Реклама

Онкологик касалликларнинг олдини олиш учун қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Ўзбекистонда онкология уларнинг хизматининг ҳолати: онкологик касалликларнинг олдини олиш ва уларни барвақт аниқлашнинг самарали тизимини яратиш, ташхис қўйиш ва даволашнинг илғор усулларини жорий этиш, замонавий диагностика ва даволаш аппаратлари билан таъминлаш ҳолати ва истиқболлар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов очиб, онкология хизматининг бугунги ҳолати, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларнинг самараси хусусида сўзлади.

Дунёда ҳар йили 16 миллионга яқин бирламчи саратон ҳолати аниқланади. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам 100 мингдан ортиқ бемор онкологик касалликлар бўйича ҳисобда туради. Афсуски, 50 фоиздан ортиқ ҳолатларда ушбу касаллик учинчи ва тўртинчи босқичларда, яъни, тўлақонли даволаш мушкул бўлган ҳолатларда аниқланмоқда. Шу боис, бу тиббий-ижтимоий муаммога қарши курашиш нафақат соғлиқни сақлаш соҳаси, балки, бутун жамият зиммасига катта масъулият юклаяпти.

Ҳозирги кунда онкология хизматининг вертикал тизими яратилган бўлиб, ҚВП ва оилавий поликлиникаларда УАШлар томонидан онкологик касалликларга гумон бўлган беморлар вилоятлардаги филиалларга йўлланма асосида юборилади. Ҳудудларда аҳолига кўрсатилаётган онкология хизмати сифатини тубдан яхшилаш мақсадида ўтган йили пойтахтимизда фаолият юритаётган етакчи мутахассислар Марказнинг вилоят филиалларига раҳбар лавозимларга юборилди. Бунинг натижасида ҳудудларда ҳам юқори технологик жарроҳлик амалиётлари бажарилмоқда.

Ҳудудларда жаъми 389 та жаррохлик амалиёти бажарилди ва уларнинг 153 таси юқори технологик амалиётлардир. Бу имконият туфайли ҳудудлардан пойтахтга текшириш ва даволаниш учун мурожат қилаётган беморлар сони камайиб бораяпти.

Онкология соҳасида аҳоли эътирозига сабаб бўлаётган жиддий муаммолардан яна бири – дори-дармон таъминоти билан боғлиқ эди. Давлатимиз томонидан бу муаммони бартараф этиш юзасидан бажарилган узлуксиз чора-тадбирлар туфайли бугунги кунга келиб онкология муассасаларини дори билан таъминлаш 3 баробарга ошди. Жорий йилнинг охирига бориб улар деярли тўлиқ таъминланиши кўзда тутилган.

Матбуот анжуманида онкология хизматининг бугунги ҳолати ва истиқболлари, амалга оширилаётган тиббий-ижтимоий лойиҳалар ва келгусидаги режалар ҳақида тадбир иштирокчиларига батафсил маълумот берилди.

 

Малика ЭРГАШЕВА

Яна ўқинг:  ҲАМЖИҲАТЛИК САМАРАСИ
Калит сўзлар:

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: