Мангуликка ёқилган илм машъали

Илм излаган фидойи инсон борки, ўз билганларини имкон қадар кенг ёйиш ва ҳаётга татбиқ этишни ҳаётий шиорига айлантиради.

Чунки, олим учун илм ўрганишнинг ўзи кифоя эмас, балки уни тараққиёт йўлида сарф этишни ҳам билмоқ лозим.

Тиббиёт фанлари доктори, профессор, Беруний номидаги давлат мукофоти соҳиби, етук биокимёгар олим Эргаш Исаев ана шундай инсонлардан бири эди. Унинг илмий фаолияти, аввало, собиқ Ўзбекистон Биокимё институти ва Ядро физикаси институтида кечди. Тиниб-тинчимас олим изотоплар билан нишонга олинган липосомаларнинг мўлжалланган манзилга етиб келишини ўрганди. Шунингдек, чорвачилик ва пахтачиликда липосомалар ёрдамида қора моллар зотини яхшилаш ва ўсимликнинг касалликка қаршилигини ошириш муаммолари устида ҳам узоқ йиллар бош қотирди. Сўнгра турли дори воситалари липосомаларга ўралиб, Эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази, болалар шифохоналари, онкология, тери-таносил касалликлари, Ўсимликлар биокимёси институти лабораторияларида текширилди.

У киши – “биокимёгарнинг қўлидан ҳамма иш келиши керак, ҳеч қайси техник ёки олим сизга зарур буюмни кўнгилдагидек ясаб беролмайди. Лаборатория сичқонига овқат беришдан то мураккаб электрон техникасини мослаштириб олишгача бўлган жараёнда ўзингизга ишонишингиз керак”, дер эди. Шу боис, устоз иш орасида телевизор ва радио тузатиш бўйича мутахассисликка ҳам ўқишга вақт топган эди.

“Липосомалар фақат қонда ташувчи вазифасинигина ўтаб қолмай, ҳужайра ва тўқималарни тозалайди. Уларнинг тикланишига хизмат қилади”, дерди олим. Москвадаги Кардиология марказида мувафаққиятли ўтказилган тажрибада шу нарса аниқ бўлдики, липосомага ўралган дори воситаси қуён юрагига тез етиб борди ва унинг зарари бошқа аъзоларда аниқланмади.

Маълумки, дори воситаси бир аъзо фаолиятини тикласа, бошқасини зарарлайди. Липосомали усул хақиқатда фанда янгилик эди. Айрим чет давлатларда “Эссенциале”, “Эссел-форте” каби липосомали дори препаратлари ишлаб чиқарилади. Аммо, уларда липидлар соя ўсимлигидан ажратиб олинади. Ҳайвонот дунёсидан липосома ажратиб, ундан фойдаланиш ғояси ва усули ҳамюртимиз Эргаш Исаевга тегишли эди. Бу ихтиро учун олим давлат мукофотига лойиқ деб топилди. 1985 йили устоз “Гормонларнинг самарали сўрилиш механизмида ҳужайра мембранасидаги липидларнинг аҳамияти” мавзусида докторлик диссертациясини ёқлади. Унга чет элдан кўплаб таклифлар келди. Э. Исаев Германия, Хитой каби дунёнинг кўплаб мамлакатларида бўлиб, у ерлик олимлар билан ўзаро тажриба алмашди.

Яна ўқинг:  Тиббий маданият – соғлом ҳаёт асоси

Устоз уч нафар фан доктори ва кўплаб фан номзодларини шогирд сифатида тарбиялади. Олимнинг фанга қўшган ҳиссаси сабаб 30дан ортиқ муаллифлик патентлари олинди.

Ишонамизки, Эргаш Исаевнинг кўплаб шогирдлари келажакда олимнинг илмий ишларини давом эттириб, соҳанинг гуллаб-яшнашига муносиб ҳисса қўшадилар.

 

С. ТУРСУНБАЕВА,

Ўзбекистон Фанлар Академияси

Тарих институтининг фахрий профессори,

Ж. ХОЛИҚОВ, биология фанлари доктори, профессор

М. КАМОЛОВА,

Табиий тиббиёт ва герантология маркази директори

You may also like...

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: