Эътироф ва рағбат – ижодий изланишлар омили

Мамлакатимизда эркин, фаровон ва демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти қуриш йўлида кенг қамровли ислоҳотларнинг янги босқичи бошланди. Бунда асосий вазифа – халқ билан мулоқот қилиш, инсон манфаатларини таъминлаш, тинчлик ва фаровонликни янада мустаҳкамлаш, аҳолини ҳаётдан рози қилишдан иборат. Ушбу мақсадларга эришиш маданият, санъат, бадиий ижод, журналистика ва спорт соҳалари тараққиёти билан ҳам чамбарчас боғлиқ.

Бу жиҳатлар 14 февраль куни “Истиқлол” санъат саройида мазкур соҳаларда салмоқли ютуқ ва муваффақиятларга эришган бир гуруҳ ижодкорлар ва спортчиларни “Эътироф – 2016” мукофоти билан тақдирлаш маросимида ҳам ўз ифодасини топди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказиб келинаётган “Эътироф” мукофоти мумтоз қўшиқ, миллий эстрада, рақс санъати, жаҳон мусиқа мероси, театр ва кино санъати, адабиёт, мусаввирлик, ҳайкалтарошлик, журналистика каби йўналишларда соҳа равнақига ҳисса қўшаётган, изланиш ва ютуқлари билан ҳамкасбларига ўрнак бўлаётган, миллий маданиятимиз ва санъатимизни дунё миқёсида кенг тарғиб этаётган ижодкорлар фаолиятини халқимизга яқиндан таништириш имконини бермоқда. Бу йил мукофотга номзодлар “Театр, кино ва оммавий томошалар”, “Эстрада, анъанавий, опера хонандалиги, мусиқа ижрочилиги ва рақс санъати”, “Тасвирий ва амалий санъат”, “Бадиий ижод, журналистика ва телевидение”, “Спорт”, “Эътибор, эҳтиром, эъзоз” йўналишларида қирқ тўққиз номинация бўйича аниқланди.

…“Истиқлол” санъат саройи байрамона безатилган. Чорлов мусиқаси янграйди. Замонавий ва мумтоз куй-қўшиқлар томошабинларни оҳанрабодек ўзига жалб этади.

“Эътироф” мукофоти билан тақдирлаш маросими уч йилдан буён ўтказиб келинмоқда. Бу йил илк бор ҳар бир йўналиш бўйича ҳакамлар ҳайъати номзодларга онлайн овоз берди. Бу – ғолибларни аниқлаш жараёнини томошабинлар кўз ўнгида очиқ ва ошкора ўтказиш, бу борада турли нохолисликлар ва бирёқлама ёндашувларга йўл қўймаслик мақсадида ташкил қилинди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7 февралдаги фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг тўртинчи устувор йўналишида ижтимоий соҳани ривожлантириш, жумладан, болалар спортини янада оммалаштириш, янги болалар спорти объектларини, болалар мусиқа ва санъат мактабларини қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш, жисмонан соғлом, руҳий ва интеллектуал ривожланган, мустақил фикрлайдиган, қатъий ҳаётий нуқтаи назарга эга, Ватанга содиқ ёшларни тарбиялаш, ёш авлоднинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини қўллаб-қувватлаш борасида кенг қамровли лойиҳалар амалга оширилади.

Яна ўқинг:  Жамғарма фаолиятидан (2013-34)

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов асос солган миллий ўзликни англаш, халқимиз, айниқса, ёш авлод маънавиятини юксалтириш, инсон омилига устувор аҳамият қаратиш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатлар бугун катта ғайрат-шижоат билан изчил давом эттирилмоқда. Куни кеча халқимиз буюк мутафаккир бобомиз Алишер Навоий таваллудининг 576 йиллигини кенг нишонлади. “Эътироф” мукофоти соҳибларини тақдирлаш маросими яна бир буюк аждодимиз – улуғ шоир, олим, давлат ва жамоат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 534 йиллигига тўғри келгани бежиз эмас.

Алишер Навоий ҳам, Бобур ҳам давлат бошқарувидаги фаолиятида оддий одамлар билан доимий мулоқот қилиб, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишни ўзининг олий мақсади, ҳаёт мазмуни санаган, бу борада неча-неча авлодларга ўрнак ва ибрат бўларли буюк мерос қолдирган. Шу маънода Президентимиз Шавкат Мирзиёев ғояси асосида мамлакатимизда жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлашда янги, замонавий, самарали ва қулай тизим – Халқ қабулхоналари институтига асос солингани улуғ аждодларимизнинг комил инсон, мукаммал жамият ҳақидаги асрий орзу-интилишларига ҳар томонлама уйғун ва ҳамоҳангдир.

…Ҳакамлар ҳайъати турли номинациялар бўйича онлайн овоз беришни бошлади. Муносиб номзодларни танлаш борасида баҳс-муҳокамалар қизғин тус олди.

Ниҳоят дастлабки номинациялар бўйича ғолиблар номи эълон қилина бошланди. Зални гулдурос олқишлар тутди.

– Етмиш ёшни қаршиладим, 16 ёшимдан бери миллий чолғулар ясайман, гапнинг очиғи, бугун шу анжуманга таклиф этилганимда ҳам мукофотланишимни кутмагандим, одам ўз касб-ҳунарини севиб, завқ билан ишласа, меҳнатингнинг қадрига етишаркан, – дейди «Йилнинг энг моҳир ҳунарманди» номинацияси ғолиби Раҳматилла Зокиров. – Қўлимдаги «Эътироф» статуэткасига қаранг: Ер шарида Ватанимиз харитаси, унинг самосида турна парвозга шайланмоқда. Бу тинч-тотув, фаровон мамлакатда қадриятлар қадр топиши, уста-ҳунармандлар илҳом ва ижод завқи билан меҳнат қилишини ифодалайди.

– Бугун кўплаб давлатларда театр санъати ўз ўрнини шоу-бизнесга бўшатиб бераётган бир пайтда ўзбек саҳна санъатига талабу эҳтиёж ортиб бормоқда, – дейди “Йилнинг энг яхши театр актёри” номинацияси ғолиби, Ўзбек Миллий академик драма театри актёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тоҳир Саидов. – Бу мукофот бундан кейин янада катта куч-ғайрат билан изланишга, ҳаёт синовларида тобланган фидойи инсонлар ҳақида ҳикоя қилувчи асарларни саҳнага олиб чиқишда бизга чинакам илҳом, рағбат ва маънавий қувват бўлади.

Яна ўқинг:  Глобал таҳдид: жаҳон ҳамжамияти бирликда курашмоқда

Тантанали кечада турли номинациялар бўйича совриндорларга “Эътироф – 2016” мукофотининг статуэткаси ва дипломи топширилди.

Санъат усталари ва ижрочи ёшлар иштирокидаги катта концерт дастури кечага файз бағишлади.

 

Умид Ёқубов,

ЎзА мухбири

 

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: