Математиклар беллашуви якунланди

Алгебра фани асосчиси Муҳаммад ал-Хоразмий таваллуд топган заминда бўлажак математиклар жамланишди. Сабаби бу ерда илк бор халқаро олимпиада ташкил этилди.

Мазкур беллашувнинг асосий синовлари Урганч шаҳридаги “Ёшлик” спорт мажмуасида ўтказилди. Интеллектуал баҳсларни юртимиз ва дунёнинг таниқли математиклари, халқаро экспертлар, профессор-ўқитувчилардан иборат ҳакамлар ҳайъати кузатиб борди.

Бу халқаро олимпиадани ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад буюк алломанинг жаҳон илм-фани ва цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссасини халқаро миқёсда тарғиб қилиш, иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг математика фани бўйича билимини янада мустаҳкамлаш, илм-фан йўлида халқаро ҳамкорликни кенгайтиришдан иборат.

Беллашувда мамлакатимиз ёш математиклари билан бирга 20 дан ортиқ мамлакатнинг 56 олий таълим муассасаси талабалари ўз билимини синовдан ўтказди.

 

Урганч давлат университети маҳобатли ва чиройли экан, – дейди Монголия университети профессори Олзибат Мунҳадава. – Муассасада талабалар учун яратилган шароитлар аъло даражада. Ёшлар билан суҳбатлашганимизда уларнинг билим даражаси, фикрлаши бизда катта таассурот қолдирди. Бизнинг талабаларимиз турли дастурлар бўйича изланишлар олиб боришади, бу борада ёшларингиз билан ҳамкорлик фойдадан холи бўлмайди.

 

– Биз 5 та математик масалани 5 соат давомида ишладик, – дейди Хитойнинг Пекин университети талабаси Мингҳуи Оуянг. – Саволлар алгебра, математик анализ, геометрия, комбинаторика йўналишларини ўз ичига олди. Ҳар бир масала енгил, ўрта, оғир даража асосидаги балл тизимида баҳоланди. Мусобақанинг яхши ташкил этилгани бизга маъқул бўлди. Энг муҳими, унда иштирок этиб, дўстлар орттирганимиздан мамнунмиз.

 

Халқаро олимпиадада энг яхши натижани Хитойнинг Пекин университети, Эроннинг Шариф технология университети, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабалари қайд этди.

Олимпиада иштирокчилари Урганч ва Хива шаҳарларини зиёрат қилди. Қадимий Хоразмнинг тарихи ва бир неча асрлардан буён сақланиб келаётган осори-атиқалари билан танишди. Урганч шаҳри марказидаги буюк мутафаккир аллома номи билан аталувчи боғда бўлишди. Ал – Хоразмий сиймосига ҳурмат бажо келтирилиб, унинг пойига гулчамбарлар қўйилди.

 

Васила ПЎЛАТОВА

Яна ўқинг:  Шарофиддин “Катта дубулға” турнири совриндори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: