Изланишлар кенг имкониятлар яратади

Инсон ҳаётида шундай онлар бўладики, у ҳеч қачон унутилмайди. Балки, умрининг энг ёрқин саҳифаларидан бири бўлиб, ёдида бир умр муҳрланиб қолади. Тошкент шаҳридаги 5-клиник шифохонаси ҳамшираси Дилноза Абдиеванинг республика ҳамширалар танловида ғолиб бўлган кун ана шундай шодумон кунлардан бирига айланди.

Шу куни унинг кўз олдидан кейинги икки-уч ой ичида ўтган кунлари бирма бир ўтди. Дилноза муттасил равишда касбий маҳоратини қайта оширди, қўшиқ айтиш, рақсга тушиш, шеърни маромига етказиб айтишни машқ қилди. У кўрик-танловнинг танишув, касбий маҳорат, биринчи тез тиббий ёрдам, маънавият ва маърифатга доир саволлар, эркин мавзу бўйича шартларига астойдил тайёргарлик кўрди. Шунингдек, барча саволларга соғлом турмуш тарзи, репродуктив саломатлик, соғлом авлод – комил инсон демакдир, деган нуқтаи назардан жавоб берди.

Натижада Дилноза Абдиева Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг буйруғига асосан Ўзбекистондаги у истаган олий ўқув юртига грант асосида ҳеч бир синовсиз ўқишга кириш ҳуқуқини қўлга киритди. Шунингдек, «Матиз» автомобили билан тақдирланди.

– «Ҳамширалар» республика танловида ғолибликни қўлга киритган Дилноза Абдиевага тинимсиз меҳнат, изланиш ва умид ҳамроҳ бўлди. Боровский номидаги тиббиёт коллежини тугатган тириш­қоқ, ўз касбини дилдан севган бу ҳамшира қиз 2011 йилдан бери шу клиниканинг жарроҳлик бўлимида фаолият юритиб келмоқда. Дилнозанинг бундай улкан муваффақиятга эришишида жамоадаги тиббиёт ходимларининг ҳам муносиб хиссаси бор. Чунки, Д.Абдиева босқичма-босқич танловларда иштирок этган кунлари ҳамкасб дугоналари унинг ўрнини билдирмай, беморларни меҳр билан парвариш қилиш орқали уни қўллаб-қувватлаб турдилар, – дейди пойтахтдаги 5-клиник шифохона бош шифокори Г.Кенжаева.

Шу қаторда бош шифокор ўринбосари Д.Содиқова, меҳнат фахрийси Э.Ҳайдарова, клиника дорихона мудираси А.Исматуллаева, қабул бўлими катта ҳамшираси М.Сафаевалар сўзга чиқиб, Дилноза Абдиевани ғалаба билан қутладилар.

Беморлар соғлиги учун хормай-толмай ҳаракат қилаётган Дилноза Абдиевани мазкур мукофот билан табриклаймиз.

Нодира ДЎСТХЎЖАЕВА,

доцент

Яна ўқинг:  ҚАТРАЛАР

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: