Соч нега тўкилади?

Соч тўкилиши хилма-хил сабабларга боғлиқ. Барвақт соч тўкилиши ички секреция безлари, жигар, меъда-ичак йўли аъзолари фаолиятининг бузилиши, витаминлар етишмаслиги ёки соч фоликулалари (халтачалари)нинг туғма камчилиги ва ҳоказоларга боғлиқ. Соч тўкилиши кўпинча Себорея натижасида ҳам соч вақтдан илгари тўкилиши мумкин.

Узоқ муддат гавда температураси юқори турадиган баъзи инфецион касалликлар (скарлатина, тифлар, грипп ва бошқалар)да, оғир операциялардан сўнг баъзида соч тўкилади, лекин бунда соғлиқ аслига қайтгач, соч тўкилиши тўхтайди. Вақтинча ёки доимий соч тўкилиши бошнинг сочли қисми терисига замбуруғ юққанлиги натижаси бўлиши ҳам бўлиши мумкин, бу ҳолда соч ҳар жой – ҳар жойдан тўкилиб кетади.
Асабий кечинмалар, ўта чарчаш ва бошқалар оқибатида кўпинча соч уя-уя ёки думалоқ-думалоқ бўлиб тўкилади. Бундай (яъни думалоқ-думалоқ бўлиб) соч тўкилиши даволанса кўпинча тўхтайди. Сочи тўкилаётган киши дерматолог ёки косметологга нечоғли эрта борса, даво шунчалик наф бериши мумкин.
Соч тўкилишини тўхтатишда уни тўғри парвариш қилиш катта аҳамиятга эга.
Қуйида тери касалликлари шифокори Икромхон Обидовнинг соч нега тўкилиши хусусида фикрлари билан танишишингиз мумкин.


Соч касалликлари ёғ безлари функциясининг бузилиши натижасида келиб чиқади. Дастлаб бош терисида майда кепакка ўхшаган тангача – қазғоқ пайдо бўлади, бу кўпинча себорея касаллигида кузатилади. Соч тўкилиб, ўрнидан янги соч чиқиб туришининг бузилиши сабаблари ҳар хил. Баъзан соч бутунлай тўкилиб, киши кал бўлиб қолиши ёки аксинча соч зўр бериб ўсиши мумкин. Бош кийимининг оғир ёки тор бўлиши, узоқ вақт парик кийиб юриш, шунингдек, офтобда бошяланг юриш ҳам соч тўкилишига сабаб бўлади. Қиш кунларида бошяланг юриш ярамайди, акс ҳолда юза томирлари қисилиб соч озиқланиши ўзгаради.
Қариликда соч тўкилиши улғайиш билан терида юз берадиган ўзгаришларига боғлиқ. Вақтидан илгари соч тўкилиши турли ёшда кузатилади. Кўпинча бирор бетоблик аломати бўлиши мумкин.


Болаларда соч тўкилиши оғир юқумли касалликлар, шунингдек, организмда витаминлар етишмаслиги, жигар, меъда-ичак, нерв тизими, қалқонсимон безлар касалланиши оқибатида рўй беради. Соч тўкилиши айрим юқумли касалликлар, масалан, заҳмда кўпроқ кузатилади. Бемор тузалганидан сўнг тўкилган сочлар ўрнига янги сочлар ўсиб чиқади. Баъзан ўқувчиларда, имтиҳон даврида ҳам соч тўкилишини кузатиш мумкин. Бу ўта толиқиш, уйқусизлик даврида юзага келади. Аёлларда эса сочни ҳар хил турмаклаш, препарат, яъни узоқ сақланадиган жингалак қилиш соч тўкилиши сабаб бўлади.

Вақтидан олдин соч тўкилиши ўрта ёшдаги эркакларда кўпроқ учрайди. Бунда икки чакка ва тепадаги соч тўкилади. Бир неча йилдан сўнг умуман соч қолмайди, ёки «тепакал»га айланади. Одатда «тепакал»лик насл суради. Уя-уя бўлиб соч тўкилишига эса асаб фаолиятининг бузилиши, шунинг­дек, организмнинг заҳарланиши сабаб бўлади. Бу ҳолат гўё тўсатдан рўй берганга ўхшайди. Дастлаб бир-икки жойдан тўкилиб, улар кенгайиб боради ва бир-бирига қўшилиб, сочларнинг умуман тўкилиб кетишига сабаб бўлади. Соч тўкилган ердаги тери силлик, ялтироқ, яллиғланмаган бўлади. Сочнинг бу хилда тўкилиши одатда хроник, унга даво қилиш анча мушкул кечади, ҳатто даволангандан кейин ҳам соч тўкилиши мумкин. Айрим дориларни сурункали ичиб юриш ёки сочни нотўғри парваришлаш оқибатида ҳам соч тўкилиши мумкин.

Сочда касаллик пайдо бўлганда, албатта, шифокорга мурожаат қилиш зарур. Соч тўкилишига сабаб бўлган омиллар бартараф этилганидан кейин тўкилган соч ўрнига янгиси чиқа бош­лайди. Бу касалликнинг олдини олиш учун сочни тўғри парваришлаш, организмни чиниқтириш, витаминларга бой овқатлар тановвул қилиш, спорт билан шуғулланиш, пиёда сайр қилиш ва етарлича дам олиш лозим. Спиртли ичимлик ва чекишга ружу қўймаслик тавсия этилади.

Яна ўқинг:  Юқори технологияли протез қўл

Компютер олдида кўп ўтиришингиз ҳам сочни сийраклашиб, нурининг йўқолишига ва кўп тўкилишига сабаб бўлади. Ҳаттоки, қош ва киприк­лар тўкилиши хавфи ҳам бор.


Маълумотларга қараганда соч ҳар 4 йилда тўкилиб ўрнига яна янги сочлар ўсиб чиқар экан. Аммо шу 4 йил ичида сочнинг тўкилиши ҳам бирор бир касалликнинг бошланиши асоратини билдириши мумкин.

Соч тўкилмаслиги учун маслаҳат!

  1. Уй шароитида бир ош қошиқ асалга битта тухум сариғини қўшиб аралаштирасиз ва сочингизга суриб (мас­ка) қўясиз. ва 2-3 соатдан кейин ювиб ташлайсиз.
  2. 1 коса спиртга 10 та қалампирни ичига солиб бўктириб қўясиз. Эритмани бошингизга суриб қўйиб буни ҳам 3-4 соатдан кейин ювиб ташлайсиз.
  3. Сочингиз мустаҳкам бўлиши учун саримсоқ пиёзни қирғичдан ўтказиб сувини ажратиб оласиз ва бошингизга суртасиз ёки қатиқ суриб қўйсангиз ҳам бўлади.
  4. Сочингиз ўсиши учун касторний масла, бодом ёғини бошингизга суриб қўясиз ва 3-4 соатдан сўнг ювиб ташлайсиз.
    Берган маслаҳатларимга риоя қилсангиз сочингиз мустаҳкам ва чиройли бўлади.

Соч илдизларини мустаҳкамлашда чиндан ҳам саримсоқдан фойдаланади, уни эзиб сувли эзмани соч илдизларига суриб селофан қалпоқ кийиб бир соат ушланади ва ҳидли, сочга ёғли қуруқлигига қараб мос келадиган озиқлантирувчи шампун билан ювиб ташланади, саримсоқнинг ҳиди атроф­дагиларни ортиқча безовта қиладиган даражада қолмайди.
Яна лимонни кўп истеъмол қилишлик ҳам соч тўкилишининг олдини олади.


Соч тўкилишига асосий сабаблардан бири стресс! Нимага ёш болани сочи ҳеч тўкилмайди, чунки унинг дарди йўқ, ҳеч нарсани жиддийга олмайди.
Кейин вақтида, соғлом овқатланишга ҳам диққат қилиш керак. Оч қолиш, оч қолгандан кейин бирдан овқат ейиш қандай ошқозонни оғритиб безовта қилса, бундан бутун вужуд таъсирланаркан, соч ҳам шу сабаб тўкилиши мумкин.
Эътибор берганмисиз, сокин, хотиржам, қачон қараманг ишини ўз пайтида қилган, вақтига диққат этган кишиларнинг ҳам жисмоний, ҳам руҳий соғлиги жойида бўлади…
Инсон бир нарсадан сиқилганда, «вой кеч қолдим», деб шошганда бутун тана таъсирланаркан….Бундан хулоса чиқарсак бўлади…


Соч тўкилиши витамин танқислигидан, калций етишмаслигидан, гемаглабин тушиб кетганидан, ички организмларнинг касалланганидан, иссиқдан совуққа чалинганда(яъни иссиқ ҳаводан ёки сувдан тезлик билан ва кўп марталаб совуқ ҳавога ёки сувга алмашилганда ёки аксинча) ва ҳар хил шампунлар ишлатилганда юзага келади.
Соч тўкилган жойларга махсус суюқлик суртиш тавсия қилинади. 40 фоизли спиртга битта аччиқ гармдори ва саромсоқпиёзни битта тишини майдалаб аралаштирилади ва 3 кун қоронғуда сақланади. Соч тўкилган жойга сурганда 2 соат сурп ёки чит мато билан ўралади. Кейин тозалаб ювилади. Бу усул бир ҳафтада бир марта қўлланилади. Агар соч кам тўкилса, бу усулни бир ойда бир марта қўлласа бўлади (ҳиди келиши табиий, ҳидини кетказишга ҳаракат қилиш мумкин, лекин ҳиди кетиши анчалик қийин).

Сочи заиф кишиларга соч тўкилишининг олдини олиш ва илдизларини бақувват қилиш учун кунжут ва бодом ёғини тенг ўлчовда олиб аралаштириб соч илдизларига суртиб массаж қилиш тавсия қилинади.

Дилрабо МУРОТАЛИЕВА ёзиб олди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: