Эл саломатлиги эътиборда
“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси томонидан уч нафар бемор юртдошларимиз Корея Республикасининг госпиталларида даволаниш учун юборилди.
Бизга маълумки, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси аҳоли саломатлиги йўлида кўплаб хайрли ишлар амалга ошириб келмоқда. Жумладан, 2012 йил давомида жамғарма мазкур йўналишда Германиянинг “Фриеденсдорф Интернейшнл” халқаро ташкилоти, Корея Республикасининг Пундан Ча университети госпитали, Сеул Миллий университети, Ин Ха университети госпиталлари билан ҳамкорликда туғма юрак нуқсони, терининг куйиш асоратлари, туғма қўл-оёқ бўғимлари нуқсони мавжуд бўлган ўзбекистонлик бемор болалар бепул соғломлаштирилди.
Жумладан, ўтган йилнинг июль ойида Корея Республикасининг Ин Ха университети госпиталининг 17 нафар малакали шифокорлари томонидан жамғарманинг Тиббий-ижтимоий марказида Тошкент шаҳрининг барча туманларидан келган жами 155 нафар аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, аниқланган ташхис бўйича дори-дармонлар тарқатилди. Шунингдек, бу каби қатор тиббий текширувлар Тошкент вилояти ва туманларида ҳам ўтказилди.
Ин Ха университети госпиталининг малакали шифокорлари ташрифи доирасида жами 938 нафар аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг асосий қисмини болалар ва аёллар ташкил этди. Кўрикдан ўтган ва яна малакали муолажага муҳтож деб топилган уч нафар бемор – Тошкент вилояти “Ариранг” саховат уйидан Ольга Раиса, Навоий шаҳридан Маржона Мухторова, шу вилоятнинг Кармана туманидан Шаҳноза Ходжиевалар даволаниш учун Корея Республикасига жўнаб кетишди.
Маърифат ТОЛИПОВА