Мамлакатимизда умумхалқ хайрия ҳашари бошланди

Мустақиллигимизнинг 27 йиллигига тайёргарлик кўриш ҳамда Қурбон ҳайити байрамини муносиб нишонлаш мақсадида ташкил этилган ушбу умухалқ хайрия ҳашарида барча ҳамюртларимиз фаол қатнашмоқда.

Миллий анъана ва қадриятларимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, уларнинг асл мазмун-моҳиятини ёш авлодга безавол етказиш масаласи мустақиллик йилларида устувор аҳамият касб этмоқда. Азалий қадриятларимизнинг ажралмас бўлаги ҳашарда – халқимизнинг аҳиллиги, ҳамжиҳатлиги, саховати, юртига садоқати янада яққол намоён бўлади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши асосида жорий йил август ойи мамлакатимизда ободонлаштириш ва тозалик ойлиги, 18-19 август кунлари умумхалқ хайрия ҳашари куни, деб эълон қилинди.

Эрта тонгданоқ мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида умумхалқ хайрия ҳашари кўтаринки руҳда, уюшқоқлик билан бошланди.

Ҳашар кунлари маҳаллалардаги 37 минг гектарга яқин майдонни ободонлаштириш, 24 минг километрдан зиёд узунликдаги ариқ ва лотокларни тозалаш, 8 мингдан ортиқ қабристон ҳамда 760 тадан зиёд зиёратгоҳ ва қадамжоларни ободонлаштириб, тартибга келтириш, 10 миллионтага яқин дарахтларни оқлаш, буташ, маиший чиқиндиларни махсус жойларга ташиб чиқариш кўзда тутилган.

“Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” акцияси ўтказилиб, 17 мингдан ортиқ кам таъминланган оилаларнинг 250 минг метр квадратга яқин уй-жойини ҳашар йўли билан таъмирлаш, 20 мингдан зиёд эҳтиёжманд оилаларга, шундан 11 минг нафардан ортиқ ногирон ва ёлғиз қариянинг, минг нафардан зиёд уруш ва меҳнат фронти фахрийларининг ҳолидан хабар олиб, уларга моддий ёрдамлар кўрсатиш назарда тутилган.

Тадбирларни амалга ошириш ишларида 17 миллион нафардан зиёд фуқаронинг иштироки режалаштирилмоқда. Шулардан 9 миллионга яқинини ёшлар ташкил этади.

Аслида турар-жойлар, маҳалла-кўй, теварак-атрофни тоза ва озода сақлаш халқимизга хос фазилат. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан одамлар оғирини енгил қилиш, халқимиз учун муносиб турмуш, меҳнат шароитларини яратиш борасида амалга оширилаётган эзгу саъй-ҳаракатлар натижасида юртимиз қиёфасини тубдан ўзгартириш, уни янада обод, гўзал, озода қилишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Халқимизни кучли ижтимоий ҳимоялашга йўналтирилган «Обод маҳалла», «Обод қишлоқ» дастурларининг изчиллик билан ҳаётга жорий этилаётгани янги-янги турар жойлар, тиббиёт таълим, спорт-соғломлаштириш масканларини барпо этиш, мавжудларини тубдан таъмирлаш, реконструкция қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 28 июндаги «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма етти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ жойларда энг улуғ, энг азиз айёмимизга алоҳида тайёргарлик кўрилмоқда. Намунали лойиҳалар асосидаги янги-янги турар жойлар, ижтимоий объектлар, болалар майдончалари қурилиб фойдаланишга топширилмоқда.

Яна ўқинг:  Рангин туйғулар намойиши

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ҳамда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқарувида умумхалқ хайрия ҳашарини юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Ишчи гуруҳи тузилди. Ўтказилаётган ҳашар давомида кўп минг гектарли майдонга эга ҳудудлар ободонлаштирилиб, ариқ-зовур ва лотоклар тозаланяпти. Зиёратгоҳлар, қабристонлар тартибга келтирилмоқда. Дарахт ва кўчатларга шакл берилиб, оқланди. Ҳашар ишларига энг замонавий техника воситалари жалб этилиб, маиший чиқиндилар белгиланган жойларга ташиб чиқарилди.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, якка-ёлғиз кексалар ҳам эътибордан четда қолмаяпти. Кам таъминланган оиланинг уй-жойи ҳашар йўли билан таъмирланмоқда. Эҳтиёжманд оилалар, жумладан, ногирон ва ёлғиз қарияларнинг ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ёрдам берилмоқда.

Ҳашар кунлари юртими

з маҳаллаларида кўплаб савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объекти – дўкон, гўзаллик салони, сартарошхона, дорихона, тўйхона, кутубхона, новвойхона, маҳалла гузари, нуронийлар маркази фойдаланишга топширилаяпти. Янгидан-янги маҳалла фуқаролар йиғини бинолари, болалар спорти майдончалари, мўъжаз ўйингоҳлар ишга туширилмоқда.

Қутлуғ айём арафасида 18-19 август кунларига белгиланган ҳашар давомида бу борадаги эзгу ишлар ҳажми янада ортди. Кўча ва хиёбонлар, боғлар янада саранжом саришта ҳолатга келтирилмоқда. Ариқ ва зовурлар, каналлар, анҳор соҳиллари турли чиқиндилардан тозаланиб, янада файзли қиёфа касб этмоқда. Йўллар асфальтланиб, дов-дарахтлар, арча ва буталарга шакл берилмоқда. Муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, қабристонлар тозаланмоқда.

Ҳамжиҳатлигимиз ва аҳиллигимиз рамзи бўлган умумхалқ хайрия ҳашарида ёшлар фаол қатнашмоқда. Улар қалбига «Ободлик кўнгилдан бошланади» деган ғояни чуқур сингдиришга, ўз уйи, маҳалласи, меҳнат жамоаси ҳудудини тоза-озода сақлашига, ўз юрти, жамият олдидаги ижтимоий бурчини теран ҳис этишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ҳашар кунларида халқимизга хос бўлган саховат, меҳр-мурувват, ватанпарварлик, юрт тақдири учун дахлдорлик туйғусини ҳар бир юртдошимиз намойиш этмоқда.

Назокат Усмонова,

ЎзА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: