Реклама

Дисплазия наслдан-наслга ўтадими?

Оёғига махсус мослама – шина боғланган  болаларга кўча-кўйда, тиббиёт муассасаларида кўзимиз тушади. Бундан ташқари, бугун бу касаллик чақалоқларда ҳам кўп кузатилаяпти. Дунёга илк қадамларни махсус мослама ёрдамида қўйиш, аввало, болага қийинчилик туғдирса, унинг ҳолатини кўриб турган ота-онанинг дилини чўктиради. Хўш, бу қандай касаллик ўзи? Унинг келиб чиқиш сабаблари, аниқлаш усуллари нималардан иборат?

– Мазкур касаллик тиббиётда дисплазия деб аталади ва у болаларда учрайдиган ортопедик касалликлар сони жиҳатидан биринчи ўринни эгаллайди,  – дейди вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт маркази шифокори,  травматолог-ортопед Рисолат Расулова. – Бу туғма нуқсоннинг илк белгиларини билиш жуда қийинлиги туфайли ота-она ҳамда баъзан тиббиёт ходимлари томонидан касаллик вақтида аниқланмайди ва бола юра бошлагандан кейингина, оқсоқланиб қадам ташлаганида бунга аҳамият бера бошлайдилар. Ваҳоланки, чаноқ-сон бўғими  дисплазияси ва туғма сон чиқишини бола юрмасдан олдин аниқлаб, даволагандагина яхши натижаларга эришиш мумкин.

Касаллик белгилари қуйидагиларда намоён бўлади: оёқнинг ташқарига қараши, бир оёқнинг иккинчисига нисбатан калталиги, сон соҳасидаги ички тери бурмаларининг паст-баланд жойлашиб, бир-бирига мос келмаслиги, оёқнинг тизза бўғимидан букилган ҳолатда танадан узоқлаштиришнинг чекланганлиги, тиззани олдинга чўзиш пайтида сон суяги бошчасининг  қуймич косачасига тушиб, чиқиб кетиши. Агар болада мазкур белгилардан бирортаси аниқланса, кечиктирмай болалар ортопед-шифокорига мурожаат қилиш лозим.

Дисплазияни клиник, ультратовуш аппарати ёрдамида ва рентгенография усули билан текшириб, ташхислаш мумкин.  Даволаш усуллари ҳам ҳар хил бўлиб, у боланинг ёшига, туғма сон чиқиш даражасига қараб белгиланади. Биламизки, ҳар қандай касаллик эрта аниқланса, уни даволаш ҳам шунчалик осон кечади. Бунда оналардан эътиборли бўлиш талаб этилади. Бола оёғидаги калталик аниқланса,  нуқсон ҳар хил гипсли боғламлар, баъзи ҳолларда эса хирургик йўл билан ҳам бартараф этилиши мумкин. Бундан ташқари, оилавий поликлиникаларда чақалоқнинг 2 ойлик даврида ўтказиладиган ортопед-шифокор кўриги давомида гўдак оёқларини кенг йўргаклаш ёки “керувчи мосламалар” тақиш тавсия қилинади.

Мутахассисларнинг айтишича, дисплазия айрим ҳоллардагина наслдан-наслга ўтиши мумкин.  Аслида касаллик ривожланишига ва сон суякларининг туғма чиқишига бир нечта омиллар сабаб бўлади. Кўп ҳолларда думбаси билан  туғилган чақалоқларда учраса, ҳомиладорликнинг биринчи ярмидаги турли хасталиклар, жумладан, оғир ўтган токсикоз ҳам касалликни келтириб чиқарувчи асосий омил ҳисобланади. Бўлажак онанинг яшаш ва иш жойидаги экологик ҳолатнинг ҳам бундан таъсири катта.

Яна ўқинг:  “Ташаббус – 2017” кўрик-танловининг республика босқичи якунланди

Айрим ҳолларда эса эрта турмушга чиққан ва оила, фарзанд парвариши хусусида тажрибага эга бўлмаган оналарнинг етарли маълумоти йўқлиги сабабли ҳам бу касаллик ўз вақтида бартараф этилмасдан қолади.

Умуман олганда, дисплазияни ўз вақтида даволаш, унинг олдини олиш чораларини кўриш зарур. Бунда оналар аввало ўз соғлиғига, сўнг эса янги дунёга келган фарзанди соғломлигига жиддий эътибор беришлари зарур бўлади.

Сожида АЛЛАЁРОВА

Калит сўзлар:

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: