Ҳасанбой – йилнинг энг яхши боксчиси

XXXI ёзги Олимпия ўйинларининг олтин медаль соҳиби Ҳасанбой Дўсматов Халқаро ҳаваскор боксчилар ассоциацияси (AIBA) томонидан “Йилнинг энг яхши боксчиси” соврини билан тақдирланди.

Бугунги кунда ўзбек бокс мактаби тарбияланувчилари спорт оламининг барча нуфузли мусобақалари – Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатларида юқори натижаларни қўлга киритиб, ҳеч кимдан кам эмасликларини ва кам бўлмасликларини исботламоқда.

2016 йилги спорт мавсуми боксчиларимиз учун ғалабаларга бой бўлди. Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида спортчиларимизнинг тажриба ва маҳоратига дунё тан берди. Улар мазкур нуфузли мусобақада 3 та олтин, 2 та кумуш, 2 та бронза медални қўлга киритди.

Вазни 49 килограммгача бўлган чарм қўлқоп усталари ўртасидаги беллашувларда Ҳасанбой Дўсматов Ўзбекистон спорт делегацияси ҳисобига дастлабки олтин медални келтирган эди. У ўзбек боксчилари орасида биринчи бўлиб, Олимпиаданинг энг яхши боксчиси сифатида Вэл Баркер кубоги билан тақдирланди.

Яқинда Халқаро ҳаваскор боксчилар ассоциацияси томонидан йилнинг энг яхши боксчисини аниқлаш мақсадида ўтказилган сўровномада Ҳасанбой Дўсматов энг кўп овоз тўплаб, кубалик Робейси Рамирес ва қозоғистонлик Дониёр Елеусиновни катта фарқ билан ортда қолдирди.

Швейцариянинг Лозанна шаҳрида Халқаро ҳаваскор боксчилар ассоциацияси Ижроия қўмитаси йиғилиши ва AIBAнинг 70 йиллиги муносабати билан бўлиб ўтган тантанали маросимда боксчимизга 2016 йил якунларига кўра, “Йилнинг энг яхши боксчиси” соврини топширилди.

 

Т. ОРТИҚОВА

Яна ўқинг:  Бепул таълим олиш ҳуқуқи: бу ҳам имконият, ҳам тараққиёт демак

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: