Реклама

Патронаж хизмати янада такомиллаштирилади

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан эҳтиёжманд оилалардаги беморлар ва репродуктив саломатлик билан боғлиқ касаллиги бўлган шахсларни аниқлаш ҳамда уларга манзилли тиббий ёрдам кўрсатиш, “Она ва бола скрининги” маркази ва Республика аҳоли репродуктив маркази ҳамда уларнинг бўлинмалари фаолиятини ўрганиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Тошкент Врачлар малакасини ошириш институтида ташкил этилган “Оилаларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва аҳолига манзилли тиббий хизмат кўрсатиш тизимининг долзарб масалалари” мавзусидаги амалий семинар ҳам айни шу масалага бағишланди.

Анжуманда асосий эътибор патронаж хизмати сифатини янада яхшилашга қаратилди. Ҳомиладор аёллар, гўдаклар, ёш оилалар, кексалар ва парваришга муҳтож ёлғиз қария, ногиронлиги бор шахсларга уй шароитида манзилли тиббий хизмат кўрсатиш тизимини янада яхшилаш ҳақида сўз юритилиб, бу борада жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратиши лозимлиги таъкидланди.

 

Элмира БОСИТХОНОВА,

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари:

– Туғма ва наслий касалликларни эрта аниқлаш, ногирон болалар туғилишининг олдини олиш мақсадида 2017 йил 25 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори имзоланди. Қарор ижроси сифатида скрининг марказлари хавф гуруҳига кирувчи ҳомиладорларда туғма нуқсонларни тасдиқловчи ультратовуш текширувини ўтказади. Текширув натижаларига кўра ҳомилада ривожланишнинг туғма нуқсонлари ёки хромосом синдромлар аниқланганда тиббий-генетик кўрсатмаларга мувофиқ ҳомиладорликни тўхтатишга тавсия берилади. Шу каби саъй-ҳаракатлар натижасида болаларнинг соғлом дунёга келиши таъминланмоқда.

 

Дилором ТОШМУҲАММЕДОВА,

“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази раҳбари:

– Юртимизда “Соғлом она – соғлом бола” шиори давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Сабаби, фарзандлари соғлом юртнинг келажаги буюк бўлади. Шу боис, болаларни соғлом дунёга келишида ҳомиладорликка катта аҳамият берилади.

Бугунги тадбирда айнан ҳомиладор аёллар ва чақалоқлар саломатлиги билан боғлиқ масалалар атрофлича ўрганилди. Хусусан, патронаж хизматига она ва бола саломатлигига масъул марказ сифатида катта вазифалар юклатилган.

Семинарда ушбу хизматни тубдан модернизация қилиш ва такомиллаштириш, бу йўналишда аниқ натижа ва самарадорликка эришиш масалалари муҳокама қилинди ҳамда ҳамкорликдаги зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.

 

Д. ФАЙЗИЕВА

Яна ўқинг:  Хусусий тиббиёт муассасалари акушерлик фаолиятини юритишга ҳақлими?
Калит сўзлар:

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: