ҲАРБИЙЛАР УЧУН ТИББИЙ ТЕКШИРУВЛАР
Андижон вилояти шаҳар-туманларида “Ватан улуғ – бурчим муқаддас” шиори остида кўплаб тадбирлар ўтказилди. “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Андижон филиалининг ижтимоий патронаж бригадаси вилоят ўсмирлар поликлиникаси тиббий ходимлари билан бирга Андижон шаҳридаги ҳарбий қисмларда чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этдилар.
– Кўрик мобайнида барча соҳа мутахассислари томонидан ҳарбий хизматчилар, уларнинг оиласи ва фарзандлари саломатлиги текширилди, – дейди филиал директори Т. Бердираҳматов. – Муайян касаллик аниқланган беморларга зарур тавсиялар, даволаниш учун йўлланма ва бепул дори-дармонлар берилди.
Тиббий кўрик вақтида 260 нафар ҳарбийнинг саломатлиги кўздан кечирилди. Улардан 179 нафари аёллардир. Шунингдек, уларнинг фарзандларидан 83 нафари текширилди. Эндокринолог, акушер-гинеколог, терапевт, педиатр, невропатолог, ЛОР(тамоқ, қулоқ, бурун мутахассиси), жарроҳлар ўз мулоҳазаларини билдириб, зарур тавсияларни беришди. Бир пайтнинг ўзида УТТ, ЭКГ ва лаборатория текширувлари ўтказилди.
Бундан ташқари, ҳарбий хизматчилар оилалари билан суҳбатларда турли юқумли хасталиклар, жумладан сил, ОИТС ва ОИВ инфекцияларининг олдини олиш юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди. Ана шундай саломатлик тадбирлари барча ҳарбий, ҳуқуқ-тартибот идораларида ҳам амалга оширилади.
Нажмиддин ЭРГАШЕВ