Реклама

Меҳрибонлик уйининг собиқ директори ва ходимларига нисбатан суд ҳукми ўқилди

Ижтимоий тармоқларда қизғин баҳсларга сабаб бўлган Марғилон шаҳридаги 1-Меҳрибонлик уйида содир этилган жиноят иши юзасидан суд ўз ҳукмини чиқарди. Айбдорлар ўз қилмишига яраша жазо олди.

Меҳрга муҳтож болаларга мурувват кўрсатиш халқимизга хос юксак фазилатлардан. Зеро, “Боланинг бегонаси бўлмайди” деган олижаноб нақл ҳам фақат бизнинг халқимизга хос бўлса керак.

Дунёда бола қувончи ва шодлигини кўришдан ортиқ бахт йўқ. Айниқса, у кўнгли ярим, меҳрга ташна бўлса. Юртимиздаги Меҳрибонлик уйларида ҳам бугунги кунда тарбияланувчиларнинг ўксик кўнгилларига қувонч улашиш борасида салмоқли ишлар қилинмоқда. Аммо, Марғилон шаҳридаги 1-Меҳрибонлик уйида содир этилган қилмишлар барчани огоҳликка чорлади. Наҳотки, шундай масканда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган воқеалар содир бўлган бўлса? Фарғона вилояти халқ таълими бошқармаси ва бошқа мутасаддилар бунга нега бефарқ муносабатда бўлди?

Мазкур жиноят ишида судланувчилар мансаб совуққонлиги, мансаб ҳаракатсизлиги, жуда кўп миқдордаги давлат бюджети маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-тарож қилиш, ҳужжатларни қалбакилаштириш, вояга етмаганларни қийнаш, 16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш, ҳатто, жинсий алоқада бўлиш, шунингдек, вояга етмаган қизни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаш каби жиноятларни содир этганликда айбланган.

Яъни, собиқ директор К. Якубовга нисбатан Жиноят кодекси (ЖК)нинг 207–моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш), 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш), 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги), 115-моддаси (шахснинг ҳомиласини мажбурий равишда сунъий тушириш) бўйича, шунингдек, директор ўринбосари С. Усмонов, бош ҳисобчи А. Мўйдинова, ҳисобчи А. Саидкамолова, фельдшер И. Йўлдошев, тарбиячилар Х. Якубова, Р. Абдуфаттоев, Н. Солиева, энагалар Д. Жўрабоева, Х. Тўраевага нисбатан ҳам Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айблов ҳукми чиқарилди.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти судида судья Р. Арабов раислигида мазкур жиноят иши холислик ва адолат мезонлари асосида кўриб чиқилди.

Хўш, мазкур Меҳрибонлик уйида нима бўлган эди ўзи? Марғилон шаҳар 1-Меҳрибонлик уйи директори Камол Якубов мансабига совуққонлик билан қараган, ўз вазифасига лоқайдлик ва виждонсизларча муносабатда бўлган, муассаса ишини, муассаса тарбияланувчиларини маънавий соғлом ва жисмонан баркамол этиб тарбиялаш борасидаги фаолиятини издан чиқариб юборган, тарбияланувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳамда давлат манфаатига жиддий зиён етишига сабабчи бўлган.

Яна ўқинг:  Хушхабар, рақамлар (2015-29)

Собиржон Усмонов ҳам Меҳрибонлик уйи директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб ўз вазифаси юзасидан бажариши шарт бўлган ҳаракатларни қасддан бажармасдан, ушбу ҳаракатсизликни жиноятга йўл қўйган ҳолда содир этган.

Оқибатда муассаса тарбиячилари Хуршида Якубова ва Наргиза Солиевалар ҳамда энагалар Ханифа Тўраева, Дилдора Журабоевалар меҳнат фаолияти давомида Меҳрибонлик уйида тарбияланаётган, вояга етмаган, мактабгача ёшдаги (3-7 ёш) болаларни муттасил равишда уриб-дўппослаш, уларга шавқатсизларча муомала қилиш, шаъни ва қадр-қимматини камситиш ва бошқа ҳаракатлар билан қийнаб келганлар. Шу каби жиноятларни тарбиячи Равшан Абдуфаттоев ва фельдшер Ихтиёр Йўлдошевлар ҳам содир этган.

Бундан ташқари, вояга етмаган тарбияланувчи Д. Р. тарбияланувчи А. Р. билан ихтиёрий тарздаги жинсий алоқа натижасида ҳомиладор бўлиб қолгани аниқланган. К. Якубов ҳамшира Г. Топволдиева (жиноят ишининг унга нисбатан қисми алоҳида иш юритувига ажратилган) билан олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, муассаса тарбияланувчиси Д. Рнинг ҳомиладор бўлиб қолганини оммага ошкор қилмаслик ва бу билан мансаб мавқеига нисбатан юзага келиши мумкин бўлган салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ғараз ниятда Д. Рнинг ҳомиласини сунъий равишда мажбуран тушириб юборган.

С. Усмонов ва И. Йўлдошев ҳам муассаса тарбияланувчиси А. Р. ва К. Пларга зўрлик ишлатмай, уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этган.

Директор К. Якубов, бош ҳисобчи А. Муйдинова, ҳисобчи А. Саидкамолова ва директор ўринбосари С. Усмоновлар олдиндан жиноий тил бириктириб 167 миллион сўм бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-тарож қилганлар.

Судланувчилар, жабрланувчилар, гувоҳлар ва фуқаровий даъвогар вакили кўрсатувлари бирма-бир эшитилди, – дейди судья Раҳматжон Арабов. – Суд мажлисида тўпланган далиллар атрофлича ўрганилиб, ишнинг ҳар бир ҳолати ва судланувчилар ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилиб, суд томонидан қонуний, адолатли ва асосли қарор қабул қилинди. Судланувчилар К. Якубов ва С. Усмоновга 4 йил, И. Йўлдошевга 3 йилу 6 ой, Р. Абдуфаттоевга 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шунингдек, судланувчилар Х. Якубова, Н. Солиева, Д. Жўрабоева ва Х. Тўраеваларга 3 (уч) йил озодликни чеклаш, судланувчилар А. Муйдинова ва А. Саидкамоловага ЖКнинг 45-моддаси қўлланиб, 3 йил муддатга моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

 

Яна ўқинг:  Мирзо Улуғбек номидаги халқаро олимпиада ғолиблари тақдирланди

18 апрелда бошланган суд ўз ниҳоясига етди. Судланувчиларга тегишли жазо тайинланди. Меҳрибонлик уйида содир этилган бу жиноят барчани янада сергак ва ҳушёр бўлишга чорлаши керак аслида. Халқ таълими вазирлиги бу борада мамлакатимиздаги Меҳрибонлик уйларидаги ҳолатни тўлиқ назоратига олиши лозим. Акс ҳолда, шундоқ ҳам кўнгли ярим бўлган норасидаларга яна озор бериб қўйишимиз мумкин. Шу боис бўлса керак, суд Фарғона вилояти халқ таълими бошқармаси ва Марғилон шаҳридаги Меҳрибонлик уйи раҳбариятига мазкур жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари ва келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан хусусий ажрим чиқарди.

 

Маъсуджон СУЛАЙМОНОВ,

ЎзА

Калит сўзлар:

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: