“Innoweek” – инновацион ғоялар ҳафталиги бошланди

Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ”да 22-26 октябрь кунлари хорижий илмий-инновацион марказлар, инвестицион фондлар, технологик агентликлар, технопарклар ва бизнес инкубаторлар иштирокида “INNOWEEK” инновацион ғоялар ҳафталиги бўлиб ўтади. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ташкил этилмоқда.

22 октябрь куни ОАВ вакиллари иштирокида пойтахтимизнинг Ёшлар пресс клубида пресс-брифинг ўтказилди. Шу куни журналистлар учун Тошкент шаҳридаги инновацион инфратузилмалар бўйлаб (“Автосаноат” инновацион маркази, Геномика ва биоинформатика маркази, D. M. С. инновацион клиникаси, Илғор технологиялар маркази) экскурсия ҳам ташкил этилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Австриянинг Вена тиббиёт институти ҳамкорлигида юртимизда илк бор Тошкент шаҳрида 2 та “VPPS 2010” экологик гулчанги қопқонлари ўрнатилгани муносабати билан тақдимот бўлиб ўтди. Бу билан эндиликда пойтахтимиз аҳолисида мавсумий аллергияларни назоратга олиш имконияти пайдо бўлади. Бунда ҳозирча пойтахтимизнинг икки нуқтасига ўрнатилган гулчанги мониторинги станциялари ёрдам беради. Айни кунларда Мирзо Улуғбек туманида жойлашган Доктор Мақсудова номидаги инновацион клиникаси ҳамда Олмазор туманидаги Илғор технологиялар марказига ўрнатилган гулчанги қопқонлари гуллаган ўсимликларнинг чангларига бўлган аллергияни назорат қилиш имконини беради.

23 октябрь куни Халқаро инновацион ярмарка очилди. Мазкур халқаро инновацион инвестицион форумда “2019–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегияси” моҳиятини оммага етказиш ва Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилга келиб Глобал инновацион индекс рейтинги бўйича жаҳоннинг 50 илғор мамлакати қаторига кириши учун зарур бўлган шарт-шароитларни яратиш бўйича муҳокама бўлиб ўтди.

“INNOWEEK”дан кўзланган асосий мақсад давлат органлари, эркин иқтисодий ва кичик тадбиркорлик субъектлари, технопарк ва хусусий тадбиркорлик муассасалари ва шу билан бирга, иқтисодиётнинг реал секторлари билан илмий академик ва саноат илмий тадқиқотчилик муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни чет элнинг етакчи сармоядор фондлари, инновацион марказлари ва бошқа ташкилотлари иштирокида мустаҳкамлаш, инновацион ғоялар ва технологияларни лойиҳалаш, ишлаб чиқиш ва жорий этишга сармояларни кенг жалб этиш, давлат ва хусусий секторлардаги ютуқ ва илм-фанни ички ва ташқи бозорда амалда самарали татбиқ этиш, саноат корхоналарини жадал такомиллаштиришга, илмий-тадқиқот муассасалари, хусусий тадбиркорлар ва инвесторлар ўртасида кооперация алоқаларини кенгайтиришга йўналтирилган минтақавий ва халқаро алоқаларни ривожлантиришдан иборат.

Инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида кейинги кунлар ижтимоий, молия-банк, қишлоқ хўжалиги, иқтисодиётнинг реал сектори ҳамда давлат бошқарувидаги инновациялар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 июлдаги “Илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини тижоратлаштириш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган шартнома асосида харид қилиш орқали тижорат йўналишидаги ишланмаларнинг намойиши бўйича конференция бўлиб ўтади.

Яна ўқинг:  ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ – ЭЪТИБОРДА

Ушбу кўргазмада маҳаллий ва хорижий инновацион ва илмий марказлар, инвестиция жамғармалари, технология агентликлари, технопарклар ва бизнес инкубаторлари вакиллари фаол иштирок этмоқда.

Мазкур Халқаро инновацион инвестицион форумга Австрия, Буюк Британия, Нидерландия, Италия, Исроил, Россия, Туркия, Эстония, Эрон, Қозоғистон, АҚШ каби дунёнинг 30 дан ортиқ давлатларининг 53 та нуфузли халқаро ташкилот ва компания вакиллари, илм-фан ва инновациялар соҳасининг етук мутахассислари ташриф буюрган. Ташриф давомида мазкур ташкилотлар билан вазирлик ва вазирлик тасарруфидаги ташкилотлар ўртасида 7 та шартнома ва 21 та меморандум имзоланади.

“INNOWEEK” – инновацион ғоялар ҳафталиги 26 октябрга қадар давом этади.

 

Хуршида ҲУСЕНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: