Конституция — ҳаётимиздаги улкан ўзгаришларнинг ҳуқуқий асоси

Тарихда шундай кунлар, воқеалар бўладики, улар авлодлар хотирасида муҳрланиб қолади. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинган кун биз учун ана шундай унутилмас сана ҳисобланади. Шу боис, ҳар йили мамлакатимизда 8 декабрь – Бош қомусимиз қабул қилинган кун умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланади.

Конституциямиз энг ривожланган, тараққий топган демократик давлатларнинг тарихий тажрибаси ва жаҳон конс­титуциявий амалиётига таянган ҳолда яратилган. Асосий қонунимиз БМТ ҳужжатларига, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясига, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига асослангани билан аҳамиятлидир.

Таъкидлаш жоизки, халқимизнинг истиқлол ва озодлик учун олиб борган машаққатли кураши, миллий манфаатларимиз ва интилишларимизга асосланган халқаро ҳуқуқ нормалари билан қиёсланган муҳим ҳужжатни қабул қилиш билан Ўзбекистон бутун дунёга инсон ҳуқуқларининг муқаддаслиги ва давлат суверенитети ғояларига содиқлигини расман эълон қилди. Ўша дақиқадан эътиборан халқимизнинг ўз тақдирини ўзи белгилаши, ўз миллий бойликларига ўзи эгалик қилиши асосий Қонунда муҳрлаб қўйилди.

Дарҳақиқат, Бош қонунимиз халқимизнинг келажакка, ёруғ кунлар келишига бўлган ишончини мустаҳкамлади. Уни эзгу мақсадлар теварагида бир жон – бир тан қилиб бирлаштирди, синовлардан ўтишида руҳий ва маънавий мадад бўлди. Инсон ҳақида ғамхўрлик, унинг қонуний мафаатларини ҳимоя этиш, хуқуқларини таъминлаш асосий тамойил ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси негизида аҳолини ижтимоий муҳофазалашга қаратилган юздан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Бош қомусимизнинг 45-моддасида “Вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир” деб, ижтимоий таъминотга муҳтож қатлам бевосита ва билвосита давлат ҳимоясида экани кўрсатилган. Шунингдек, Президентимизнинг “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари мазкур йўналишдаги ислоҳотларни, эзгу амалларни янада юқори поғонага кўтарди.

Йигирма олти йил ичида шаҳар ва қишлоқларимизнинг қиёфасидагина эмас, балки юртдош­ларимизнинг турмиш тарзи, тафаккури, дунёқарашида ҳам катта ўзгаришлар юз берди. Истиқлол йилларида туғилиб, ҳурлик ҳавосидан баҳра олиб ўсган янги авлод камол топмоқда. Ўзбек халқи мураккаб, глобаллашув шароитида дунё аҳли билан бап-баравар қадам ташлашга қодир миллатга айланди. Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсида нуфузи ортди, шон-шуҳрати юксалди, мустақилликнинг сиёсий ва иқтисодий негизи мустахкамланди.

Яна ўқинг:  Хушхабар, рақамлар (2014/37)

Мухтасар айтганда, улкан меҳнат, машаққатлар эвазига яратилган Бош қомусимиз нафақат демократик тараққиётимизнинг кафолати, балки ижтимоий ҳаётимизда содир бўлаётган улкан ўзгаришларнинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилаётир. Негаки, унинг бош ғояси инсонпарварлик, фуқароларнинг эркин ва фаровон ҳаёт кечириши учун шарт-шароит яратишдан иборатдир.

Нўъмон АКБАРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: