ЭНГ ЯҚИН ДЎСТ, ЭНГ ЯХШИ ҲАМРОҲ

“Болалар китоби” республика фестивали бўлиб ўтди

Китоб дилларни мунаввар этади. Кишиларни эзгу ғоялар билан яшашга туртки беради. У инсоннинг маънавий оламини бойитади. Шахс сифатида камолга етишида муҳим аҳамиятга эга. Шундай экан, китобга меҳр болаликдан шакллантирилиши лозим. Зеро, Ойбек айтганидек, “Китоб – тафаккур қанотидир”.

Пойтахтимизнинг Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида ташкил этилган “Болалар китоби” республика фестивали иштирокчилари бунга яна бир бор амин бўлишди. “Соғлом ва маънавий етук авлод – юрт келажаги” шиори остида ўтказилган мазкур тадбирдан кўзланган мақсад эса болалар орасида китобхонлик маданиятини янада шакллантиришдан иборат.

Тадбирнинг очилишида сўзга чиққанлар ушбу фестиваль ёшларни истиқлол ғояларига садоқат, она Ватанга муҳаббат, анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлашди. Адабиёт ва ноширлик соҳасида қўлга киритилган улкан ютуқ ва марраларни кенг жамоатчиликка етказиш, болалар адабиётини ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани қайд этилди.

Сайл тарзида ташкил этилган икки кунлик фестиваль доирасида республикамизда фаолият юритиб келаётган 60 дан зиёд нашриёт ва матбаа корхоналари ўзларининг болалар учун мўлжалланган адабиётлари билан иштирок этди. Ўрнатилган махсус пештахталардаги бир-биридан қизиқ, ранг-баранг, сифат ва савия жиҳатидан юксак баҳога эга китоблар юртимизда ноширлик фаолияти тобора ривожланиб бораётганининг исботидир.

– Инсондаги ижодкорлик, яратувчилик китобга дўст бўлишдан бошланади, – дейди “Тафаккур қаноти” нашриётининг муҳаррири Меҳрибон Сафаралиева. – Уларга яхши “ҳамроҳ”, содиқ “йўлдош”лар сонини ва сифатини ошириш, мазмунан бойитиш эса биз ноширларнинг асосий вазифамиз. Жажжи авлодни табиатга меҳр, кишиларга ҳурмат руҳида тарбиялашда китобнинг аҳамияти катта. Мазкур фестивалда болажонларга мўлжалланган йигирмага яқин турдаги китоблар билан иштирок этмоқдамиз. Уч тилда нашрдан чиққан “Онасини қидирган жўжа” китоби шулар жумласидандир.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги томонидан 2014 йил 1 сентябрь ҳолатига кўра, 108 та нашриёт, 1750 дан ортиқ матбаа корхонаси давлат рўйхатидан ўтказилган. Республика нашриётлари томонидан ҳар йили 2,5 минг номдан кўпроқ, умумий адади 40 миллион нусхадан зиёд турли китоб маҳсулотлари нашр этилмоқда. Элликдан ортиқ нашриёт болаларга бағишланган ноширлик маҳсулотларини чоп этиб келмоқда. Бугун юртимизда нашр этилаётган адабиётларнинг ҳар учтадан биттаси бевосита болаларга бағишланган нашрлар эканлиги келажак авлодга бўлган эътиборнинг амалий ифодасидир.

Яна ўқинг:  ИСТИҚБОЛЛИ ҲАМКОРЛИК САМАРАЛАРИ

– “Академнашр” нашриёти ҳам қатор болалар нашрлари қаторида “Чўпчагим, чўпчак”, дея номланган эртаклар китобини тақдим этмоқда, – дейди нашриётнинг ижодий ишлари бўйича директор муовини Шаҳноза Тўрахўжаева. – Тез кунларда эса Пўлат Мўъмин, Қуддус Муҳаммадий, Анвар Обиджон, Турсунбой Адашбоев каби болалар шоирларининг мактабгача таълим ёшидаги болажонларга мўлжалланган энг қувноқ, энг осон ёд оладиган шеърларини рангли, безакли тарзда тақдим этмоқчимиз. Мазкур фестиваль эса китобхонларни бундан хабардор этишда яқиндан кўмак беради.

Бугунги ахборотлашган, “оммавий маданият” кун сайин ривожланиб бораётган бир даврда, улғайиб келаётган авлодни миллий руҳ тамойиллари асосида тарбиялаш мамлакатимизда долзарб вазифалардан бири сифатида олға сурилмоқда. Мазкур фестиваль замирида ҳам ёшларимиз онгида китобга бўлган ҳурматни ошириш ва шу орқали уларни миллий қадриятларга муҳаббат руҳида тарбиялашдек эзгу ғоя ётади.

Шу мақсадда тадбир доирасида турли викториналар ташкил этилди. “Энг яхши китобхон”, “Китобхон оила”, “Менинг биринчи китобим”, “Атроф олам муҳофазаси – саломатлик гарови” мавзуларидаги совринли интеллектуал ўйин ва викториналар шулар жумласидандир.

Шунингдек, Тошкент шаҳридаги “Баркамол авлод” болалар техник-ижодиёт марказларидаги адабиёт, бадиий ижодга оид тўгараклар аъзолари ишларининг кўргазмаси иштирокчиларнинг қизиқиш ва эътирофига сазовор бўлди.

– Китоб боланинг ҳаётидаги энг яхши устози, содиқ дўсти, беминнат маслаҳатгўйи саналади, – дейди болалар шоири Турсунбой Адашбоев. – Мазкур фестиваль ахборотлашган асрда болани китоб билан яқинроқ бўлишига замин ҳозирлайди. Аммо, болаларни китоб билан яқинлаштириш учун бу байрамларни дам олиш кунларида ташкил этилса, янада оммалашарди. Ўйлайманки, кейинги фестивалларда буни албатта, инобатга олишади.

“Туркистон” санъат саройида фестивалнинг якунига бағишланган тантанали концерт дастури ташкил этилди. Эл суйган хонандалар томонидан куй-қўшиқлар ижро этилди.

– Мазкур байрам тадбиридан пойтахтимиздаги 23-сонли “Меҳрибонлик уйи”да тарбияланувчи болалар ҳам баҳра олишди, – дейди муассасанинг маънавият ва маърифат ишлари бўлими ходими Раъно Хўжаева. – Ушбу фестивалда юзга яқин болажонларимиз иштирок этишди. Уларга совға сифатида ранг-баранг, қизиқарли энциклопедик китоблар совға қилинди. Бу эса жажжи қалбларда китобга ҳурматнинг ошишига ёрдам беради.

Икки кунлик фестиваль чинакамига маънавият ва маърифат айёми бўлди. “Болалар китоби” республика фестивали Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида ҳам кўтаринки руҳда ташкил этилди.

Яна ўқинг:  ГЎДАКНИ ОВУТАДИ, аммо...

Маърифат ТОЛИПОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: