«Кесарча» йўли билан фарзанд кўрган аёлга табиий туғуруқ ман этиладими?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, бугун дунёда кесарча кесиш амалиёти орқали туғилаётган чақалоқлар улуши 20 фоизни ташкил қилмоқда. Агар жараён шу тахлит давом этса, 2030 йилга бориб, бу кўрсаткич 30 фоизга етиши мумкин.

Қолаверса, ўрганишлар шуни кўрсат­яптики, дунёнинг ривожланган ва тараққий этаётган аксарият мамлакатларида ҳомиладор аёллар тез, хавфсиз, муҳими, оғриқсиз усул сифатида кесарча кесишни маъқул кўрмоқда.
Хўш, бу қанчалик тўғри? Аслида мазкур амалиёт қандай ҳолатларда тавсия этилади? «Кесарча» йўли билан фарзанд кўрган аёлга табиий туғуруқ ман этиладими? Қуйида шу каби саволларга жавоб излаймиз.

Туғуруқ – ҳомиладорликнинг якуний босқичи бўлиб, бу табиий ҳолатга аёл организми мослашган бўлади. Агар она ва туғиладиган гўдак соғлом ҳамда туғуруқ амалиёти нормал ўтса, бунга тиббий аралашувнинг зарурати йўқ. Бироқ тажрибамдан келиб чиқиб шуни айтаманки, ҳар доим ҳам мазкур жараён бир текис кечавермайди. Бу эса она ва гўдак саломатлигига жиддий хавф туғдириши мумкин.


Бундай вазиятларда туғуруқ оператив йўл билан, яъни кесарча кесиш амалиётини қўллаган ҳолда бажарилади. Ушбу жарроҳлик усули қорин бўшлиғида қилинадиган операция ҳисобланади. Унда бола онанинг қорин деворидаги кесилган жой орқали чиқариб олиш йўли билан туғилади. Унинг 2 та – режали ва шошилинч турлари бўлиб, ҳомиладорликнинг 38-39 ҳафталигида амалга оширилади.
Режали кесарча кесиш ҳомиладорликни режалаштириш ёки «оғироёқлик» даврида белгиланади. Шошилинч усул эса туғуруқ пайти ёки ҳомила ҳаётига хавф туғилганда бажарилади.
Сўнгги йилларда тиббий кўрсатма бўлмаса-да, дунёнинг аксарият мамлакатларида ҳомиладор аёллар орасида ушбу усул росмана «эпидемия»га айланди. Албатта замонавий жарроҳлик ёндашувлари, самарали оғриқ қолдирувчи воситалар ва антибиотиклар сабабли ушбу операция­ни она ва чақалоқ учун минимал хавф билан амалга ошириш имконини бермоқда.
Сиз ҳайрон бўлишингиз мумкин: агар аёлларнинг ўзи бу усулни маъқул кўраётган ва у минимал даражада хавфсиз бўлса, нима учун уни танламаслик керак? Энг биринчи галда кесарча кесиш – жарроҳлик аралашуви эканини унутмаслик зарур. Шу сабабли уни фақат тиббий кўрсатма бўлгандагина амалга ошириш тавсия этилади.

Хусусан, мазкур амалиёт тос суягининг торлиги, ҳомиланинг туғуруқ йўлларидан ўтишига тўсқинлик қилувчи омиллар, яъни йўлдошнинг нотўғри жойлашуви, бачадон миомаси, чаноқ бош диспропорцияси, бачадон ёрилиши эҳтимоли кузатилганда кесарча кесишга кўрсатма берилади.

Шунингдек, гипоксия (кислород етишмаслиги) ёки ҳомиланинг юрак дисфункцияси, унинг кўндаланг ёки тескари жойлашуви, гипертензив ҳолатлар, туғуруқ фаолиятининг заифлиги ҳам операция учун сабаб бўлиши мумкин.
Кесарча кесиш – жарроҳлик аралашуви бўлиб, ҳар қандай ҳолатда ҳам табиий туғуруқдан фарқ қилади. Бундай операциядан кейин аёлнинг бачадонида чандиқ ҳосил бўлиши ва бу кейинги туғуруқларнинг табиий кечишига салбий таъсир этиши мумкин.
Шунингдек, ушбу амалиётдан сўнг онанинг реабилитация даври ҳам анча узоқ давом этади. Хусусан, аёлнинг бачадони қисқариши учун табиий туғуруққа нисбатан кўпроқ вақт талаб этилади.
Қорин олд деворида косметик чандиқ қолиши, чок излари, яллиғланиш, инфекция тушиш хавфи, стандарт жарроҳлик асорати бўлган қон кетиш, эмизиш билан боғлиқ муаммолар ҳам ушбу амалиётнинг салбий жиҳатларидир.
Умуман олганда табиий туғуруқ физиологик жараён эканлигини ҳар бир бўлғуси она тушуниши, муҳими, кесарча кесиш болани одатий йўл билан туға олмайдиган аёллар учун мўлжалланганини англаши зарур. Яъни, ушбу оператив усул фақат онанинг хоҳиши билангина амалга оширилмайди ва табиий туғуруқдан қўрқув кесарча кесишга асос эмас. Бунинг учун аниқ тиббий кўрсатмалар бўлиши лозим.
Кесарча кесиш амалиёти орқали фарзандли бўлган аксарият аёллар ке­йинчалик табиий туғуруқнинг имкони йўқ, деб ўйлайди. Бу нотўғри. Боиси, дунё тиббиётида тўпланган таж­рибага кўра, оператив усул орқали фарзанд кўрган аёлларнинг аксариятида кейинчалик табиий туғуруқ меъёрий кечиши тасдиқланган.
Агар аёлда биринчи кесарча кесиш операцияси ўтказилган бўлса, она ва ҳомила саломатлиги учун ҳеч қандай қарши кўрсатмалар бўлмаса, табиий йўл билан туғиш мумкин. Аммо бачадонда 1 та чандиқ бўлган аёл табиий йўл орқали туғаётганда, ҳомила ва онанинг ҳолати мониторинг қилиниши ва шошилинч акушерлик ёрдамга тайёр бўлиш лозим.

Яна шуни таъкидлаш керакки, жарроҳлик йўли орқали фарзанд кўргандан кейинги ҳомиладорлик икки йилдан сўнг бўлиши мақсадга мувофиқ. Чунки, айни шу муддат она саломатлигининг тикланиши ва гўдакнинг соғлом дунёга келиши учун жуда муҳим.

Нилуфар ЎРИНБОЕВА,
Республика перинатал
маркази директори

Яна ўқинг:  Соғлом фикрлаш соғлом ҳаёт асосидир

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: