Китоб ўқиётган бола қуёшдан қувват олаётган ниҳолдир

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши адабиёт аҳли, ноширлар ва китобсеварларнинг айни дилидаги эзгу ниятлари ифодаси бўлди, десак асло муболаға бўлмайди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Шуҳрат” медали соҳибаси, таниқли болалар шоири Кавсар ТУРДИЕВА билан ушбу ҳуқуқий ҳужжатнинг ёшларимиз қалбида китоб мутолаасига бўлган қизиқишни ошириш, улар ўртасида китобхонликни тарғиб қилишдаги тутган ўрни хусусида суҳбатлашдик.

– Кавсархон, келинг дастлаб ушбу тарихий фармойишнинг мазмун-моҳияти ҳақида қисқача суҳбатлашсак…

– Муҳаббат опа, бизнинг ёшлик давримизда китоб чоп этиш қийин бўлса-да, аммо ижодкорлик масъулияти ниҳоятда катта эди. Менга ушбу ҳуқуқий ҳужжатда китобга бўлган эътибор кенг кўламда қамраб олингани, жумладан, унинг яратилиши, ўқувчиларга етиб бориши, китобхонлик маданияти, китоб тарғиботига тизимли ёндашув талаби жуда манзур бўлди. Айниқса, китобга меҳрни таълим муассасалари орқали амалга ошириш, ўқув адабиётларини сифатли бадиий асарлар билан бойитиш, мактабгача, мактаб ва мактабдан ташқари ўқиш учун ўзбек ва чет эл адибларининг мумтоз ва замонавий асарларини танлаб, хрестоматия адабиётлари рўйхатларини қайта кўриб чиқиш ҳақидаги фикрлар жуда ўринли, деб ўйлайман.

– Бугун юртимизда китоб нашрига жуда катта эътибор қаратиляпти. Бироқ бу асарларнинг барчаси ҳам бадиий, маърифий, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга ҳизмат қилади, деб бўлмайди. Демак, энди фақат сон эмас, сифатга ҳам катта эътибор қаратилади. Бу эса мазмунан саёз турли хил асарларнинг “болалаб кетиши”, китобхон диди ўтмаслашининг олдини олиши, шубҳасиз.

– Эсимда, 1-синфлигимда онамнинг дугоналари Сорахон опа қизларининг болалар кутубхонасини менга совға қилган эди. Ўшанда китобларга маҳлиё бўлганим, уларни ёйиб томоша қилганим асло ёдимдан чиқмайди. Ана шу китоблар ҳам менинг болалар шоираси бўлиб шаклланишимда бир зинапоя вазифасини ўтаган, десам бўлади.

– Афсуски, бир муддат китоб одамлар назаридан четда қолди. Туғилган кунлар ва байрамларда китоб совға қилишга уяладиган бўлишди. Эҳтимол бунга китобларимизнинг дизайни ночорлиги ҳам сабаб бўлгандир. Минг шукр бугунги кунда мамлакатимизда кўзни қувонтирадиган, ҳам ўқишли, ҳам кўримли китоблар нашр этилмоқдаки, савдо пештахтасига нигоҳи тушган харидор уни албатта боласига совға қилгиси келади.

Яна ўқинг:  Байрам ва тараддуд: муаллим ўқувчининг қандай совғасига муносиб?

– Назаримда, олалар учун мўлжалланган китоблар рекламаси китоб муаллифлари – шоир ва ёзувчилари билан биргаликда амалга оширилиши мақсадга мувофиқ. Шунда ёзувчи шахсини таниган ёки китобхонларда унинг асарларига бўлган қизиқиш янада ортади. Афсус билан тан олиш керакки, юртимизда бадиий китоб чиқариш ёшларимиз орасида урфга кирди, дейиш мумкин. Бунга фарзандларини бадиий ижод йўналишидаги танловларда фахрли ўрин олиши учун саёз ижод намуналарини муҳаррирларга қайта ёзиш даражасида таҳрир қилдириб, чоп этаётган ота-оналар, шуҳратга эришиш учун чалакам-чатти асарларни чоп этаётган “ижодкорлар” ҳам сабабчи, десак муболаға бўлмайди. Катталар адабиётида бу ҳолга маълум даражада кўз юмиш мумкиндир, лекин болалар адабиётида бунга сира йўл қўйиб бўлмайди.

– Аммо бундай “асар” мактаб дарслигида бўлса-чи?

– Бу энди ундан-да аянчли ҳол. Қани бир дақиқага қийналиб ёдлайдиган, мисралари оғир талаффуз қилинадиган, болалар ҳаёти, тасаввуридан узоқ бадиий ночор асарни мажбуран ёдлаётган болани кўз олдингизга келтиринг. “Болалар ижодкорлари ҳақиқий сеҳргар бўлиши керак” деган гап ниҳоятда ҳаққонийдир. Улар ҳар бир бадиий асарни мўъжизадай қабул қилишади. Фақат болалар ижодкорларининг қўлидаги сеҳрли таёқ оддий таёққа айланиб қолмаслиги керак. Сўнгги йилларда китобга, матбаачиликка бўлган эътибор нисбатан кучайди. Аммо юқорида айтганимдай, тизимли ёндашув амалга ошмаган эди.

– Бугун ёшларимиз хориж тилларини ўрганишмоқда. Инглиз, корейс, япон, испан каби ўнлаб миллат ёзувчилари асарларини ўзбек тилига таржима қилишяпти. Мен улардаги жасоратни ҳурмат қиламан. Бироқ ёш таржимонларимиз бироз шошилишмаяптимикан?! Нега десангиз, жаҳон адабиётининг дурдона асарларини таржима қилиш учун ўша ёзувчи услубини тушуниш, ўзбек тилининг жозибаси, сўз ранглари, маъносини яхши англаш керак, назаримда. Буни бежиз айтмадим. Биз Сергей Есенин асарларини Эркин Воҳидов, Анна Ахматова, Марина Цветаеванинг бетакрор шеърларини Зулфия таржимасида севиб ўқиганмиз. Улар истеъдодига, шу билан бирга таржимонлик маҳоратига қойил қолганмиз…

– Албатта, бадиий таржима масаласи ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Ва яна болалар адабиётига, хусусан, шеъриятига қайтаман. Бу соҳада икки карра истеъдод талаб қилинади. Ёшлигимда С. Маршакнинг “Аҳмоқ сичқонча” эртаги таржимасини онам раҳматли айтиб берардилар. Эртакда аҳмоқ сичқончага онаси алла айтади. Аммо унга бу алла ёқмайди ва у “Бўлди ёқмади созинг, пий-пий экан овозинг” дейди. Она шўрлик бирин-кетин бошқа ҳайвонларни боласига алла айтиш учун чақиради. Аммо уларнинг алласидан ҳам ахмоқ сичқонча норози бўлади ва ҳар бир жониворга худди шу жавобни беради: бўлди ёқмади созинг, мў-мў экан овозинг (сигирга), хр-хр экан овознинг (чўчқага), вақ-вақ экан овозинг (бақага) ва ҳоказо. Ана шу чўпчак оиламизда бир неча авлод болажонлари тилида энг севимли эртак бўлиб қолмоқда. Чунки энг кичик ёшдаги болалар учун мўлжалланган асардаги барча нарса бу ерда бор: қайтариқлар, тақлидий сўзлар, соддалик.

Яна ўқинг:  Олий Мажлис Сенати аъзоси сайлови бўлиб ўтди

Ана шу ўринда айнан жуда кичик ёшдаги ва биринчи синф ўқувчиларига мўлжалланган қисқа шеърлар, ҳикояларни китобхонлар орзиқиб кутишмоқда.

Яна таржимага қайтсак. Кейинчалик Маршакдаги бу эртакнинг рус тилидаги варианти менга унчалик манзур бўлмаган. Яхши ва зўр таржималар айнан шундай бадиий юксак савияда бўлиши керак, деб ўйлайман. Бунинг учун таржима қилаётган асарни ҳис қилиш, ритми, оҳанги, динамикаси, руҳиятини ўз тилингизда қайта яратишингиз керак. Бу жараён ҳам машаққатли, ҳам ниҳоятда завқлидир.

– Бундан икки йил аввал Қибрай туманидаги маҳаллалардан бирида адиба Турсуной Содиқова билан учрашув бўлди. Опа билан мазза қилиб суҳбатлашган маҳалладагилар унинг китобларини катта қизиқиш билан сотиб олишди. Шунда яна бир бор амин бўлдимки, халқимиз, айниқса, униб-ўсиб келаётган ёш авлод ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилишда эл севган ижодкорлар билан тез-тез ижодий учрашувлар ўтказиш яхши самара берар экан…

– Албатта. Халқимиз ёзувчи-шоирларни, санъаткорларни жуда қаттиқ ҳурмат қилади. Ижод аҳли билан юзма-юз суҳбатлашиш, улар учун айни муддао. Шундай экан бундан китоб савдоси билан шуғулланувчи, маркетинг ходимлари унумли фойдаланишлари керак. Ишончим комил ёзувчининг дастхати туширилган китобни эсдалик олиш ҳеч кимга малол келмайди.

Кўпинча вилоятлардаги танловларда ҳайъат аъзоси сифатида қатнашганимда деярли барча ўқитувчилар сиз билан учрашув ўтказсак, болаларимиз хурсанд бўлишарди, дейишади.

 

Фикримча, мактабларда ҳам ана шундай учрашувларни мунтазам ташкил этиш зарур. Бунинг учун шоир-ёзувчиларнинг таваллуд айёмлари энг яхши имконият.

 

Мана бу йил Анвар Обиджон юбилейини республика миқёсида нишонлаш – барча китобсеварлар учун севимли шоири билан учрашиш имкониятини яратади.

– Яқинда маҳалла оқсоқолига ҳудудингизда жой бор, шу ерда бир кутубхона қурсак, менда салкам мингта китоб бор, совға қиламан. Яна саховатли кишилар ёрдамида марказ фондини китоб билан бойитамиз, деган таклиф билан чиқдим. Оқсоқолдан эса ҳозир китобларнинг электрон вариантлари телефонда ҳам, интернетда ҳам бор. Истаган одам ўша ердан ўқиб олаверади, деган жавобни эшитдим. Мен бу фикрни унчалик ҳам тўғри, дея олмайман. Биринчидан, ҳаммада ҳам қимматбаҳо телефон ёки компьютер бўлавермайди. Иккинчидан, китоб бу мўъжиза. Унинг ўз оҳанрабоси бор. Унинг ҳар саҳифасини варақлаганингда танингда ҳузур сезасан, кўзларинг сатрлар устида югурар экан, қалбингда ажиб ҳаяжон, титроқ туради. Шундай эмасми?

Яна ўқинг:  Ўзбекистонда 500 та энг яхши чет эл ОТМларининг дипломлари махсус синовларсиз нострификацияланади

 

– Фикрингизга тўлиқ қўшиламан. Китоб ўрнини ҳеч қандай компьютер боса олмайди. Китоб ўқиш завқи ўзгача. Энг аввало шуни айтиш керакки, компьютер ва телефонга узоқ тикилиб ўтириш болалар соғлиғи учун ҳам зарар. Қолаверса, китобни ўқиб, тугатгандан сўнг худди жонли инсон билан мулоқот қилгандай мулоҳаза қила бошлайсан. Ноутбук, телефон эса электр манбаи, батареялар ва бошқалар билан боғлиқ. Китобни эса йўлда ҳам чўлда ҳам ўқиш мумкин. Бу китобнинг инсонга садоқати. Шунинг учун инсон ҳам ўзининг беминнат дўстига содиқ қолиши керак.

– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.

 

Муҳаббат ҲАМИДОВА

Суҳбатлашди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: