Гўзаллик ва шижоат баҳси

Тошкентда бадиий гимнастика бўйича Осиё чемпионати, Жаҳон кубоги босқичи ва “Happy Caravan” халқаро турнири якунланди.

8-15 май кунлари пойтахтимиздаги Бадиий гимнастика бўйича болалар-ўсмирлар ихтисослаштирилган республика олимпия захираси спорт мактабида Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Гимнастика федерацияси томонидан Халқаро гимнастика федерацияси билан ҳамкорликда ташкил этилган гўзаллик ва нафосат байрамида Ўзбекистон, АҚШ, Беларусь, Жанубий Корея, Испания, Исроил, Малайзия, Польша, Россия, Хитой, Эстония, Япония, Қозоғистон, Арманистон каби кўплаб давлатлардан 100 дан ортиқ гимнастикачи ғолиблик учун баҳслашди.

Уч кун давом этган Осиё чемпионатида шахсий ва гуруҳлар ўртасида кўпкураш ва алоҳида гимнастика предметлари ёрдамида машқ бажариш бўйича баҳслар ўтказилди. Гимнастикачи қизларнинг халқа, тўп, булава ва тасма билан машқ бажариши, ижро маҳорати, мусиқа ва ритмни ҳис этиши, чаққон ва нафис ҳаракатлари мухлисларга завқ бағишлади. Мусобақада Елизавета Назаренкова шахсий кўпкураш баҳсларида кумуш медални қўлга киритди. Спортчимизнинг алоҳида предметларда бажарган машқлари ҳам ҳакамлар томонидан юқори баҳоланди. У булавада машқ бажаришда кумуш, тўпда ва ҳалқада машқ бажаришда бронза медалларни қўлга киритди.

Халқаро гимнастика федерацияси мусобақалар тақвимидан жой олган Жаҳон кубоги босқичи пойтахтимизда еттинчи марта ўтказилмоқда. Мазкур мусобақа жаҳон гимнастика осмонида янги юлдузларни кашф этиш баробарида, тажрибага эга спортчиларнинг маҳоратини оширишда катта мактаб вазифасини ўтамоқда. Бу йил Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўладиган XXXI ёзги Олимпия ўйинлари олдидан ушбу мусобақа гимнастикачилар учун муҳим тайёргарлик босқичи ҳисобланади.

Жаҳон кубоги босқичи доирасида ташкил этиладиган анъанавий “Happy Сaravan” халқаро турнири гимнастика оламига энди кириб келаётган ёш нафосат маликалари учун том маънода катта спорт байрамига айланади.

Мазкур мусобақаларда гимнастикачилар яккалик ва гуруҳ баҳсларида кўпкураш ва алоҳида гимнастика предметлари ёрдамида машқ бажариш бўйича ўз имкониятларини синовдан ўтказди. Жаҳон кубоги босқичининг алоҳида гимнастика предметлари ёрдамида машқ бажариш бўйича шахсий баҳсларда спортчиларимиз Анастасия Сердюкова тўп ва тасмада машқ бажаришда иккита бронза медалини қўлга киритган бўлса, Елизавета Назаренкова булавада машқ бажариш бўйича учинчи ўринни эгаллади.

Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Happy Caravan” халқаро турнирида иштирок этган ёш спортчиларимиз ҳам ўз маҳорат ва истеъдодини муносиб намойиш қилди. Шахсий баҳсларда Нуринисо Усмонованинг арғамчи, ҳалқа ва тўп билан бажарган машқлари учта бронза медалга лойиқ топилди. Яна бир гимнастикачимиз Милана Тян булавада машқ бажаришда бронза медаль билан тақдирланди. Ушбу мусобақаларда кўплаб янги номлар кашф этилди.

Яна ўқинг:  ҲАМ НАФИСЛИК, ҲАМ САЛОМАТЛИК

 

Н. НОРБОБОЕВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: