Бунёдкорлик боболардан мерос

Бугун юртимизнинг қай гўшасига борманг қурилиш, бунёдкорлик ишларининг устидан чиқасиз. У ерда жавлон ураётган қурувчиларни кўриб, беихтиёр ғайратингиз жўш уради. Сиз ҳам ушбу кўркам биноларга битта бўлса-да ғишт қўйишни ният қиласиз.

Самарқанд азалдан ўзининг тарихий обидалари билан дунё аҳлини лол қолдириб келган. Қувонарлиси, ҳозирда ўша Регистон-у Бибихонимларга ҳавас ила кўкка бўй чўзаётган замонавий бинолар шаҳар кўркига янада кўрк бағишламоқда.

Қуриш, яратиш бу – бир санъат. Санъатнинг гўзаллиги остида эса жуда катта меҳнат ётади. Бизни завқлантирган ўша қурилишларга меҳнати синганлардан бири Аъзамжон ака Хушмановдир.

У 1974 йилда Самарқанд вилоятида туғилган. Регистоннинг гумбазига ҳавас ила термулиб ўтган болалик дамларида қалбидаги қурувчиликка бўлган муҳаббат уни Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институти томон етаклади. Умрнинг олтин даври дея аталмиш талабалик чоғларини эсламай бўладими? Қалин-қалин китоблару чизмаларга тикилиб оттирилган тонглар, турли дарс машғулотлари, шўх-шодон курсдошлар билан неча-неча саргузаштлар… Ушбу тўрт йил мобайнида устозлар этагини маҳкам тутган қаҳрамонимиз ўқиш билан бир қаторда “Самарқандтранс­қурилиш” трестида монтажчи, “Қаршиқурилишиндус­трия” ишлаб чиқариш бирлашмаси “Маркетинг хизмати” бўлими вилоят ваколатхонасида иш бошқарувчи сифатида фаолият олиб борди. У 1998 йили институтни тамомлагач, унинг тўлақонли иш фаолияти бошланди.

Давлат кўчмас мулк ва ер кадастри хизмати Гўзалкент тумани бўлими бошлиғи, вилоят ҳокимлиги Сафарбарлик тайёргарлиги бўлими бошлиғи, вилоят Иқтисодиёт бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, “Samarkand-NPK” МЧЖ Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси бош директори, вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш,  коммуникациялар ва коммунал хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари котибияти бош мутахассиси каби кўплаб лавозимларда самарали хизмат қилди.

Кимдир ўзига уй қурса ёки харид қилса, “ватанли бўлибди” дейишади. Албатта, уй ҳам кичик бир Ватан. Эътиборлиси, Аъзамжон аканинг бутун иш фаолиятидаги бош мақсади тураржойга  муҳтож одамларни “ватанлик қилиш” эди.

Эзгу ниятлар ижобат бўлажак. Қаҳрамонимиз ўз мақсади йўлида тун-у кун изланишда бўлди. Ҳужжатлар, уй чизмалари ва яна қўшимча қоғозлар… Ҳаммаси ниҳоялангач, пухта режа асосида бирин-кетин осмонўпар бинолар қад ростлади. Бу қурилишларда унинг ўзи ҳам иштирок этиб, қурувчилар сафида ёнма-ён меҳнат қилди. Аъзамжон ака четдан ўзи қурилишига бош-қош бўлган иншоотларга кўз тикар экан “Бу уйлар деворига пешона терим сингган” дея фахрланади.

Яна ўқинг:  Муқаддасим, мунавварим – она тилим

Қурувчиларнинг айтишича қаҳрамонимиз меҳнатни қадрлайдиган инсон. Байрам кунларида қурувчиларнинг фарзандлари учун байрам совғалари улашади. Хасталикка чалинган усталарни марказий шифохонада даволанишини таъминлаб, назорат қилиб боради. Елкадошларига ғамхўрликни ўзининг бурчи, деб билади.

“Яхшидан боғ қолади” деганларидек, ­Аъзамжон ака ўзининг одамохунлиги, эзгупарварлиги билан ном таратган. Қизи Азиза Самарқанд давлат чет тиллари институти талабаси. У келажакда нуфузли хорижий олийгоҳларда таҳсил олиб, ўз касбининг етук мутахассиси бўлишни ният қилган. Ўғли Аҳрорбек ҳуқуқшунослик соҳасида таълим олмоқда. Кенжа қизи Рушана эса мактабда ўқияпти.

Бир-биридан зукко, илмли болаларни тарбиялаётган Рухсора опа фарзандлари билан доим машғулотлар олиб боради. Касби ўқитувчи бўлгани сабабми, билимли ва зиёли аёл. У фарзандларини оила тутимига мос тарзда вояга етказмоқда. Хонадони ва ўғил-қизлари тарбиясидан кўнгли хотиржам Аъзамжон ака тадбиркорлик фаолияти билан юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда.

О.РАЗЗОҚОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: