Аскарлар ўз ватани ва президентига қасамёд қилди

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисмларида 12 март куни Президентимизнинг 2016 йил 21 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ муддатли ҳарбий хизматга чақирилган аскарларнинг ҳарбий қасамёд қабул қилишига бағишланган тантанали маросимлар ўтказилди.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан пойтахтимизда бунёд этилган “Ватанга қасамёд” ҳайкали пойида  шундай тадбир бўлиб ўтди.

Муддатли ҳарбий хизматга чақирилган оддий аскар Амирхон Жўраевнинг бобоси Низом ота Раҳмонов тадбирда иштирок этиш учун Бухоро вилоятининг Ромитан туманидан келган.

– Набирам миллий армиямиз сафига чақирилгунига қадар кураш билан шуғулланди, коллежда электрон ҳисоблаш машинаси оператори йўналишида ўқиди, – дейди Низом ота. – Унинг ҳақиқий Ватан ҳимоячиси бўлганини кўриб, жуда қувондим. Набирамга Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Бухорога сафари ва вилоятимизни янада ривожлантириш бўйича берган қимматли маслаҳатлари ҳақида сўзлаб бердим.  Амирхон ҳам хизматдан сўнг ушбу муҳим режаларни ҳаётга татбиқ этадиган ёшлардан бири бўлади, деб ўйлайман.

Муддатли хизматни ўтаётган оддий аскар Қурбонали Аҳмадбековнинг онаси Хосиятхон Қурбонова Фарғона вилоятининг Қувасой туманидан келган.

– Фарзандларимизнинг мазкур ҳайкал пойида она Ватанга қасамёд қилишида чуқур мазмун бор, – дейди Хосиятхон опа. – Биз, оналар ўғилларимиз Ватанимизга содиқ хизмат қилишига ишонамиз.

Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида яшовчи Амиржон Мусулмонов амакиси, оддий аскар Суҳроб Исматулллаевнинг ҳарбий қасамёд қабул қилишида иштирок этиш учун отаси, полковник Акром Мусулмонов билан бирга келган. Амиржон ҳам, Суҳроб ҳам келажакда офицер бўлишни мақсад қилган.

– Кучли ва бақувват бўлиш учун таэквондо билан шуғулланаман ва келажакда мен ҳам Ватанимизнинг муносиб ҳимоячиси бўлишни хоҳлайман, – дейди Амиржон. Унинг кўзларида  ҳавас ва  фахр  туйғуси порлаб турарди.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик Кенгаши раиси Иқбол Мирзаалиев, давлат ва жамоатчилик ташкилотлари вакиллари муддатли ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари ва яқинларини ушбу муҳим воқеа билан табриклар экан, йигитлар аждодларимизнинг Ватанни ҳимоя қилишдек шарафли анъанасини муносиб давом эттиришига ишонч билдирди.

– Мен Қорақалпоғистон Республикасидан келдим, – дейди оддий аскар Сулаймон Абдуллаевнинг онаси Ойсултон Абдуллаева. –Ўғлимнинг ҳарбий қасамёд сўзларини эшитиб, ич-ичимдан фахрландим. Унинг берган ваъдасига содиқ қолишига ишонаман.

Яна ўқинг:  Маънавий-маърифий тадбир

 

Аблай КАМОЛОВ,

ЎзА мухбири 

 

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: