Бахтим шул – ўзбекнинг Зулфиясиман

Атоқли шоира Зулфия лирикасини ўқиганда жўшқин оҳанглари қалбга сурур бағишлайди. Ватанни севиш, миллат учун жон куйдириш ва оқибатда айнан шу миллат ва Ватан томонидан улуғланиш, қадр топиш, унинг асл фарзанди сифатида эъзозланиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Бу катта бахт. Шоира лирикасининг ҳамон севиб ўқилиши, уларнинг халқ мулкига айланганлиги ва Зулфия номидаги Давлат мукофотининг таъсис қилингани бунинг далилидир.

Зулфия сиймоси акс эттирилган майдонда мана бир неча йилдирки, тадбир ўтказиш анъанага айланди. Шоиранинг ҳайкали пойига гуллар қўяётган шогирдлари, мухлислари, сафдошларини кузатиб, беихтиёр хаёлимда шоиранинг ўтли сатрлари жаранглайди.

Бу оқшом пориллар дил нурингизда,

Дийдор бахти насиб яна Сиз билан.

Турибман, азизлар, ҳузурингизда

Ҳамон ўтлиғ кўнгил, ёруғ юз билан.

Бу галги анъанавий тадбирни Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, сенатор Фарида Абдураҳмонова очиб берди.

Тантанада ёшлар томонидан шоиранинг баҳор, Ватанга муҳаббат, ёшлик, шодлик тараннум этилган шеърлари янгради. Ўзбек халқининг севимли ёзувчиси Ҳамид Олимжон ва Зулфияга бағишланган саҳна кўриниши намойиш қилинди. Тадбир якунида Тошкент шаҳар ҳокимияти ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси номидан шоира Зулфия ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди.

Саҳнада шоиранинг шеърлари жаранглаяпти… Мен эса биринчи марта шоира билан учрашган пайт­ларимни, “Саодат” журналига ийманибгина кириб борган талабалик йилларимни, устознинг ёш ва нўноққина бир журналистга берган эътиборини эслайман. Уйда фарзандим билан ўтирганимда, катта умид билдириб, алоҳида ҳузурига чорлаб “Саодат” саҳифаларида ёритган “Абадий туйғулар”, “Ҳарорат” каби қатралар ва ҳикоямни ўқиб қувонганини эслайман.

Бу назм боғига киролмас хазон,

Бизни мадҳ этолмас завол лашкари,

Мен кетсам, мунғаймас умрим ҳеч қачон,

Бу боғлар-бир боғлар бўлади ҳали…

Бу сатрлар ўзлигини топган, гўзал шеъриятнинг, адабиётнинг, Ватаннинг гуллаб яшнашига, юрт келажагига ишонган шоиранинг оташ нафасидир.

Ўз мухбиримиз

Яна ўқинг:  Она, мураббий, раҳбар

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: