Реклама

Орол денгизи муаммоларини янги ташкил этилган жамғарма ечим бўладими?

Миллий ва минтақавий чегаралардан аллақачон чиқиб бўлган ва борган сари бутун халқаро ҳамжамиятнинг ҳаракатларини бирлаштиришни талаб қилаётган Орол денгизининг экологик инқирозига халқаро жамоатчилик ва донор мамлакатлар эътиборини қаратиш катта аҳамият касб этмоқда.

Оролбўйи муаммолари бўйича жамғарма ташкил этилмоқда 2018 йилнинг 27 ноябрь куни Нью-Йорк шаҳридаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қароргоҳида БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фонди фаолияти бошланишига бағишланган анжуманда асосий масалага айлангани фикримизнинг далилидир. Унда инсон хавфсизлиги концепциясини қўллаш орқали орол инқирози натижасида азият чеккан аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини таҳлил қилиш ва уларни таъминлашга асосланган жамғарманинг стратегия дастури тақдим этилди.

Орол денгизи қуришининг салбий оқибатлари

Қачонлардир жаҳондаги энг катта ички кўлларнинг тўртинчиси бўлган Орол денгизи охирги 50 йил мобайнида Амударё ва Сирдарёнинг Орол денгизига қуйиладиган сув миқдори беш карра қисқарди. Денгиз ҳажми эса 14 маротабага кичрайди. Ундаги сувнинг шўрланиш даражаси 25 маротабага ошди ва жаҳон океанларининг минераллашув даражасидан анчагина ошиб кетди. Қачонлардир овчилик тараққий этган сувлар ўрнида бугун майдони 5,5 миллион гектарга тенг бўлган қум-туз чўли юзага келди. Бу ерда қум ва туз бўронлари авж олмоқда ва улар ҳар йили бир неча минг километр масофагача 75 миллион тоннадан кўпроқ қум ва тузни атмосферага тарқатмоқда.

Орол фожиаси минтақадаги иқлим шароитини оғирлаштирди, ёз даврида қуруқлик ва жазирамани кучайтирди, қаҳратон қишларни узайтирди. Мутахассисларни башоратига кўра, 2035-2050 йилларга келиб минтақадаги ҳаво даражаси ҳозирги кўрсаткичларга нисбатан яна 1,5-3 даражага кўтарилиши мумкин. Ундан ташқари Орол фожиасининг таҳдидли таъсири бутун дунёда кузатилмоқда.

Оролбўйи муаммолари бўйича жамғарма ташкил этилмоқда

Нью-Йорк шаҳрида БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фонди фаолияти бошланишига бағишланган тадбирда Ўзбекистон Республикаси, Норвегия ва Япония ҳукуматлари томонидан БМТнинг инсон хавфсизлиги бўйича бўлими, БМТнинг Ўзбекистондаги мамлакат гуруҳи ва кўпшериклик мақсадли жамғармаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Жамғарманинг мақсади аҳолининг турмуш тарзи билан боғлиқ бўлган тиббий, иқтисодий ривожланиш, экологик вазият, ижтимоий ҳимоя ва бошқа шу каби соҳалар билан боғлиқ бўлган Оролбўйининг зарурий муаммоларини ҳал қилишда мувофиқлаштирилган ёндашувни таъминлаш. Шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати, БМТ агентликлари ва Траст фондининг стратегияси доирасидаги донор ҳамжамиятларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш орқали минтақани ривожланиш жараёнига биргаликдаги ёрдам бериш ҳамда Оролбўйи минтақаси муаммосига жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини қаратиш ва минтақа ривожи учун техник ва молиявий ресурсларни сафарбар қилишдан иборатдир.

Яна ўқинг:  ОИЛАГА ЭЪТИБОР — КЕЛАЖАККА ЭЪТИБОР

Жамғарма турли манфаатдор томонларнинг, шу жумладан, халқаро молиявий ва донор ташкилотлар, Ўзбекистон ҳукумати, миллий минтақавий ва маҳаллий ҳокимият органлари, БМТ агентликлари ва жамоатчилик ташкилотларининг тажрибасини ўзида бирлаштиради. Фонднинг фаолияти қисқа муддатли чора-тадбирлар билан чекланиб қолмайди. Балки маҳаллий ҳамжамиятларни фаол жалб қилган ҳолда Жануб-Жануб дастури бўйича ҳамкорлик орқали технологиялар алмашинувига кўмак берувчи мажмуавий инновацион ечимларни илгари суради. Бу ечимлар аслида экалогик бўҳроннинг салбий оқибатларига муносабат билдириш эмас, балки уларни профилактикасига йўналтирилган.

Траст фонди стратегиясида назарда тутилган Оролбўйи минтақасида яшайдиган аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини аниқлаш бўйича ижтимоий тадқиқотлар натижалари асосида ишлаб чиқилган чора-тадбирларни амалга ошириш орқали аҳолининг турмуш тарзи яхшиланади. Тадқиқот 2018 йилда Қорақалпоғистоннинг энг кўп азият чеккан 8 туманида ўтказилди ва 1 минг 600 хонадонни қамраб олди.

Жамғарма молияларини маъмурийлаштиришнинг шаффоф жараёнини таъминлаш БМТнинг кўпшериклик траст жамғармасининг Нью-Йоркдаги офиси томонидан амалга оширилади. Ўз маблағлари қаерга инвестиция қилинишини “онлайн” усулда билиб олиш имконига эга бўлган донор ташкилотларни жалб қилиш имкониятидан фойдаланган ҳолда лойи­ҳаларни шаффоф тарзда танлаш, тасдиқлаш, амалга ошириш ва мониторинг қилишни таъминлаш назарда тутилган.

Аҳоли учун манфаат нималардан иборат?

Инсон ҳуқуқлари, эҳтиёжларига асосланган ва ўз мақсади йўлида кенг қамровли бўлган трансформацион ИХКТФни ташкил этиш ғояси жаҳондаги энг йирик антропоген фалокатлардан бирининг оқибатларини бартараф қилиш бўйича кўп секторли ва инсонларга мўлжалланган чора-тадбирларни жамлаш ва мустаҳкамлашга йўналтирилган. Иш жойларини ташкил этиш, табиат ресурсларини бош­қариш, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларидаги ижтимоий хизматларни яхшилаш, аёллар ва қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини мус­таҳкамлаш, шу жумладан, қийин шароитлардаги аёлларни қўллаб-қувватлаш, қўшма режалаштириш ва ташаббусларни амалга ошириш воситасида самарали бошқарувни ривожлантириш.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон ҳукумати юқорида зикр этилган йўналишлар, шу жумладан, Оролбўйи минтақасини ривожлантириш бўйича 2017-2021 йилларга мўлжалланган давлат дастури доирасида қатор ишларни амалга ошириб келмоқда. Жамғарманинг мақсади – Фонднинг бирлашган Стратегияси асосида мувофиқлаштирилган донорлик кўмагини жалб қилиш йўли билан ушбу саъй-ҳаракатларни тўлдиришдан иборат. Жамғарма, шунингдек, Оролбўйининг энг чекка ва узоқ ҳудудларига ва ҳамжамиятлар билан бевосита ишлашга кўпроқ эътиборни қаратади.

Маълумот ўрнида: Халқаро экспертларни таъкидлашича, Орол минтақасининг заҳарли тузлари Антарктида соҳилларида, Гренландия музликларида, Норвегия ўрмонларида ва Ер куррасининг кўплаб бошқа жойларида топилган.

Нурилло НАСРИЕВ,

Яна ўқинг:  Хушхабарлар, рақамлар (2013-48)

ЎзА

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: