“Барча мактаблар мактаб автобуслари билан таъминланади” Вазирлик буни рад этди

Оммавий ахборот воситалари томонидан эълон қилинаётган Ўзбекистондаги барча мактабларнинг 2019 йилнинг 1 январигача мактаб автобуслари билан таъминланиши борасидаги хабар юзасидан Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати билан боғландик. Вазирлик мутахассисларидан олган маълумотимизга кўра бу хабар нотўғри эканлиги маълум бўлди.

Жорий йилнинг 2 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев халқ таълими тизимини янада ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш масалаларига бағишланган йиғилишда 2019 йил 1 январгача жойлардаги мактаб филиалларини асосий мактабга айлантириш, мактаб автобуслари билан тизимли таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди. Аммо автобуслар билан таъминлаш борасидаги бу кўрсатма республикадаги барча мактабларга тегишли эмас.

– Мазкур йиғилишда 2019 йил 1 январгача жойлардаги мактаб филиалларини асосий мактабга айлантириш вазифаси қўйилди. Асосий мактаб ташкил этиш мақсадга мувофиқ бўлмаган жойларда эса ўқувчиларнинг асосий мактабга боришлари учун автобус хизматлари йўлга қўйилиши масаласини ўрганиб чиқиш кераклиги таъкид­ланди. Бу ташаббус қишлоқ болаларини ҳам яхши шароитларда ўқишини таъминлаш ўқувчилар узоғини яқин қилишга қаратилган.  Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги тизимида 9,6 мингдан зиёд мактаблар фаолият юритади ва уларнинг барчасини икки ойда автобуслар  билан таъминлаш имконияти йўқ. Шунинг учун бу масала биринчи навбатда энг зарур бўлган узоқ жойлардаги мактаблар учун кўзда тутилади, – дейди Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби Анвар Умаров.

Эслатиб ўтамиз, мазкур йиғилишда Президентимиз соҳа олдида яна кўплаб вазифалар тургани, жумладан, дарсликлар таъминоти, таълим дастурлари сифати, ўқитувчилар билим ва малакасини ошириш, кадрлар етишмовчилигини бартараф этиш, чет тилларини ўқитиш имкониятини кенгайтириш борасидаги ишлар талаб даражасида эмаслигини таъкидлади.

Қайд этилганидек, айни пайтда мактаб ўқитувчиларининг билими ва малакаси талабга жавоб бермайди. Тизимдаги 422 мингдан ортиқ педагогнинг 65 минг нафари ўрта махсус маълумотли. Атиги 11 минг нафар ўқитувчи олий тоифали.

Шунинг учун Халқ таълими вазирлиги, Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази, Меҳнат вазирлигига вакант лавозимларга педагогларни жалб қилиш, чекка ҳудудларга бориб ишлайдиган ўқитувчиларни рағбатлантириш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш вазифаси топширилди.

Мактабларда 11 йиллик тизимга ўтилгач, ўқувчилар сони 1 миллионга ортган. Бугунги кунда 138 та мактаб филиали ўз биносига эга эмас, 55 та филиалда ўқувчилар сони меъёридан юқори.

Инвестиция дастури доирасида 35 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишларини тезроқ якунлаш керак. 5 мингдан зиёд физика, кимё ва биология ўқув-лаборатория жиҳозлари, 43 минг тўплам ўқув мебели зарур.

Яна ўқинг:  Хушхабар, рақамлар (2014-32)

Бундан ташқари Президентимиз белгиланган мактаблардаги қурилиш-таъмирлаш ишларини якунлаш, марказлашган инвестиция маб­лағлари ҳисобидан уларни жиҳозлаш кераклигини таъкидлади.

Ҳудудлар талабидан келиб чиқиб, лицей ва коллежларнинг бўшаган биносини жорий йилнинг охирига қадар Халқ таълими вазирлиги тасарруфига ўтказиш, 2019 йил 1 январгача жойлардаги мактаб филиалларини асосий мактаб­га айлантириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Хуршида ҲУСЕНОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: