Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш тизими: 2017 йил сарҳисоби, 2018 йил режаси

Иш куни поёнига етганда хаёлингиздан бугун учун нималарни режа қилгандим-у, нималарга улгурдим, эртага бажаришим керак бўлган қандай ишлар бор каби саволлар ўтади. Уларга жавоб излаб бугунингиздан гоҳ кўнгил тўлади, гоҳида йўқ. Баъзида эса шунчаки бир кун ўтгани – унда на олға силжиш, на орқага кетиш бўлганини сезасиз. Бу кун сарҳисоби.

Аммо бугун бизнинг олдимизда бир кун эмас, бир йил сарҳисоби турибди. Бир йилки, унда ўзгаришлар, янгиланишлар, ривожланиш ва олға интилишлар жадал борди, имкониятлар эшиги очилиб, халқ розилиги ва манфаати йўлида қилинган ҳар бир ҳаракат қўллаб-қувватланди. Бундай йилда шунчаки ишлаб ва уни шунчаки сарҳисоб ҳам қилиб бўлмайди…

2017 йил… Ўзбекистонимизнинг ривожланиш тарихи учун муҳим бурилиш ясалган йил бўлди.

Биз ҳақиқатан ҳам тарихий бир йилни яшаб ўтдик. У мамлакатимиздаги барча соҳалар учун тарихийлик касб этди. Хусусан, соғлиқни сақлаш тизими учун ҳам.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан биринчи марта мамлакатимиз парламенти – Олий Мажлисга тақдим этилган Мурожаатномада ҳам бу алоҳида қайд этиб ўтилди. Президентимиз таъкидлаганидек, ҳудудлар аҳолиси учун қулай бўлган, сифатли ва замонавий тиббий ёрдам кўрсатиш, касалликларни барвақт аниқлаш бўйича бошлаган ишларимизни 2018 йилда изчил давом эттирамиз. Бу борада масофадан туриб профилактика қилишни таъминлайдиган “Ақлли тиббиёт” ва “Ягона тиббий ахборот маркази” концепцияларини ўз шароитимизга мослаштириб татбиқ этишимиз керак. Биз ушбу ишларни ўтган йиллар тажрибасига таяниб, ундан керакли хулосалар чиқариб давом эттирамиз.

Жумладан, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари бошлиғининг Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари лавозими жорий этилмоқда. Шунингдек, болаларда генетик синдромларни эрта ташхислаш, наслий касалликларга чақалоқларни оммавий скрининг текширувларини ўтказиш, шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари таркибида болалар анестезиологияси ва реанимацияси бўлимларини ташкил этиш кўзда тутилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 декабрда қабул қилинган “2018–2022 йиллар даврида болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш давлат дастури тўғрисида”ги қарори ҳам кейинги беш йилда ирсий касалликларни барвақт аниқлаш, диагностика ва даволаш тадбирлари самарадорлигини ошириш, миллат генофондини яхшилаш бўйича дастуриламал ҳужжат бўлди.

Эҳтиёж ўрганилган ҳолда қишлоқ оилавий поликлиникаларида гинеколог ва педиатр врачларнинг штатлар жадвали қайта кўриб чиқилаётир.

Яна ўқинг:  Эрта никоҳнинг олдини олишга бағишланди

2017 йилда поликлиникалар раҳбарлари ва мутахассисларининг фаолияти бўйича Парламент ва жамоатчилик назорати йўлга қўйилди. Буни ҳақиқатан ҳам катта янгилик дейиш мумкин. Шунингдек, шифокор қабулига масофадан туриб ёзилиш имконини берувчи электрон тизим босқичма-босқич жорий қилинмоқда. Албатта, ушбу ютуқлар барчамизни қувонтиради. Бироқ халқимизнинг бирламчи тизим бўйича талабини қондириш учун бунинг ўзи етарли эмас ва ушбу йўналишда 2018 йил учун муҳим режаларимиз бор.

Аҳолини, айниқса, қишлоқ жойларда тизимли патронаж қамрови сифатини яхшилаш, бирламчи тизимнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва стационар муассасалар билан узвий ҳамкорликни таъминлаш борасидаги ишларни янада такомиллаштиришимиз лозим. Аниқланган касалликларнинг диспансеризациясини тизимли равишда амалга ошириш, она ва бола скрининги ҳамда тиббий генетик хизматни яхшилаш каби ўта долзарб ва ижтимоий аҳамияти юқори бўлган масалалар устида астойдил ишлашимизни даврни ўзи тақозо қилмоқда.

Яна бир муҳим жиҳат – жорий йилда ҚВП ва ҚОПларни ЭКГ, лаборатория таҳлиллари учун ва стерилизацион ускуналар, гинекологик, хирургик ва шифокорлик жамланмалари билан қўшимча жиҳозлаш белгиланган.

Тиббиёт соҳасидаги ислоҳотларни ихтисослаштирилган тиббий хизмат ривожисиз тасаввур этиш мушкул. 2017 йил айни соҳа учун ҳам тарихий бўлди. Аввало, Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига 2017–2021 йилларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, акциядорлик жамиятлари шаклидаги Республика тиббиёт марказлари давлат муассасаларига айлантирилиб, ихтисослаштирилган марказларнинг асосий вазифалари қайта белгиланди. Эндиликда ушбу марказлар мамлакатимиз ва ҳар бир минтақа бўйича касалликлар тенденциясини ўрганиб борувчи таҳлилий ва илмий-тадқиқот ишларини ҳам олиб бормоқда. Шунингдек, ҳудудларда тор ихтисосликдаги мутахассисларга бўлган эҳтиёжни қоплаш мақсадида вилоятларда ишлаш ташаббуси билан чиққан етакчи мутахассислардан 134 номзод танлаб олинди.

Поёнига етган йилда тиббий таълим тизимида ҳам катта ўзгаришлар юз берди. Тиббий таълим бўйича энг муҳим воқеа ўқиш муддатларининг қисқартирилгани бўлди. Шунингдек, касбий фанлар блоки кенгайтирилиб, ижтимоий-иқтисодий фанлар блоки 7 фоизгача қисқартирилди, клиникагача ва клиникага оид фанлар учун соатлар ҳажми 85 фоизгача кўпайтирилди. Президентимизнинг қарорига мувофиқ 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб биринчи марта мақсадли қабул йўлга қўйилди ва 2017 йилда тиббиёт олий ўқув юртларига мақсадли қабул учун 1 минг 180 ўрин ажратилди.

2018 йилда бакалавриат таълим йўналишининг мақсадли қабул квотасини 2017 йилга нисбатан 20 фоиз ошириш, мақсадли магистратурани 10 фоиз кўпайтириш, клиник ординатура қабул квотасини 15 фоиз ошириш белгиланди.

Жорий йил Инвестиция дастури доирасида Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг симуляция маркази, мазкур институт Нукус филиалининг 120 ўринли, Андижон давлат тиббиёт институтининг 120 ўринли, Бухоро давлат тиббиёт институтининг 200 ўринли клиникаларида қурилиш ва реконструкция ишларини давом эттириш учун 31,8 млрд. сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган.

Яна ўқинг:  ЖАМFАРМА ФАОЛИЯТИДАН (2013-23)

Ўтган йил сарҳисоби якунида табиий равишда бир савол туғилди: давлат раҳбари бошлаб бераётган ташаббусларга соҳа вакиллари, айниқса, раҳбар кадрлар амалий ҳаракат билан муносиб жавоб қайтара олдими? Бу саволни соҳанинг ҳар бир бўғинидаги раҳбар ўзига бериши ва унга ижобий жавоб қайтара олиши лозим. Ана шунда тиббиёт тизимида тараққиёт, олға силжиш бўлади.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: