Ҳунар – фаровон турмуш асоси

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури (БМТТД)нинг “Ташқи савдога кўмак ва Ўзбекистонга инвестициялар жалб этиш” лойиҳаси доирасида маҳсулот сифатини ошириш, ишлаб чиқариш жараёнини яхшилаш, савдони ривожлантиришга кўмаклашиш борасида тадбиркорларнинг билимини ошириш орқали тадбиркорликни ривожлантиришга амалий ёрдам бериб келинмоқда.

Рислиқхон Жўраева Наманган вилоятида ҳунарманд оиласида таваллуд топган. У анча йиллар умумтаълим мактабида физика фанидан сабоқ берди. Кейинчалик ота-онаси ҳунарини давом эттириш ҳамда оила фаровонлигини таъминлаш мақсадида тадбиркорлик фаолиятига меҳр қўйди. Тўрт нафар фарзандини ҳам касб-ҳунарли этиб вояга етказмоқда.

Наманган вилоятининг Уйчи туманида якка тартибдаги тадбиркор сифатида иш юритаётган Рислиқхон опа тўрт нафар тикувчи аёл билан бирга мазкур ташкилотга миллий маҳсулотлар сифатини яхшилаш ва кўпайтириш учун “Қўли гул чеварларни бирлаштириш лойиҳаси” билан мурожаат қилди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури (БМТТД) ташкилотчилари уларнинг фикрини қўллаб-қувватлаб ҳам моддий ҳам маънавий ёрдам кўрсатди. Шу тариқа “Ҳунармандчиликни ривожлантириш ва савдосига кўмаклашиш маркази” ташкил этилди. Янги ташкилотнинг маҳсулотлари ажралиб туриши учун ўзларининг рамзий белгисини ҳам ишлаб чиқдилар. Бугун опа “Ҳунармандчиликни ривожлантириш ва савдосига кўмаклашиш маркази” раҳбари.

Маҳсулотлар сифатини яхшилаш борасида БМТТД томонидан каштачилик ва тикувчилик дастгоҳлари сотиб олинди. Кашта тикиш услубларини аёлларга ва ёшларга ўргатиш борасида тренинглар уюштирилди. Қолаверса, БМТТД томонидан ҳунармандлар маҳсулотлари савдосига кўмаклашиш мақсадида Тошкентда бўлиб ўтган икки турдаги махсус “Bazaar Art” ярмаркасида улар иштироки молиялаштирилди.

Марказ ўз маҳсулотлари билан илк бор 2012 йилнинг май ойида Тошкентдаги “Интерконтиненталь” меҳмонхонасида, сўнг шу йилнинг июль ойида пойтахтдаги “Dedeman Silk Road” меҳмонхонасида бўлиб ўтган кўргазмада иштирок этди.

Кўргазмада 200 нафардан зиёд ҳунарманд орасида мазкур марказнинг уч нафар ходими 80 турдаги маҳсулотларини намойиш қилди. Беш нафар ҳунарманднинг 20 турдаги маҳсулотлари сотилди.

Ушбу марказ маҳаллий ҳокимият, Маҳалла жамғармаси ҳамда Ногиронлар жамияти билан ҳамкорлик қила бошлади. Бугунги кунда марказда 10 нафар имконияти чекланган аёл самарали меҳнат қилмоқда. Қўли гул тикувчилар миллий мато – адрасга кашта тикадилар. Уларнинг яратаётган маҳсулотларини санъат асарига менгзаш мумкин. Хорижлик меҳмонлар томонидан бу маҳсулотларга талаб катта. Жумладан, Уйчи туманидаги имконияти чекланган ҳунарманд қиз Зуҳранинг тиккан сумкалари Япония ва Кореядан келган меҳмонлар томонидан сотиб олинди.

Яна ўқинг:  СОКИН ҲАРАКАТЛАР ЖОЗИБАСИ

– Марказимизда ишлаётган ҳунарманд аёлларга имкон қадар барча шароитларни яратиб беришга ҳаракат қилаяпмиз. Меҳнат жараёнининг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида хом ашёни ўз вақтида етказиб бермоқдамиз. Уйда ишлайдиган ҳунармандларимизга келсак, улар олдидаги энг катта муаммо — тайёр маҳсулотни сотиш эди. Биз ҳамкорлик шартномаларини имзолаб, уларга маҳсулотларини сотишда кўмаклашаяпмиз. Келажакда марказда иш ҳажмини ошириб, ходимлар сони 30 нафарга етказилади. Бундан ташқари уйда касаначилик билан шуғулланаётган ҳунарманд аёллар сони ҳам камида 100 нафарга етказилади, – дейди Рислиқхон опа Жўраева. Шу кунга қадар иш фаолиятимизни ўзимиздаги тикув ускуналари билан юритган бўлсак, эндиликда давлатимиз томонидан биз тадбиркорларга яратилган имкониятлар туфайли ҳозирда Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазирлиги ҳамда БМТТДнинг қўшма лойиҳаси ёрдамида мазкур йўналишда фаолият юритишимиз учун энг сўнгги русумдаги замонавий дастгоҳлар олиб берилди. Яқин орада уларни ўрнатамиз ва умид қиламизки, тез орада бу ўз мевасини беради, бизнинг маҳсулотлар энди нафақат юртимиз бозорларида, балки жаҳон бозорида ҳам етакчи ўрин эгаллайди – дейди мамнуният билан Р.Жўраева.

Ҳунармандчиликни ривожлантириш ва савдосига кўмаклашиш марказида бугунги кунда 20 нафар ҳунарманд аёллар меҳнат қилишмоқда. Бундан ташқари ўнлаб қизлар ўз уйларида меҳнат қилиб, шартнома асосида ўз маҳсулотларини мазкур марказ орқали сотишмоқда. Демак, оила фаровонлиги, фарзандлар ризқи-насибаси ортмоқда, натижада оила мустаҳкамлиги таъминланмоқда. Ана шундай меҳнатсевар кишилар ҳақида эшитсангиз “Ҳунар, ҳунардан унар”, деб халқимиз бежиз айтишмаганига ишонч ҳосил қиласиз.

Нилуфар Шерматова

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: