Ҳаддан ташқари кенг табассум унчалик эътиборни тортмайди
Миннесота университети олимлари ўтказган тадқиқотда 800 дан ортиқ кўнгилли иштирок этди. Уларга кулиб турган одамларнинг анимацияли суратлари кўрсатилди. Табассумлар бир-биридан кенглик даражаси ва тасвирланган тишлар миқдори бўйича фарқ қилди.
Қатнашчилар табассумнинг самимийлиги, жозибадорлиги ва бошқа хусусиятларига баҳо беришди. Рейтинги энг юқори бўлган табассумларнинг қандай сифатларга эга бўлиши аниқланди. Ҳаддан ташқари кенг табассумлар иштирокчиларга унчалик ёқмади.
Бунга қадар Канзас университетида ҳам бир қатор тажрибалар ўтказилганди. Унда қатнашчиларга мулойим ҳамда кенг табассум қилувчиларнинг сурати кўрсатилган. Олимлар текширувдан сўнг, инсонлар табассумга қараб нафақат самимият, балки билимдонлик даражаси ҳақида ҳам фикр юритади деган хулосага келган. Кенг табассум қилувчилар хушмуомала ва истарали, лекин билимсизроқ кўриниши маълум бўлган.
Миржалол Мадвалиев тайёрлади.