Германияда даволанади
Президентимиз томонидан 2014 йилни “Соғлом бола йили” деб эълон қилиниши муносабати билан “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига ёрдам бериш, ногирон болаларни соғломлаштириш борасида қатор лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирган.
Шу мақсадда, жамғарма томонидан ишлаб чиқилган бемор болаларни чет эл нуфузли клиникаларида даволаш махсус дастури доирасида бу йил ҳам 13 нафар бола биркитилган масъул ходимлар билан бирга Германияга жўнаб кетди.
2002 йилда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти ўртасида уч томонлама ҳамкорлик битими имзоланган эди. Ҳамкорликдан кўзланган мақсад 12 ёшгача бўлган бемор ва ногирон болаларни даволаш ва реабилитация қилиш билан шуғулланишдир. Шу мақсадда 2002-2014 йиллар давомида 231 нафар ўзбекистонлик бемор бола терининг куйиш асоратлари, туғма қўл-оёқ бўғимлари нуқсони ва бошқа ташхислар билан Германиянинг нуфузли клиникаларида даволанишди.
Ушбу халқаро ташкилотнинг грант маблағи ҳисобига 2013 йил давомида республика бўйича жами 237 нафар туғма лаб танглай нуқсони бўлган ногирон болаларда жарроҳлик операциялари ўтказилди.
Шунингдек, “Чиройли оёқчалар” лойиҳаси доирасида туғма оёқ нуқсони (маймоқлик) ва “Қийшиқ бўйин” ташхиси билан 15 ёшгача бўлган болаларни операция қилиш мақсадида 2013 йил давомида 227 нафар бемор бола операция қилинди.
М.ТОЛИПОВА,
“Соғлом авлод” мухбири