Бадиий гимнастика: НАФОСАТ, НАЗОКАТ ВА ЖОЗИБА УЙҒУНЛИГИ

Бадиий гимнастика. Спортнинг ушбу тури ўзининг нафосати ва жозибаси билан бошқа спорт турларидан ажралиб туради. Ҳар гал телевизор орқали бадиий гимнастика баҳсларини кузатиш асносида кўнглимда қизалоғимни ҳам спорт билан ошно қилиш, айниқса бадиий гимнастика машғулотлари билан шуғуллантириш истаги жўш уради. Шу ниятни дилимга тугиб қўяман. Бунинг учун юртимизда барча шароитлар мавжуд. Қиз боланинг спорт билан шуғулланиши унинг соғлом вояга етишини, бу эса келажакда ундан соғлом фарзандлар дунёга келишини таъминлайди. Зеро, Юртбошимиз таъбири билан айтганда, “Соғлом она – соғлом бола.” Бугунги кунда юртдошларимиз учун дастуриламалга айланган мазкур шиор, давлатимиз томонидан узоқни кўзлаб амалга оширилаётган сиёсатнинг нақадар оқилона эканини исботлайди.

Спорт саломатлик ва гўзаллик асоси. Юртимизда болалар спорти, айниқса, хотин-қизлар спортини ривожлантиршга улкан эътибор қаратилмоқда. Юртбошимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида миллат саломатлигини асраш, эртамиз эгалари бўлган ёшларимизни ҳам маънан, ҳам жисмонан баркамол қилиб вояга етказиш борасида амалга оширилаётган юксак саъй-ҳаракатларни бутун дунё эътироф этмоқда. Ҳамюртларимизнинг дунё миқёсида фан-таълим, маданият ва спорт соҳаларида қўлга киритаётган ютуқлари эса ана шу эътибор ва рағбатнинг самарасидир.

Мамлакатимиз Президентининг 2011 йил 27 августда қабул қилинган “Бадиий гимнастика бўйича болалар-ўсмирлар ихтисослаштирилган республика олимпия заҳираси спорт мактабини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан амалга оширилган самарали ишлар юртимизда бадиий гимнастиканинг жадал суръатлар билан ривожланишига туртки бўлди.

Сўнгги йилларда давлатимизда кўплаб йирик нуфузли халқаро спорт мусобақаларининг ўтказилаётгани эса Ўзбекистон тенглар ичра тенг эканига далил бўлмоқда. Яқинда дунё спорт мутахассис ва ихлосмандлари Ўзбекистонда қиличбозлик бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатининг юксак савияда ташкиллаштирилганига гувоҳ бўлишди. Бугун эса пойтахтимиз яна бир улкан спорт байрамига мезбонлик қилди.

20-25 май кунлари Тошкентдаги бадиий гимнастика бўйича болалар-ўсмирлар ихтисослаштирилган республика олимпия заҳираси спорт мактабида бадиий гимнастика бўйича жаҳон кубоги босқичи ҳамда анъанавий “Happy Caravan” халқаро турнири бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Гимнастика федерацияси ҳамкорлигида Халқаро гимнастика федерацияси шафъелигида ўтказилаётган мусобақаларда дунёнинг йигирмадан зиёд давлатидан юзга яқин иқтидорли гимнастикачи қизлар иштирок этди.

Яна ўқинг:  Ирмоқлар қўшилиб дарё бўлади

Уч кун давом этган мусобақаларда яккаликлар ва гуруҳлар ўртасида кўпкураш ва алоҳида гимнастика предметлари ёрдамида машқ бажариш бўйича финал беллашувлари ўтказилди. Қизларнинг арғамчи, ҳалқа, тўп, булава ва тасма билан машқ бажариш бўйича юксак маҳорати, мусиқа ва ритмни яхши ҳис этиши, чаққон, нафис ва енгил ҳаракатлари мухлисларга завқ бағишлади.

– Мусобақаларнинг юқори савияда ташкил этилганлиги Ўзбекистонда спортга қаратилаётган улкан эътиборнинг намунаси деб ҳисоблайман, – дейди Жаҳон кубогининг кўпкураш баҳслари ғолиби россиялик Маргарита Мамун. – Кескин ва муросасиз курашларга бой ўтган мусобақаларда ҳар бир спортчи ғолиблик учун жиддий кураш олиб борди. Ўзбекистонда бўлганимдан хурсандман. Мусобақалар давомида мухлисларнинг муттасил қўллаб-қувватлаб туришлари юртингизда баддий гимнастиканинг йилдан йилга оммалашиб бораётганидан дарак беради.

Мусобақалар давомида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган спортчиларимиз ҳам мутахассислар эътирофига сазовор бўлишди. Жаҳон кубоги босқичида ҳамюртимиз Анастасия Сердюкова булавада машқ бажаришда бронза медали билан тақдирланди. Яна бир ҳамюртимиз Елизавета Назаренкова эса якуний натижаларга кўра 7-ўринни эгаллади. “Happy Caravan” халқаро турнирининг финал мусобақасида ҳам гимнастикачиларимиз муносиб иштирок этди. Сабина Тошкенбоева кўпкураш ва алоҳида гимнастика предметлари – арғамчи, тўп ва булава ёрдамида машқ бажариш бўйича жами тўртта бронза медаль билан тақдирланган бўлса, Нуринисо Усмонова ҳалқа ёрдамида машқ бажариш бўйича учинчи ўринни эгаллади.

– Мусобақадаги иштироким давомида кўплаб дўстлар орттирдим, – дейди С.Тошкенбоева. – Шу билан бир қаторда, она Ватанимда ўтказилган мусобақада совриндор бўлиш орзуим ҳам амалга ошди. Бу эса ўз-ўзидан мамлакатимизда гимнастика билан шуғулланиш учун яратилган кенг имкониятлар ва мураббийларимнинг хизмати самарасидир. Келажакда кўплаб халқаро мусобақаларда иштирок этиб, Ватан шарафини муносиб ҳимоя қилишга, юртим байроғининг жаҳон ареналарида мағрур ҳилпираб туришига ўз ҳиссамни қўшишга ҳаракат қиламан.

Спорт – тинчлик ва дўстлик элчиси. Мамлакатимизда ташкил этилган бундай нуфузли мусобақалар эса бу фикрнинг нақадар тўғри эканидан далолат беради.

– Қизим бадиий гимнастика билан икки йилдан буён шуғулланиб келади, – дейди Жаббор Тўлаганов. – Ўтган вақт мобайнида унда кўплаб ижобий ўзгаришлар юз берди. Қадди-қомати тик бўлди, ўзига ишончи ортди. Мустақил фикр юритадиган, қарорларини ўйлаб қабул қиладиган бўлди. Бир сўз билан айтганда, спорт нафақат инсонни жисмонан, балки маънан ҳам чиниқтиришига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим.

Яна ўқинг:  Овқатланиш маданияти – соғлиқ кафолати

Юртбошимизнинг “Ҳеч нарса мамлакатни спортчалик тез дунёга машҳур қила олмайди” деган сўзи йил сайин ўзининг тасдиғини топиб келмоқда. Келажакда биздан ҳам яна кўплаб чемпионлар чиқишига ишонамиз. Зеро, Ўзбекистон истеъдодлар, чемпионлар мамлакати. Шундай экан бугунги эътибор ва рағбатда ҳур улғаяётган ёшлар келажакда мамлакат номини дунёга машҳур қиладиган инсонлар бўлиб етишишига шубҳа йўқ.

Фарҳод ТОЛИПОВ,

Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: