Пенсия таъминоти: Ногиронлиги бўлган шахсларга қандай имтиёз берилмоқда?

Аҳолининг ижтимоий кафолатларини таъминлаш, айниқса кексалар ва жисмоний имконияти чекланган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш борасида кўламдор ишлар амалга оширилмоқда.

Куни кеча парламент қуйи палатасининг навбатдаги йиғилишида соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамаш, учраётган камчиликларни бартараф этиш ҳамда соҳани янада ривожлантириш  мақсадида “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимчалар ва ўзгартиш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. 

Хўш, мазкур қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга нима зарурат бўлди?

Ҳудудларда аҳоли билан ўтказган учрашувларимизда, очиқ мулоқотларда фуқаролар томонидан турли соҳаларга тегишли муаммо ва камчиликлар кўтарилмоқда. Жумладан, пенсионерлар томонидан объектив ва субъектив сабабларга кўра, пенсия жамғармаси томонидан ортиқча тўлов ҳолатлари аниқланган тақдирда, ушбу суммаларни тўланаётган пенсия миқдоридан ушлаб қолиш тўғрисида қарорлар асосида маълум миқдордаги маблағлар сабабларини чуқур ўрганмасдан чегириб қолинаётганидан эътироз билдирилиб келинаётган эди. Шунингдек, баъзи ҳолатларда Пенсия жамғармасининг қарорларидан норози бўлган пенсионерлар, яъни улар томонидан айб йўқлиги ёки қасддан пенсияни оширишга ҳаракатлар амалга оширилмагани сабабли юқори турувчи органларга, шунингдек судларга мурожаат қилмоқдалар. Натижада фуқароларнинг норозилиги ва суд органлари томонидан кўриб чиқилаётган даъво аризалари сони ортиб бормоқда.

Юқоридагиларни эътиборга олиб, амалдаги қонуннинг 65-моддаси иккинчи қисми янги мазмун билан тўлдирилмоқда. Унга кўра, пенсионер бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг пенсиядан ортиқча тўланган суммаларни ундириш тўғрисидаги қароридан норози бўлганда, аниқланган қарздорлик суд тартибида, бироқ у аниқланган санадан уч йилдан ошмаган давр учун ундирилади.

Халқаро амалиёт ўрганилганда қарийб барча МДҲ мамлакатларида умумий даъво муддати уч йил этиб белгилангани маълум бўлди.

Шунингдек, Президентимизнинг 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2017 йил 28 декабрдаги “Меҳнат фаолиятини амалга оширувчи айрим алоҳида тоифадаги пенсионерларга мақбул шароитлар яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонлари асосида ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳасида яна бир муҳим янгилик кўзда тутилган.  

Яъни, ушбу қонун лойиҳасида Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган рўйхатларга мувофиқ, алоҳида тоифадаги I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга — эркакларга иш стажи камида 25 йил бўлган тақдирда, аёлларга иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда умумий белгиланган пенсия ёшини 5 йилга қисқартирган ҳолда имтиёзли шартларда ёшга доир пенсия тайинлаш назарда тутилмоқда. Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, масалан I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган эркаклар 60 ёшдан пенсияга чиқиш керак бўлган бўлса, мазкур қонун лойиҳасига биноан, улар 25 йиллик стажга эга бўлса, 55 ёшида чиқишига рухсат этилиши назарда тутилмоқда. Ушбу ҳужжат қабул қилинган тақдирда, 143 мингдан зиёд I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган фуқаролар ана шу имтиёзли равишда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлиши кутилмоқда.

Яна ўқинг:  Ижтимоий ҳимоя – устувор вазифа

Хулоса қилиб айтганда, мазкур қонун фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Ойбек ЭГАМОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: