Инновацион аллергия паспорти яратилди

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ходимлари халқаро экспертлар билан ҳамкорликда ноёб ҳужжат – молекуляр даражада аллергик таъсирчанлик паспорти, оддийроқ қилиб айтадиган бўлса аллергия паспортини жорий этиш бўйича дастурни амалга оширмоқдалар.

Бундай зарурат болалар ва ўсмирларда турли хил хасталиклар, жумладан астма ва анафилаксия касалликларининг кўпайиши натижасида пайдо бўлди. Шу муносабат билан аллергенларга индивидуал сезувчанликни аниқлаш, олинган натижаларни тўғри таҳлил қилиш ҳамда натижаларни мутахассислар ва ота-оналар учун махсус бланкка киритиш талаб этилади.

Паспорт икки хил шаклда чиқарилади. Ҳужжатнинг шошилинч тиббий хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган шакли аллерген манбалари ва юқори хавф туғдирадиган алоҳида молекулалар ҳақидаги маълумотлар, шунингдек, QR-код (тез таъсир кўрсатадиган код)ини ўз ичига оладиган икки томонлама пластик карта тарзида тақдим этилган. QR-код катта ҳажмдаги маълумотларни ўз ичига олади ва молекуляр текширув бўйича тўлиқ ахборот ёзилган қоғоз шаклли паспортдаги барча маълумотларни ўқиш имконини беради. Масалан, беморга шошилинч ёрдам керак бўлиб қолганида, шифокорлар зарур маълумотларни QR-код орқали билиб олишлари мумкин бўлади.

Таъкидлаш жоизки, муайян боланинг таъсирчанлиги тўғрисидаги тўлиқ маълумот, яъни унинг шахсий аллергик паспорти аллергик касалликларни ривожланишини олдини олишнинг самарали усулларини танлаш ва тўғри даволаш учун замин яратади. Аллергиянинг ривожланишини олдини олишда ўз навбатида, ота-оналарнинг тиббий маълумотларга эга бўлиши ҳам зарур. Мазкур паспортнинг жорий этилиши касаллик ривожланишининг бошланғич босқичида уни тўхтатиш имконини беради.

Яна ушбу паспорт Ўзбекистон фуқароларининг хорижга сафарлари чоғида ишлатилиши мумкинлигини назарга тутган ҳолда паспорт инглиз ва рус тилларидаги маълумотларни ҳам ўз ичига олади.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари 2019 йилнинг январь ойидан бошлаб шахсий аллергия паспортларини олишлари мумкин.

Яна ўқинг:  НОЁБ ДИЗАЙНГА ЭГА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: