санъатшунослик, мусиқий таълим, спорт ва жисмоний тарбия соҳасидаги таълим йўналишларига қабул қилишни кириш тест синовларисиз, ижодий имтиҳонлар орқали амалга ошириш.

  1. Давлат тест маркази, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳамда тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб, олий таълим муассасасига ўқишга қабул қилиш бўйича кириш тест синовлари Тошкент шаҳрида “Ўзэкспомарказ” Миллий кўргазмалар мажмуаси павильонлари ҳамда унинг ҳудудида ўрнатиладиган қўшимча йиғма павильонларда, шунингдек, катта сиғимдаги бошқа биноларда, вилоят марказларидаги Олимпия захиралари коллежлари ёки бошқа ташкилотларнинг катта сиғимдаги биноларида ўтказилишини, тест жараёнининг максимал даражада ошкора ва шаффофлигини таъминлаб, видеокузатувлар орқали жамоатчилик, шу жумладан абитуриентлар ота-оналарининг кириш тест синовларини онлайн режимида кузатиб боришларига имконият яратилишини таъминласинлар.
  2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари:

тест синовлари ўтказиладиган бино ва павильонларни зарур мебеллар (стол, стул, доска ва бошқа зарур воситалар) билан жиҳозланишини;

Давлат тест марказининг ҳудудий вакиллари учун зарур моддий-техник воситалар билан тўлиқ жиҳозланган алоҳида хона ажратилишини;

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда катта сиғимдаги биноларни тест синови жараёнини видеокузатувлар орқали онлайн тизимида кўрсатиб ўтказиш учун зарур моддий-техник воситалар билан тўлиқ жиҳозланишини таъминласинлар.

  1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

тест материалларини тайёрлаш ва тест синовлари натижалари ўз вақтида эълон қилинишини таъминлаш мақсадида Давлат тест марказига замонавий моддий-техник воситалар ва жиҳозлар харид қилиш учун 2018 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан зарур маблағлар ажратилишини назарда тутсин;

Давлат тест марказининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда олий таълим муассасаларининг оширилган тўлов-контракт тушумлари (5 фоизгача миқдорда) ҳисобига бир ой муддатда Давлат тест маркази ҳузурида Давлат тест маркази фаолиятини ривожлантириш жамғармасини ташкил этсин. Бунда Жамғарма маблағларидан қуйидаги мақсадлар учун фойдаланилиши белгилаб қўйилсин:

Яна ўқинг:  Жамғарма фаолиятидан (2013-10)

Давлат тест марказининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;

хорижий давлатларнинг ўқув ва илмий муассасаларида Давлат тест маркази ходимларининг малакасини ошириш;

Давлат тест маркази ходимларини моддий рағбатлантириш.

  1. Давлат тест маркази Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Давлат тест маркази ҳузуридаги Давлат тест маркази фаолиятини ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги Низомни бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва унинг Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин.
  2. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги республикада амалга оширилиши режалаштирилаётган “Хавфсиз шаҳар” тизимини яратиш дастури доирасида тест синовлари жараёнини ёритиш мақсадида шахсни идентификациялаш воситалари, видеофиксация қурилмалари, металлодетекторлар, мониторлар ва йиғма павильонларни харид қилсин ҳамда уларни давлат мулки сифатида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тизимига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул берилишини таъминласин.
  3. Давлат тест маркази Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги билан биргаликда тест синовларини ўтказиш жараёни иштирокчиларининг масъулиятини янада ошириш ва уларнинг жавобгарлигини белгилаш бўйича қонунчиликка тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
  4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мазкур қарорда белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда Давлат тест марказининг ходимларнинг чекланган сони 150 нафар бўлган янгиланган тузилмасини тасдиқлаш ва унинг фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисидаги Ҳукумат қарорини бир ой муддатда қабул қилсин.
  5. Давлат тест маркази манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
  6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А. Н. Юнусходжаев ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази директори М. М. Каримов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2017 йил 16 ноябрь

Манба: ЎзА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: