Болалар аравачаси қандай танланади?

Ҳозирги вақтда болалар майдончалари, истироҳат боғлари, сайлгоҳларда тоза ҳаводан баҳра олиш мақсадида кўчага чиққан ёш болали оналарни учратиш мумкин. Болалар аравачасининг худди машиналар сингари ҳаракат қилишини кўриб ҳавасингиз келади.

Ҳажми, ранги, ясалиши турлича бўлган бу митти “транспорт воситалари” оналар оғирини енгил қилиб, кичкинтойларни ташқи таъсирлардан: совуқдан, зарарли қуёш нурларидан, елвизакдан асрайди. Ўз ўзидан савол туғилади, оналарнинг яқин кўмакчисига айланиб улгурган аравачалар қандай пайдо бўлган? Бугунги аравачалар дастлаб қаерда пайдо бўлган?

XVIII асрда Буюк Британиялик герцог Девоншир дизайнер Уильям Кентдан қизалоғи учун аравача ясаб беришни сўрайди. Мазкур буюртма 1733-йилга келиб ўз эгасига топширилади. Унинг кўриниши ҳозирги даврда фойдаланилаётган аравачалардан буткул фарқ қиларди. У чиройли қилиб безатилган катталар аравасининг кичик шакли бўлиб, пони отларига бириктиришга мўлжалланган. Бунга ўхшаш аравада бола фақат ўтириши мумкин бўлган.

Гўдаклар учун мўлжалланган аравачалар кўриниши осма беланчакни эслатади. Унинг ичида кичкинтой кўп вақтини ётган ҳолда ўтказади. Агар болакай бехосдан уйғониб кетса, аравачани секин тебратиб уни овутиш мумкин. Сайр қилдиришга мўлжалланган аравачалар бироз катта ёшдаги болалар учун мўлжалланган. Бу аравача ёрдамида бола ўтирган ҳолатда ҳаракатланиши, атроф-муҳитни қулай ҳолатда томоша қилиб кетиши мумкин. Махсус ёпинчиқ ёрдамида ёмғир, қор, шамол ва совуқдан ҳимояланиш каби қулайликлари ҳам мавжуд. Қуёшнинг фойдали ультрабинафша нурлари остида гўдакни иссиқ кунларда кундузги соат 8-11 ва кечки соат 17 дан кейин сайр қилдириш мумкин.

Аравачаларни танлашда унинг ташқи кўриниши, ранги билан бир қаторда қулайликларига ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим. Одатда кўпчилик кўриниши чиройли ишланган аравачаларни харид қилади. Фойдаланаётганда юзага келадиган ноқулайликлар ҳақида эса ундан фойдалангач хабар топади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, аравача харид қилишда иложи борича онанинг танловига қулоқ тутган маъқул. Сабаби у кўп вақтини фарзанди билан ўтказади ва албатта, аравачадан одатда у фойдаланади. Аравачаларнинг йиғма тури оналар учун энг қулай ёрдамчи саналади. У бола билан узоқроқ жойга сайрга чиқиш ва керак бўлганда уни йиғиб қўйиш учун мўлжалланган.

Шу билан биргаликда китобни эслатувчи, бироз оғир кўринишга эга бўлган аравача ҳам оналар учун яқин ёрдамчи бўла олади. Унинг оғирлиги махсус чўнтаклар ҳисобига тўғри келади. Чўнтаклар воситасида кичкинтой учун зарур бўлган буюмларни олиб юриш мумкин.

Яна ўқинг:  ҲАЁТ МУТАНОСИБЛИГИ АСОСИ

Кўп қаватли уйда истиқомат қилувчи оналар аравача танлашда унинг оғирлигига эътибор беришлари лозим. Чунки, аравани юқорига чиқариш ва пастга тушириш вазифасини бажаришда қийналиб қолишингиз, оғир кўтариш натижасида эса соғлигингизга зиён қилишингиз ҳеч гап эмас. Бундан ташқари “митти транспорт” воситаси учун тикилган мато ювишга мўлжалланган бўлиши лозим. Уни ювишда ва қайта жойлаштиришда муаммолар юзага келиши кўпчиликни ранжитади. Шу сабабли болалар аравачасини танлашда эътиборли бўлинг.

Хуршида ҲУСЕНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: