Кўҳна ва боқий Бухоро

Ҳар бир халқ ўз ўтмиши, ота-боболари билан фахрланиши мумкин. Лекин дунёда жаҳон цивилизациясига улкан ҳисса қўшган, асарлари ўша пайтда энг нуфузли даргоҳларда чуқур ўрганилган, ҳозирда ҳам қадр-қимматини йўқотмаган ҳамда машҳур донишманд, олиму фузалолар етишиб чиққан ўлкалар саноқли.

Улар орасида Ўзбекистоннинг ўрни бениҳоя каттадир. Бундан фахрланмай, тўлқинланмай бўладими?!

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ғояси ва ташаббуси билан 2010 йилда барпо этилган “Бухоро маданий маркази” мажмуига кирувчи “Кўҳна ва боқий Бухоро” монументи доимо одамлар билан гавжум. 107 гектар майдонни эгаллаган ушбу сўлим масканда, шунингдек, вилоят мусиқали драма театрининг янги, муҳташам биноси ҳамда амфитеатр қад ростлаган. Мазкур мажмуа ёш авлод вакиллари учун уюштириладиган экскурсиялар нафақат мароқли маданий ҳордиқ чиқаришга, балки киши маънавий дунёсини бойитишга, шу муқаддас замин, унинг тарихи, улуғ аждодларимиз учун фахрланиш ҳиссини кучайтиришга, ватанпарварлик ва юртга садоқат туйғусини шакллантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

“Кўҳна ва боқий Бухоро” монументида боқий, умуминсоний қадриятлар акс эттирилган. У улуғ аждодларимизга муносиб бўлиш ва мустақил юртни обод этишга, авлодлар анъанасига содиқликка ундайди. Мазкур обиданинг яна бир муҳим жиҳати, унда оила муқаддас, инсон ҳамиша ўзидан эзгу ном қолдириши керак, деган чуқур фалсафий ғоя мужассам. Монумент ёшларни буюк зотларнинг авлоди эканимизни теран англашга, ота-боболаримизга муносиб фарзанд бўлишга чорлайди.

Бухоро ақл-заковати, илму маърифати билан юртини шарафлаган, башарият тамаддуни ривожига беқиёс ҳисса қўшган, кўплаб улуғларга бешик бўлган муқаддас заминдир. Монумент деворининг пастки қисмига бу ерда яшаб ижод қилган, жаҳон илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшган Абу Али ибн Сино, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Бухорий, Абу Ҳафс Кабир, Муҳаммад Наршахий ва бошқа улуғ зотларнинг номлари зарҳал ҳарфлар билан битилган. Айниқса, монумент марказий қисмидан ўрин эгаллаган ота-она ва бола, ниҳол ўтқазаётган бобо ва невара, уй бунёд этаётган ота ва фарзанд кўриниши умрнинг ўткинчилиги, киши эзгу ишлари ва эл-юртининг келажаги билан барҳаёт эканлигига урғу берилган.

Монумент зиналаридан кўтарилиб, ён-атрофга назар ташласангиз, Маданий марказ ҳудудига элтадиган барча йўллар салобатли “Кўҳна ва боқий Бухоро” қаршисида туташишини кўрасиз. Ажойиб ва бетакрор манзара. Обида тепасида ўрнатилган ер шари шаклида мустақил давлатимиз харитаси тасвирланган. Монументда ўзбек, араб ва инглиз тилларида “Илм ўрганмоқ ҳар бир мусулмон эркак ва аёл учун фарздир” жумласи битилган. Аждодларимизнинг буюклиги, тарихда ўчмас из қолдириши илм зиёси сабаблидир. Демак, буни асрлар оша келаётган ўгит, камолотга элтувчи даъват, эзгу мақсадларни рўёбга чиқариш манбаи сифатида қабул қилишимиз лозим. Бу эса тинимсиз ўқиб-изланиш, дунёқараш ва тафаккурни юксалтиришни англатади.

Яна ўқинг:  Кальций эрта қаришнинг олдини олади

 

Каримжон ХЎЖАМУРАТОВ,

Тошкент иқтисодиёт ва бизнес коллежи ўқитувчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: