Мамлакатимиздаги барча умумтаълим мактабларида сўнгги қўнғироқ янгради

25 май куни мамлакатимиздаги барча умумий ўрта таълим мактабларида ўқув йили якунига бағишланган «Хайр, мактаб! Салом, коллеж!» деб номланган тантанали тадбирлар бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан ёш авлод камолотига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатларда таълим тизимидаги ислоҳотларни замон руҳига мос тарзда такомиллаштириш, ўқувчи-ёшларнинг китобхонлик маданиятини ошириш, китобхонликни янада ривожлантириш, умумий ўрта таълим мактабларида болаларнинг тўлақонли билим ва тарбия олиши учун зарур барча шароит ва имкониятларни яратиш юзасидан кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда умумтаълим фанларини ўқитишнинг узлуксизлиги ва изчиллигини таъминлаш, замонавий методологиясини яратиш, умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими давлат таълим стандартларини такомиллаштириш, янги ўқув-методик мажмуаларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш юзасидан катта ҳажмдаги ишлар бажарилмоқда. 2016/2017 ўқув йилида ота-оналар, педагоглар жамоаси фикрларини инобатга олган ҳолда синфларда ўқувчилар таркибини белгиланган меъёрдан оширмаслик, айрим фанлардан ўқувчиларни икки гуруҳга бўлиб ўқитиш, ўқув тўгараклари фаолиятини янада жонлантиришга доир чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилди. Шу билан бирга, болаларни турли зарарли ғоя ва таъсирлардан ишончли ҳимоялаш, ўқувчиларнинг дарсларга қатнашишини ўрганиш, ҳуқуқбузарлик бўйича профилактика чораларини кучайтириш юзасидан кенг қамровли лойиҳалар кутилган самараларни берди.

«Ислом Каримов асарлари билимдони», «Энг яхши электрон ахборот-таълим ресурслари», «Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси», «Конституция – бахтимиз пойдевори», «Она юрт оҳанглари», «Болаларнинг техник ижодкорлиги», «Ҳуқуқ билимдонлари» каби кўрик-танловлар ўқувчиларнинг билимларини янада бойитиш ва кенгайтириш, иқтидор соҳибларини аниқлаш, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш имконини берди. Ўқитувчилар ўртасида ўтказилган аниқ, табиий ва ижтимоий фанлар бўйича республика форуми, «Таълим жараёнида АКТнинг роли», «мактаб – маҳалла – оила» ҳамкорлигини мустаҳкамлашга оид конференциялар, семинарлар дарсларни янада мазмунли ўтказиш, маърифий-тарбиявий ишлар унумини оширишда асосий омил бўлди. Айни пайтда «Ораста қизлар», «Яшил сайёрамиз тақдири ўз қўлимизда» мавзуидаги кўрик ва фестиваллар, китобхонлик ҳафталиклари болаларнинг тиббий, экологик маданиятини юксалтириш, ўқувчиларнинг китобга бўлган меҳрини кучайтиришга хизмат қилади.

Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги 9-умумтаълим мактабида ҳам ўқув йили якунига бағишланган «Хайр, мактаб! Салом, коллеж!» номли тадбир тантанали ва самимий руҳда ўтди. Унга ота-оналар, педагоглар, маҳалла фаоллари таклиф этилди.

Яна ўқинг:  САРА ДАРСЛИКЛАР ТАНЛОВИ

– Таълим соҳасидаги кенг қамровли ислоҳотлар бизнинг ўқув масканимиз фаолиятида ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда, – дейди мактаб директори Дилдора Тўлаганова. – Бу йил тўққизинчи синфни 58 нафар ўқувчи битираяпти. Уларни касбларга йўналтириш, мутахассисликка оид билимларини ошириш мақсадида коллеж ва лицейларда «Очиқ эшиклар куни» каби маърифий тадбирлар ўтказилди. Ўқувчилар ўртасида мунтазам тарзда ўтказилган сўровномалар болаларни умумий ўрта таълим мактабидан сўнг касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларга тўлақонли қамраб олишда, уларнинг фикрини тўғри шакллантиришда муҳим аҳамият касб этди.

Тадбирда ёш авлод камолоти ва истиқболи йўлида кўрсатилаётган чексиз меҳр-эътибор ўқувчиларнинг билим олишга бўлган иштиёқи ва қизиқишини тобора кучайтиришга пухта замин яратаётгани таъкидланди. Йил давомида турли ижодий ва маърифий танловлар, билимлар беллашувларида, спорт мусобақаларида фаол қатнашган ўқувчиларга фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигидан маълум қилишларича, жорий ўқув йилида умумий ўрта таълим мактабларини 467 мингдан ортиқ ўқувчи тамомлайди. Улар ўқитишнинг кейинги босқичи – касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларга тўлиқ қамраб олинади.

Назокат УСМОНОВА,

ЎзА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: