Ташқи ишлар вазири фуқароларнинг саволларига жавоб берди

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили самаралари ҳар бир соҳада намоён бўлмоқда. Фуқаролар мутасадди раҳбарларга турли шаклларда мурожаат қилиб, ўз саволларига жавоб олмоқда.

Халқаро пресс-клубда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг тўғридан-тўғри мулоқоти бўлиб ўтди.

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов хориждаги юртдошларимизнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Вазирликда фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича махсус ишчи гуруҳ тузилган. 2016 йилнинг октябрь ойидан бугунги кунгача вазирликка жисмоний ва юридик шахслардан 6,5 мингдан зиёд ариза тушган. Улардан 3 мингга яқини Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, қарийб 3,5 мингтаси ташқи ишлар вазирининг виртуал қабулхонаси, Ягона интерактив давлат хизматлари портали, вазирликнинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаси ва электрон почта орқали келган.

Мурожаатлар асосан шахсни тасдиқловчи ҳужжат йўқолганда мамлакатимизга қайтиш гувоҳномасини расмийлаштириш, биометрик паспорт олиш, хорижий давлатда Ўзбекистон фуқароларига нисбатан қўзғатилган жиноий ишларнинг холис олиб борилишини таъминлаш ва бошқа масалаларда бўлган. Барча мурожаатлар бўйича амалий ёрдам ёки асосланган тушунтириш берилган.

Халқимизга янада қулайлик яратиш, консуллик-ҳуқуқий хизмат кўрсатишнинг шароит ва тартибларини такомиллаштириш мақсадида аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Масалан, чет элда ҳужжатлари йўқолган ва мамлакатимизга қайтиш учун гувоҳнома берилишини сўраб мурожаат қилган аризачининг шахсини тасдиқлаш муддати 3 ойдан 7 иш кунига қисқартирилди. Хорижий давлатларда яшовчи ва паспортини биометрик ҳужжатга алмаштиришга улгурмаган фуқаролар учун эски паспортдан йўл ҳужжати сифатида фойдаланиш муддати 2018 йил 1 июлгача узайтирилди.

Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги ваколатхоналарда хизмат кўрсатишнинг интерфаол усуллари қўлланмоқда. Бугунги кунда фуқароларга “Интерактив консуллик хизматлари” портали (http://consul.mfa.uz) орқали 12 турдаги консуллик хизматлари кўрсатилмоқда. Чет элликларнинг Ўзбекистонга кириш визаси олишини расмийлаштириш учун http://evisa.mfa.uz веб-сайти яратилди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ жорий йилда янги таҳрирдаги Консуллик низомини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш кўзда тутилган. Ушбу ҳужжат чет давлатларда Ўзбекистон фуқаролари ва юридик шахсларининг ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш механизмларини тўла ва аниқ белгилаб беради.

Россиядаги юртдошларимизнинг манфаатларини янада кенгроқ ҳимоя қилиш мақсадида Санкт-Петербург, Қозон, Ростов-Дон, Екатеринбург, Владивосток шаҳарларида консуллик ваколатхоналарини очиш масаласи ишлаб чиқилмоқда. Мамлакатимизнинг қатор хорижий давлатлардаги элчихоналарида ходимлар сонини кўпайтириш мўлжалланмоқда.

Яна ўқинг:  Фарзанд саломатлиги – бебаҳо

Ташқи ишлар вазири Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган давлатимизнинг ташқи сиёсати мазмун-моҳияти, минтақавий ва халқаро сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан Ўзбекистоннинг позициясини тушунтириб берди. Ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслик, ҳарбий хизматчиларимизнинг мамлакатимиз ҳудудидан ташқарида бўлишига йўл қўймаслик, барча мамлакатлар, аввало, қўшни давлатлар билан дўстона ва прагматик сиёсат олиб бориш Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятининг устувор йўналиши бўлиб қолишини таъкидлади.

Видеоконференция шаклида ўтган мулоқотда мамлакатимизнинг бутун дунёдаги 47 дипломатик ваколатхонаси раҳбарлари ҳам қатнашди. Улар, студияга таклиф этилган вазирлик ва идоралар вакиллари ўзларига тааллуқли саволларга жавоб қайтарди.

Тадбир телевидение орқали бевосита эфирга узатилди.

А.САМАДОВ,

ЎзА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: