Батутда сакраш

Қишнинг совуқ кунларида спорт залларидаги батутлар баландликка сакрашга қизиқадиган болалар учун айни муддао.

Батутда сакраш жараёнида атлет инсониятнинг азалий орзусини амалга ошириб, гўё кўкка парвоз қилгандек бўлади. Машғулотлар пайтида улар турли акробатик ҳаракатларни амалга ошириб, кишини ҳайратга солишади. Мутахассислар ҳам ушбу спорт турининг болалар саломатлиги ҳамда тарбиясига ижобий таъсир қилиши ҳақида якдил фикр билдиришмоқда.

 

Савринисо ҲАКИМОВА, педиатр:

– Батутда сакраш гимнастика ва акробатика спорт турларининг асосида ташкил топган. Бунда болаларнинг эгилувчанлиги ортади, чаққон, эпчил тезкор фикрлайдиган бўлиб тарбияланади. Энг асосийси, болаларнинг вестибуляр аппарати, яъни қулоқ ичидаги мувозанатни сақлаш аъзоси фаолияти яхшиланади. Янги туғилган чақалоқда вестибуляр аппарат тўлиқ ривожланмаган бўлиб, ҳаёти давомида ташқи муҳитга мослашади. Батутда сакраш спортига қайтадиган бўлсак, болаларнинг баландликка сакрашлари қўрқув ҳиссидан халос бўлишга ёрдам беради. Барча спорт турларида бўлгани каби кам ҳаракатликнинг олдини олиб, умумий саломатликка ижобий таъсир қилади. Аммо, бу спорт тури экстремал, яъни бироз хавфли спорт йўналишларидан бири бўлгани учун, танада адреналин моддаси кўп миқдорда ишлаб чиқарилади. Ушбу жараён соғлом одам учун ниҳоятда фойдали. Аммо юрак-қон томир, бош мия, нафас олиш аъзоларида сурункали касаллик ёки нуқсони бўлган болалар, фақат шифокор кўрсатмасидан сўнг машқ қилишни бошлаганлари маъқул. Серҳаракат, қизиққон, қувватини тўғри йўналтирилишига эҳтиёжи бўлган (гипер фаол) болалар учун батутда сакраш спорти айни муддао. Шу ўринда батутда сакраш фақат мураббий бошчилигида амалга оширилиши зарурлигини таъкидлаб ўтишимиз керак.

 

 Роза ЁҚУБОВА, мураббий: 

– Фарзандларини машғулотга олиб келган ота-оналар авваламбор хавфсизлик борасида хавотирга тушадилар. Шуни алоҳида таъкидлашим керакки, ҳозирда барча анжомларимиз замонавий бўлиб, унда анча мураккаб элементларни амалга ошириш, баландга сакраш мумкин. Батутнинг асоси металл рамалардан иборат. Тўрини ўзи 4-5 миллиметр қалинликдаги сунъий матодан тўқилган. Пружиналар чўзилувчан, мустаҳкам қилиб ишланган. Унинг таркибида махсус модда бўлгани учун деярли синмайди.

Батутда сакраш билан 5-6 ёшдан машқ қилса бўлади. Бола баландликдан қўрқмаслиги, гапга кирадиган бўлиши зарур. Одатда улар машғулотларга келганларида бироз эркароқ бўлишади. Шуғулланишни бошлаганларидан кейин тартибга, интизомга ўрганадилар. Бу хислатлар уларга кейинчалик ҳаётда ҳам керак бўлади. Мазкур спорт тури авваламбор болани меҳнаткашликка ўргатади, орасталикка одатлантиради. Батутда сакраш “нисбатан ёш” спорт тури бўлиб, 2000 йили ёзги Олимпия ўйинлари дастурига киритилган.

Яна ўқинг:  Нафсни ислоҳ қилувчи заҳмат

 

Юлдуз ОРТИҚОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: