Cоғлом, аҳил оила – озод ва обод юрт пойдевори
“Соғлом бола йили” Давлат дастурида мустақил ҳаёт қуриш остонасидаги ёшларнинг никоҳдан олдинги тиббий кўрикдан тўлиқ ўтишини таъминлаш, бу борадаги тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш, тўй-маросимларда исрофгарчиликларга йўл қўймаслик, оилада ўзаро ҳурмат ва меҳр-муҳаббат муҳитини, юксак маънавий-ахлоқий қадриятларни шакллантиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш муҳим вазифа сифатида белгиланган.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан ташкил этилган “Энг намунали оила” республика кўрик-танловида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичида ғолибликни қўлга киритган оилалар иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова сўзга чиқиб, Президентимиз раҳнамолигида оиланинг ҳуқуқий манфаатларини таъминлаш, уларни ижтимоий ҳимоялаш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш масаласига доимий эътибор қаратилаётганини таъкидлаб ўтди.
Танлов якунига кўра, Нукус шаҳридаги 7-“Шоирлар овули” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Буркит Пиязов оиласи, Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги “Ҳофқориён” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Мақсуд Норов оиласи, Фарғона вилояти Бешариқ туманидаги “Тошариқ” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Муроджон Юсупов оиласи ғолиб деб топилди. Шунингдек, ўндан ортиқ йўналиш бўйича совриндорлар аниқланиб, уларга диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
М.ХЎЖАМУРОДОВА,
“Sog‘lom avlod” мухбири