БИТИРУВЧИЛАРГА МУТАХАССИСЛИК ДИПЛОМИ ТОПШИРИЛМОҚДА

Фарғона вилоятида академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига мутахассислик дипломлари тантанали топширилмоқда.

Президентимиз раҳнамолигида ёшларнинг замонавий билим ва касб-ҳунар сирларини пухта эгаллаши, истеъдод ва салоҳиятини кенг намоён этиши учун шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Фарғона вилоятидаги 145 та касб-ҳунар коллежи ва 12 та академик лицейда ёшлар турли йўналишларда таҳсил олмоқда. Мустаҳкам моддий-техник базага эга мазкур таълим масканларида барча шароит яратилган. Маълумотларга қараганда, жорий йилда вилоятда 60 минг 970 нафар йигит-қиз касб-ҳунар коллежи ва академик лицейларни битирмоқда. Уларни ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш, олий ўқув юртларида ўқишни давом эттириши учун барча тадбирлар белгиланган.

Олтиариқ саноат касб-ҳунар коллежида ўтказилган ана шундай тадбирда давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари, ўқувчи-ёшлар ва уларнинг ота-оналари иштирок этди.

Саноат соҳаси учун беш йўналишда кичик мутахассислар тайёрлаётган таълим масканида ўтказилган маросимда коллежни муваффақиятли тамомлаган 554 нафар битирувчига мутахассислик дипломлари топширилди.

– Битирувчиларни ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш доимий эътиборимизда, – дейди коллеж директори Азимжон Исломов. – Бу йил ҳам шундай бўлди. Битирувчиларимизнинг асосий қисми ўз мутахассислиги бўйича ишлайди. Олий ўқув юртида ўқишни давом эттириш истагини билдирган ёшларимиз ҳам кўп. 60 нафар битирувчимиз эса ўз бизнесини йўлга қўйиш мақсадида тижорат банкларига лойиҳалар тақдим этиб, имтиёзли кредит олмоқда.

М. СУЛАЙМОНОВ,

ЎзА мухбири

Яна ўқинг:  ЭКОЛОГИК НАЗОРАТ КУЧАЙТИРИЛДИ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: