Умидбахш ҳаётий қувват мўъжизаси

Қон – бу ҳаётбахш мўъжиза. Томирларимизда оқаётган қон ўрнини ҳеч қандай доривор восита ёки суюқлик боса олмайди. Баъзида одамлар ҳаётида шундай ҳодисалар рўй берадики, унда ўзганинг қонига муҳтожлик сезилади ёки шундай касалликлар борки, бировнинг қонисиз тузалиб, оёққа туриши қийинроқ кечади.

Шундай экан мамлакатимизда беғараз донорликни кенг кўламда аҳоли ўртасида тарғиб этишни ўта муҳим вазифа деб биламиз.

Бу эзгу ишларни амалга оширишда ҳукуматимиз томонидан соҳага катта эътибор қаратилмоқда. Айниқса, бу борада Республика Қон қуйиш маркази ва унинг филиаллари томонидан бу фаолият яхши йўлга қўйилган. Жойларда ходимларимиз соғлом донорлик хусусида тарғибот ишларини олиб бормоқда. Қон беришнинг афзаллиги шундаки, бу жараён одам организмида қон айланиш тизими фаоллигини яхшилайди, яъни қизил қон таначаларининг ҳаракатлари ортади. Ҳужайраларда янгиланиш жараёни жадаллашади.

Қон топшириш тартиби соғлом одамлар учун олтмиш кунда бир марта деб, қон компонентларини бериш эса ўн беш кунда бир марта белгиланган. Бадалсиз қон топшириш эркаклар учун бир йил давомида 5 марта, аёллар учун 4 мартагача мумкин. Қон бериш 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган соғлом фуқароларга рухсат этилади.

Донорларни тиббий текширувдан ўтказиш ва текширилган қон таҳлилларини тақдим этиш бепул амалга оширилади. Қон беришдан олдин гемоглобин миқдори ва қон гуруҳи текширилади. Донор қонининг кейинги текширувлари лаборатория шароитларида амалга оширилади. Бунда олинган қон намуналари қон гуруҳи ва резус фактор, АЛТ, заҳм(сифилис) серологик текширувлар, В гепатити вируси юзаки антигени, С гепатити вирусига ҳамда ОИВ инфекциясига бўлган антителаларга текширилади. Доимий тарзда қон ва унинг компонентларини топширадиган фаол донорларда бир йилда бир марта қон клиник таҳлиллари ва кўкрак қафаси флюрографияси текширилади. Фаол аёл донорлар йилда бир марта гинеколог кўригидан ўтадилар.

 

Кимларга қон топшириш рухсат этилмайди?

Гепатит вируслари, ОИТС ва ОИВ инфекциясини ташувчи, туғма ёки орттирилган захм, экзема (темиратки), псориаз, ёмон сифатли ўсма касалликлари билан оғриган беморлар, спиртли ичимликларни мунтазам ичувчи ва гиёҳванд шахслар қон бериши мумкин эмас.

Қон беришдан бир кун олдин донорлар кечқурун ёғли, қовурилган овқатлар, аччиқ, шўр, сутли маҳсулотлар ва тухум истеъмол қилмасликлари зарур. Алкоголь, аспирин ва қон ивувчанлигига таъсир этувчи дори воситаларини қабул этиш ҳам мумкин эмас.

Яна ўқинг:  Болада иммунитет пасайса...

 

Ғуломиддин ЭГАМҚУЛОВ,

Республика Қон қуйиш маркази бўлим бошлиғи

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: