Оила чароғбони, жамият кўрки

Баҳорнинг илк кунларида хотин-қизлар байрамининг нишонланишида ҳам ажиб бир рамзий маъно борга ўхшайди. Зеро, баҳор ҳам, аёл ҳам гўзаллик, нафосат ифодасидир.

Шу кунларда бутун мамлакатимиз бўйлаб 8 март – Хотин-қизлар куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланмоқда.

Пойтахтимизда ўтган байрам тадбирига Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳридан турли соҳаларда меҳнат қилаётган илғор аёллар таклиф этилди.

Байрам иштирокчилари Мустақиллик ва эзгулик монументи – Бахтиёр она ҳайкали пойига гуллар қўйди. Пойтахтимизда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишди. Ўзбек Миллий академик драма театрида “Иймон” спектаклини томоша қилди.

“Наврўз” давлат қабуллар уйида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев тадбирда иштирок этиб, мамлакатимиз хотин-қизларини ушбу айём билан табриклади.

Давлатимиз раҳбари адабиёт, санъат, фан, таълим, маданият, спорт соҳаларида эришган алоҳида ютуқлари учун Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган 15 қизга ана шу юксак мукофотларни тантанали равишда топширди.

Зулфия номидаги Давлат мукофотининг бу йилги соҳибалари – Тошкент шаҳри Миробод енгил саноат ва сервис касб-ҳунар коллежи ўқувчиси, 2016 йилги Олимпия ўйинлари иштирокчиси Нигора Турсунқулова, Қорақалпоқ давлат университети қошидаги 1-академик лицей ўқувчиси Айжамал Караматдинова хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини янада ошириш борасида кўрсатаётган эътибори учун Президентимизга самимий миннатдорлик билдирди.

Тадбирда қатнашган онахонлар, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар, хотин-қизлар ташкилотлари, турли вазирлик ва идоралар вакилалари, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари тўкин дастурхон атрофида суҳбат қурди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева мамлакатимизда инсон манфаатларини таъминлаш, аёлларнинг турмуш шароитларини яхшилаш, саломатлигини мустаҳкамлаш, қобилият ва интилишларини рўёбга чиқариш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар юксак самаралар бераётганини таъкидлади.

Биринчи Президентимизнинг 2004 йил 25 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ушбу тузилма ишини такомиллаштириш, аёллар ҳаётидаги ролини ошириш, маҳаллалардаги маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, соғлом оилаларни шакллантиришда муҳим омил бўлди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, давлат ва жамият бошқарувидаги ўрнини кучайтириш, хотин-қизлар, касб-ҳунар коллежлари битирувчи қизларининг бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, оила асосларини янада мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар белгиланган. “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида ҳам хотин-қизлар масаласига алоҳида эътибор қаратилган.

Яна ўқинг:  Сўзи малҳам шифокор

– Ушбу байрам тадбирига йиғилган, мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган хотин-қизлар юзида мамнуният ифодасини кўриш мумкин, – деди Хоразм вилояти Урганч туманидаги 38-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Ойгул Давлетжонова. – Бу уларнинг ҳаётдан розилиги, фарзандлари камолини кўраётгани, оиласи мустаҳкам ва фаровонлигидан далолатдир.

– Президентимиз халқимиз саломатлиги, маҳаллалар осойишталигига катта эътибор қаратмоқда, – деди Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳридаги «Намозгоҳ» маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Манзура Муродова. – Давлатимиз раҳбарининг «Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори зиммамизга янада масъулиятли вазифалар юклади. Шу мақсадда таълим, тиббиёт, ижтимоий муҳофаза ва банк соҳаси вакиллари, тадбиркорлардан иборат ишчи гуруҳ тузиб, Президентимиз таъкидлаганидек, уйма-уй юриб, одамларнинг муаммо ва талабларини ўрганмоқдамиз, масалаларни жойида ҳал қилмоқдамиз. Бундай мулоқот халқимизнинг кайфиятини кўтармоқда, ҳаётга муносабатини ўзгартирмоқда.

Байрам санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг концерт дастури билан якунланди.

 

 

Анвар САМАДОВ,

ЎзА мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: