Соғлиқни сақлаш вазирлиги: сифатли ва арзон дори таъминоти ҳамиша назоратда

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини янада ривожлантириш, кўрсатилаётган тиббий хизматлар кўлами ва сифатини ошириш, кадрлар таъминотини яхшилашга қаратилган ислоҳотлар жадаллик билан олиб борилмоқда.

Қисқа фурсат ичида давлатимиз раҳбарининг соҳага доир ўндан ортиқ фармон ҳамда қарорлари қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилаётгани бунинг яққол тасдиғидир. Хусусан, аҳолини сифатли ва арзон дори-дармон воситалари билан таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, шошилинч тиббий ёрдамни такомиллаштириш, бирламчи тиббиёт тизимини янада яхшилаш, тиббий таълимни замонавий талаблар даражасида ташкил этиш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, ихтисослашган тиббий ёрдамни аҳолига янада яқинлаштиришга доир меъёрий ҳужжатлар бугун ҳар бир тиббиёт ходими учун дастуриламалга айланди.

Шу йилнинг 17 июль куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Аҳолини дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжатда аҳолини дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан узлуксиз таъминлаш, сунъий тақчиллик ва нархларнинг ошириб юборилишига йўл қўймаслик бўйича қатор чора-тадбирлар белгиланган.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида мазкур қарор ижросига масъул бўлган ишчи гуруҳ йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбар ходимлари, тегишли бошқарма бошлиқлари, вазирлик тасарруфидаги таълим ва даволаш-профилактика муассасалари раҳбарлари иштирок этди.

Йиғилиш соғлиқни сақлаш вазири А.Шодмонов раислигида ўтказилди.

Ўз кириш сўзида А.Шодмонов 6 июль куни давлатимиз раҳбари раислигида соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, соҳадаги мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш масалаларига бағишланган навбатдаги видеоселектор йиғилишда танқидий таҳлил қилинган масалаларга тўхталиб, соғлиқни сақлаш ходимлари олдида ниҳоятда катта ва масъулиятли вазифа турганини таъкидлаб ўтди.

Дарҳақиқат, жамиятнинг бебаҳо бойлиги бўлган инсон саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат сифатини ошириш билан боғлиқ вазифаларга юртимизда давлат даражасида эътибор қаратиб келинмоқда. Чунки бу соҳа ҳар бир одамнинг кундалик ҳаётига дахлдордир.

Президентимизнинг 2016 йил 31 октябрдаги “Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2017 йилнинг 1 январидан дори воситаларига нарх белгилаш билан боғлиқ янги тартиб-қоида жорий этилди. Яъни четдан олиб келинадиган, шунингдек, мамлакатимизда ишлаб чиқариладиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларининг нархи сезиларли пасайди. Президентимизнинг шу йил 17 июлдаги “Аҳолини дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги навбатдаги қарори мазкур ҳужжатнинг мантиқий давоми бўлди.

Яна ўқинг:  Халқаро инновациялар кўргазмаси очилди

— Ушбу ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси биз — тиббиёт ходимлари зиммасига катта масъулият юклайди. Буни ҳар биримиз ҳис қилишимиз лозим, — дейди республика соғлиқни сақлаш вазири А.Шодмонов. — Чунки, Президентимиз таъкидлаганидек, соғлиқни сақлаш тизими аҳолининг саломатлигига, жамиятимизнинг ижтимоий кайфиятига, халқнинг давлатга, ҳукуматга бўлган ишончига, ҳеч шубҳасиз, энг кучли таъсир кўрсатувчи соҳадир. Шундай экан, бу борада камчиликка йўл қўйишга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ. Биз энди аҳолининг дори-дармон билан таъминланиши масаласи қай даражада амалга оширилаётганини хонада ўтириб, ҳисоботлардан эмас, бевосита халқ билан мулоқот қилиб билишимиз, халқ баҳоси орқали ишимиз натижасини кўришимиз лозим.

Таъкидланганидек, олиб борилаётган мониторинг ишлари дори-дармон таъминоти ва нархи масаласида ҳал этилиши лозим бўлган масалалар борлигини кўрсатмоқда. Йиғилишда ушбу камчиликлар аниқ мисоллар асосида қайд этилди ва масъулларга уни бартараф этиш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.

Тадбир якунида Президентимизнинг шу йил 17 июлда қабул қилинган қарорида белгиланган вазифалар ижроси бўйича аниқ муддатлар тайинланди. Ҳар бир ходим ўз ишига таҳлилий танқид кўзи билан қараб, топшириқларни ўз вақтида бажарилишини таъминлаши, бунда халқ розилиги ва инсон манфаати етакчи ўринга қўйилиши лозимлиги таъкидланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Aхборот хизмати

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: